Narrator 1 Ассалому алайкум. Ибодат имонимизнинг асосий қисми ҳисобланади. Худо имонлининг қилган ибодатларига албатта жавоб беради. Фақат биз бу жавобнинг қандай бўлишини аниқ кўра олишимиз керак. Худованд ибодатларимизга жавоб беришини Муқаддас Каломдаги мисоллардан кўришимиз мумкин. “Сенсан ибодатларга жавоб бергувчи, Жамики одамзод Сенга келади.” Иброҳим пайғамбарнинг Илъазар исмли хизматкори ёдингиздами? У Иброҳим буюрган топшириққа биноан йўлга тушди. Йўл-йўлакай эса Худонинг бошқарувини сўради. Унинг Худонинг фарзанди бўлгани ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган, аммо у ҳам Иброҳимнинг Худоси тирик ва эшитувчи эканига ишонган. Калом бу ҳақида шундай ёзади: “Қулбоши ибодат қилди: — Эй, Эгам, хўжайиним Иброҳимнинг Худоси! Бугун менга омад бер, хўжайиним Иброҳимга иноят кўрсатгин….” У ибодатини тугатиши билан Худованд унинг ибодатига жавоб берди.
Narrator 2 Ўша қиз келди. Унинг ибодати бажо бўлгач, Илъазар Худога сажда қилди. Калом шундай дейди: “Сўнгра Эгамга тиз чўкиб, сажда қилдим. Хўжайиним Иброҳимнинг Худоси — Эгамга ҳамду санолар айтдим. Эгам мени тўппа–тўғри хўжайинимнинг қариндошлари олдига олиб келди. Мен унинг ўғлига қариндошлари оиласидан келин топдим. …Иброҳимнинг қулбошиси уларнинг гапларини эшитгач, мук тушиб, Эгамизга сажда қилди.” Худованд у ибодат қилгандан ҳам ортиқроқ ва мукаммалроқ қилиб жавоб берганидан Илъазар беҳад миннатдор эди. Шунинг учун ҳам у мук тушиб Худовандга ҳамду-сано айтди ва Унинг ғамхўрлигига иқрор бўлди. Ибодат қилиш ҳақида Эски Ахдда жуда кўп мисоллар бор. Аммо Масиҳ замондошлари орасида ҳам бундай кучли имонли ва тинмай ибодат қиладиганлар кўп бўлган. Улардан бири Эпафрас.
Narrator 1 Бу одамнинг келиб чиқиши ҳақида билсангиз, унинг нақадар кучли ибодатга берилганидан ҳайратга тушасиз. Биласизки, ибодатларимизга баъзида дарров жавоб олмаймиз. Баъзан уларни кўп кутишимизга, баъзан эса “Йўқ”, деган жавобни олишга ҳам тайёр туришимиз керак. Калом ибодат қилиш ҳақида шундай амр этади: “Шунинг учун қилган гуноҳларингизни бир–бирингиз олдида тан олинглар, бир–бирингиз учун ибодат қилинглар, шифо топасизлар. Солиҳ одамнинг илтижоси кучли таъсирга эгадир! Илёс ҳам бизга ўхшаган оддий бир инсон эди. Ёмғир ёғмасин, деб у астойдил илтижо қилди ва ер юзига уч йилу олти ой ёмғир ёғмади.Сўнг у ёмғир ёғсин, деб ибодат қилди, осмондан ёмғир ёғиб, ер ҳосил берди.” «Масиҳнинг содиқ хизматкори бўлган» Эпафрас, ўз имондошлари учун жон куйдириб ибодат қилган. Ҳаворий Павлус Римда ёзган мактубида у ҳақда ёзган.
Narrator 2 “Исо Масиҳнинг қули, ҳамшаҳарингиз Эпафрас сизларга салом йўллаяпти. Худонинг иродасини тўлиқ бажарадиган, имони комил инсонлар бўлинглар, деб Эпафрас зўр ғайрат билан, тинмай сизлар учун ибодат қилмоқда. У сизлар учун ҳамда Лаодикия ва Иераполь шаҳарларидаги имонлилар учун не-не заҳматлар чекканига ўзим шоҳидман.” Колоса, Лаодикия ва Иераполь шаҳарлари бир-бирига яқин жойлашган. Иерапольдаги масиҳчилар сохта худоларга топинувчилар орасида яшашарди; Лаодикияда пулпарастлик авжига чиққан эди; колосалик масиҳчиларга эса, фалсафа ва қуруқ сафсаталар осонликча таъсир қилиши мумкин эди . Мана нега ўзи асли Колосалик бўлган Эпафрас, улар учун «зўр ғайрат билан ибодат қилган». Инжилда, Худо Эпафраснинг ибодатига қандай жавоб бергани айтилмаган, аммо у имондошлари учун ибодат қилишни тўхтатмасди. Биз учун нақадар яхши ўрнак!