Ассалому алайкум азиз биродарлар, мана яна сиз азизлар билан соғ-омон мавзуларимиз орқали бўлса-да учрашиб турибмиз. Шу имконият учун Отамиздан миннатдорман. Азиз биродарлар, мавзумиз кечирим ҳақида экан, бир нарсани сиз азизларга айтиб ўтишни ўзимга жо, деб биламан.
Тавба қилиш ҳис-туйғуларни тинчлантиради. Айбдорлик ва уят ҳисси худди ранж-алам ва нафрат ҳисси каби ичингни куйдиради. Баъзи кишилар айбларини беркитадилар ва ўзларини айбсиз қилиб кўрсатадилар.
Бошқалар эса, аксинча, айбини бўрттириб юборишади ва минг пушаймон еб, ўз ёғларига ўзлари қовурилашади. Тавба қилиш — хафа бўлган кишининг туйғуларини тушуниш демакдир. Юз берган бир вазиятни турли одамлар турлича қабул қиладилар.
Тавба қилиш бошқа одамга нисбатан ҳурмат ва муҳаббатни талаб қилади. “Нима, у ҳазилни тушунмайдими?”, “Нега у арзимаган нарса учун шунчалик асабийлашади?” — ўз айбини шу тарзда аҳамиятсиз ёки ҳазил нарсадек кўрсатишга уриниш жабрланувчини камситади.
Балки очиқчасига: “Азизам, мен чиндан ҳам сендан кечирим сўрашим керакка ўхшайди. Сен фалончи билан тушлик қилганингдан кейин, сендан шубҳа қилгандим. Шубҳаларим ўринсиз бўлганлигига ҳозир аминман. Рашк қилганим учун мени кечир, илтимос”,- деб тан олган маъқулдир?
Баъзан киши кечирим сўраш шаклида ўз ғазаб ва танқидини маҳорат билан айтиб олиши мумкин. Бироқ бу усулнинг ўзига яраша ҳавфли томонлари бор.Тавба қилаётган пайтда, қай даражада очиқ бўлиш вазиятга боғлиқ, деган қоидага амал қилиш керак.
Оғир ва тунд кечинмаларни ташқарига чиқармаслигингиз керак. Мисол учун, ўғриликка ўхшаш баъзи бир қилмишлар кўп ҳолларда айбсиз кишиларни шубҳа остига қўяди ва бундай пайтда адолатни юзага чиқариш учун очиқчасига гапириш зарур. Зинокорлик жуда мураккаб ҳолат.
Бу фақат икки кишига таалуқли бўлган ўта шахсий масаладир. Айбингизни тан олишдан аввал, сиз тарозининг бир палласига айбдорлик ҳиссидан халос бўлишдаги енгилликни, иккинчи палласига эса, яқинларингизга етказишингиз мумкин бўлган азоб-уқубатни қўйиб кўринг.
Киши муваффақиятсизлиги ва қилган хатоларини истаган пайтида Худонинг олдида тан олиши мумкин.Энг яхшиси, тавба қилишни ибодатдан бошлаган маъқул. Биз нозик иззат-нафсимизни бир четга йиғиштириб қўйиб, раҳмон ва меҳрибон, жуда узоқ сабрли ва иноятли, айбларимизга қараб бизга муомала қилмайдиган, гуноҳларимизга яраша бизга жавоб бермайдиган Худонинг қаршисига келишимиз керак.
Худо билан ярашиб олгач, Унинг ёрдамига таянинг. Яратганнинг Ўзи сизга бошқалар билан ярашиб олишингиз учун энг оқил йўлни кўрсатади. Хайр саломат бўлинг.