Ассалому алайкум азизлар. Кичик бизнес деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Уолт Беттингер – дунёнинг йирик Charles Schwab корпорацияси президенти. Сайёрамизнинг муваффақиятли ишбилармонларидан бири, савдо-иқтисод ва бизнес соҳасида таниқли лидер ва ўзига хос бошқарув маҳоратига эга раҳбар. Schwab корпорацияси савдо инвестиция йўналишида хизмат кўрсатишга ихтисослашган дунёнинг энг нуфузли ва энг кўп мижозга эга компаниясидир.
Компаниянинг жаҳон миқёсида 325 та офислари бўлиб, уларда 15 мингга яқин ходим фаолият кўрсатади. Қуйида сизга Уолт Беттингер бошқарув маҳоратига оид маълумотларни ҳавола қиламиз. Лидерликка оид фикрлар. Ҳаётда мен учун энг қийини очиқ инсонга айланиш бўлган. Инсонлар доим ҳам бир-бирларини эшитишга ҳафсала қилмасликларини билганим учун бўлса керак, мен аслида ўта шахсий – ўз масаламни бировга айтмайдиган одам бўлганман. Одамлар ўзлари ҳақида гапиришни яхши кўрадилар. Уларни тинглай билиш керак. Менинг севимли ишим ҳам уларни тинглаш, ўрганиш бўлган. Ана шундагина ҳақиқий лидерга айланиш мумкин. Менга шу нарса аён бўлдики, менежмент соҳаси мутхассисидан лидерга айланишим учун одамларга яқинроқ бўлишим, улар билан ҳаётимдаги энг катта муваффақиятсизликларим ҳақида ўртоқлашишим керак экан.
Йўлбошчилик сенга бошқаларнинг эргашишларини таъминлайдиган доно қарорлар қабул қилишни, уларни қабул қилишда мия эмас, қалбга суянишни англатади.
Йўлбошчилик очиқ-ошкораликни, муносиб бўлишни, ноҳақликнинг олдини оладиган феъл-атворли бўлишни талаб қилади. Иш учун мутахассислар танлаш маҳорати. Мен иш учун суҳбатларда кўпроқ номзодларнинг характерига эътибор қаратаман. Улардан ҳаётдаги энг катта ютуқларини сўрайман. Мен шу орқали уларнинг дуёнқараши ўз ғоялари асосида қурилганми ёки унинг мияси бошқаларнинг ғояларидан иборатми, йўқми шуни билиб оламан. Ундан сўнг номзоднинг ҳаётдаги энг катта муваффақиятсизлигини сўрайман. Мени қизиқтирадигани – у бошқаларнинг омадсизлигини ҳам ўз бўйнига оладиганлар хилиданми ёки йўқми. Ходимни ишга олишнинг “Беттингерча” усули.
Кўпинча номзодлар билан нонушта маҳалида суҳбатлашишни яхши кўраман. Ресторанга номзоддан бир оз аввалроқ бораман ва хизматчига шеригимга у буюртма қилган овқатни эмас, бошқа нарса олиб келишини, бунинг учун яхшигина чой-чақа беришимни айтаман. Бу орқали номзоднинг ушбу англашилмовчилик бўлган вазиятга ва официантнинг хатосига муносабатини ўрганаман. Кимдир жаҳл қилади, кимдир тушунади. Одамнинг кимлигини шу орқали ҳам билса бўлади. Бизнесда ҳам худди шундай қоида бор. Бу орқали уларнинг бошига эмас, кўнгил оламига кираман ва аслида ким эканликларини англайман. Биз ҳаммамиз хато қилгувчиларимиз ва аслида хато уларни тўғриламаслик эканини англашимиз керак. Шундай экан, бошқаларни кечириш орқали уларга ҳам бунга имкон бериш керак.
Азизлар, бордию сизда ҳам кичик бизнесга оид маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Кичик бизнесингизни Худойим баракаласин. Хайир, омон бўлинг.