3:36

Бизнес режа тузаётганда буларга эътибор беринг

MP3

Ҳар бир ишни бошлашдан олдин, у хоҳ бизнес бўлсин, хоҳ бошқа бир юмуш, уни пухта режалаштириш кераклигини ҳаммамиз биламиз. Бизнес бошлашдан олдин режа тузиш сизни келажакда келиб чиқиши мумкин бўлган кўплаб бошоғриқларни олдиндан кўра билиш ва ўйлаган ишингизда янада муваффақиятли бўлишингизда сизга ёрдам беради. Шундай экан, бугун бизнес режа ёзаётганда эътибор беришингиз керак бўлган асосий жиҳатлар ҳақида гапириб ўтмоқчимиз.

Бизнес режа нима мақсадда ёзилаётганига қараб турли шаклда бўлиши мумкин. Бизнес режалар одатда қуйидаги мақсадларда ёзилади: Бошланғич сармояни тахминан ҳисоблаб чиқиш. Бизнес лойиҳанинг умуман олганда фойдали ёки зарарли эканлигини билиш. Маҳсулот ёки хизматингизни, мижозларингизни ва рақибларингизни аниқлаштириш. Бизнес моделингиз, мақсадларингиз, ва бу мақсадга эришиш учун керакли стратегияларни белгилаш. Нима ҳақида ёзишингизни ўйлаб режа тузиб олинг. Режангизнинг асосий бўлимлари рўйхатини тузиб олинг, ёки диаграммалар ёрдамида муҳим фикрларингизни қисқа қилиб қоғозга туширинг. Асосийси булар ўзингиз учун тушунарли бўлса бизнес режангизни ёзиш жараёни ўзингизга осонлашади. Ўзингиз ҳақингизда маълумот беринг. Ким сиз, ўйлаган бизнесингизни амалга ошириш учун сизда қандай имкониятлар бор, таълим ва малакангиз ҳақида билдиринг. Маҳсулот ёки хизматингиз нима эканлигини таърифлаб, тушунтириб беринг. Мижозларингизга сизнинг маҳсулот ёки хизматингиздан нима фойда борлиги, маҳсулот ёки хизматингизнинг ўзига ҳос жиҳатлари, ишлаб чиқариш жараёни ва ҳоказолар.

Нимага айнан шу турдаги мижозлар бозорини танлаганингизни тушунтиринг. Келтирган сабабларингизни ўз шахсий тажрибангиз ёки қилинган изланишлар ва тадқиқот натижалари билан дастакланг. Маҳсулотингизнинг ўзига хос ва бошқалардан ажралиб турувчи жиҳатлари. Нимага мижозларингиз бошқа рақобатчиларингизнинг эмас сизнинг маҳсулот ёки хизматингизни сотиб олиши кераклиги ҳақида ёзинг. Сизнинг нарҳларингиз бошқалардан арзонроқми, ё сифат жиҳатдан ажралиб турасизми? Балки сизнинг жойингиз мижозлар учун қулайдир, ёки вақтдан ютиш имконини берарсиз? Ҳаридорларингиз маҳсулотингиз учун тахминан қанча пул сарфлашини аниқланг. Мижозларингизни сизнинг маҳсулот ё хизматларингизга қанча пул тўлашга тайёр эканликлари, бир йилда ўртача неча мартта шу маҳсулот/хизматни сотиб олишларини ҳисоблаб ёзинг. Албатта бу ерда қуруқ тахминлар эмас яна изланиш ва тадқиқотлар натижасидан келиб чиқиб ёзишингиз керак. Бир йилда ўртача қанча маҳсулот ишлаб чиқара олишингиз ҳақида ёзинг. Ишчи кучи ёки ускуналарингизнинг қобилиятидан келиб чиқиб бир йилда шу маҳсулотдан энг коп қанча ишлаб чиқара олишингизни ёки хизматингизни неча марта бера олишингизни ҳисоблаб ёзинг. Яна далилларга асосланиб ёзиш керак.

Бизнес режангиздаги асосий бўлимларининг қисқа мазмунини санаб ўтинг.

Буни бизнес режангизнинг бошига жойланг. Кўпинча сармоядорларнинг бизнес режани тўлиқ ўқиб чиқишга вақтлари ва хоҳишлари бўлмайди. Шунинг учун улар режангизнинг барча муҳим ва эътиборга лойиқ жиҳатларини шу қисқа мазмунни ёритган ёзувдан оқиб, уларда қизиқиш уйғотсагина кейин деталларни билиш учун асосий қисмни ўқишга киришишлари мумкин. Шунинг учун бу бўлим қисқа ва эътиборни тортадиган бўлиши керак. Азизлар, бордию сизда ҳам кичик бизнесга оид маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Кичик бизнесингизни Худойим баракаласин. Хайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top