3:13

Замонавий қўғирчоқлар

MP3

Ассалому алайкум жонкуяр опа-сингиллар. Бугун замон ва ёшлар сиз билан биз ёшлигимиздагидан анча ўзгариб, илгарилаб кетган. Кўпчилик бунинг нега шундайлигини билади, кўпчилик эса сабабини билолмай ҳайрон. Бунга сабаблар жуда кўп. Масалан Ғарб мамлакатлари киноларининг шарқ мамлакатларига кириб келиши, ғарб ва ервропа мамлакатларининг кийимларини ва маданиятини ўзлаштириш каби нарсаларни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Бироқ яна бир нарса бор. Бу қизалоқларимизга болалигидан таъсир кўрсатади. Ëдингиздами биз болалигимизда кичкинагина болаларга ҳос кийинган «инга»лайдиган қўғирчоқлар бўларди. Уларни маза қилиб ўйнардик. Аммо ҳозир қўғирчоқларнинг тури ва шакли жуда ҳам замонавийлашиб кетган.

Бугунги кунда қизалоғингизга қўғирчоқ сотиб олиб беришни истасангиз, ўйинчоқлар дўконида катталарнинг кийимини кийган сочларини катталардек турмаклаган, замонавий «Барби» қўғирчоғини кўрасиз. Бу энг олди ва қиммат қўғирчоқ бўлгани учун ҳам қизалоқлар оддий чақалоқсифат қўғирчоқлардан кўра, ана ўша қиммат ва замонавийини танлашмоқда. Ëки бўлмаса, баъзи оналар уларнинг салбий таъсирини ўйламай қизалоқларига «Барби» совға қилишмоқда. Ўзингиз ўйлаб кўринг 3-4 ёшли қизалоқ дуркун қоматга эга, либослари ҳам аллақандай: киндиги очиқ, тиззадан анча юқоридаги мини юбка ва ҳар хил кўринишдаги оёқ кийимлардаги қўғирчоқни ўйнаса.

Бу бола руҳиятига қандай таъсир қилади? Бора-бора унинг фикрлаши ҳам ўзгариб кетмайдими? Ўзини шу қизлардек тутиб, тинмай ойнага қараб, эрталаб боғчага боришида онаси танлаб берган кийимни эмас, балки ўзига ёққан либосни кияман, деб хархаша қилмайдими? Бундан бир неча йиллар аввал қўғирчоқлар ҳам мултфилмлар ҳам болалар кўринишида ва шунга яраша одоб-аҳлоқ ҳақида бўлар эди. Ҳозирги кундаги мултфилмларни ота-она фарзанди билан бирга кўришга уялади. Ҳар бир мултфилмда севги-муҳаббат, севишганларнинг бир-бирига интилиши, қучоқлашиши ва ниҳояси эса ўпишиш билан тугайди. Ана одоб-у, ана тарбия. Фарзандларга филмлар ва қўғричоқлар орқали келадиган ёмон таъсирларнинг олдини олиш мумкин.

Бунинг учун филмлар кўришда чекловлар қўйинг. Кейин эса қўғирчоқларнинг тарбияга ёмон таъсир кўрсатмайдиганидан танланг. Баъзи руҳшунослар «Барби» қўғирчоқлари фарзандлар фикрлашига яхши таъсир қилади, десалар, жуда кўплаб руҳшуносларнинг фикрича, шундай ўйинчоқлари бор болалар, Барби қўғирчоқларидаги гўзаллик ва бойликка интилишга ҳаракат қиладилар. Ундан ташқари қўғирчоқдақа жиҳозларга эга бўлишини исташади.Ўзларини қўғричоқлари билан солиштириб хунук эканлигидан қийналишади. Энг муҳими қизалоқларда она бўлиш истаги йўқолади. Улар доимо ўша қўғирчоғидан ёш, сарвиқомат бўлиб қолишни хоҳлашади. Азиз оналар, қиз бола тарбияси жуда нозик бўлади. Қизингиз билан бирга ўйнанг, қизингиз билан бирга иш қилинг. Қизингизга нима яхшилигини мулойимлик ва муҳаббат билан тушунтиринг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top