3:22

Ёлғон таълимотлар

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Инсон Худони таниб Унинг оиласига қабул қилинганидан кейин, Каломга кўра Унинг иродасига итоат қилиб яшашни ўрганади. Аммо Худонинг илк ҳақиқатини бузиб кўрсатадиганлар ҳам топилади. Агар Муқаддас Каломга қарайдиган бўлсангиз у ерда ҳам илк имонлилар мана шундай қийинчиликларни бошидан кечирганини кўрасиз. Ҳаворий Павлусни Масиҳнинг Ўзи маъжусийларга хушҳабар етказиши учун танлаган эди. Павлус Галатия ўлкасига борганида Худо таълимотига ўз истаклари ва одатларини қўшиб бошқаларга ўргатаётган масиҳийларни учратди. Галатия Рим империясининг бир ҳудуди бўлиб, тахминан ҳозирги Туркиянинг марказий қисмида жойлашган эди. Ҳаворий Павлус Галатиянинг баъзи қисмларида Исо Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни тарғиб этди. Бунинг натижасида у ерда бир нечта имонлилар жамоати вужудга келди.

Narrator 2 Бир қанча вақт ўтгандан кейин Павлусга қарши бўлган баъзи одамлар келиб, Галатиядаги жамоатларда ўз таъсирини кўрсата бошладилар. Уларнинг таълимоти бўйича инсон Худонинг назарида солиҳ бўлиш учун нафақат Исо Масиҳга имон келтириши, балки яҳудий динининг қонунларини бажариши лозим эди. Бу одамлар айниқса Галатиялик имонлиларнинг суннат қилиниши кераклигини ўргатардилар. Павлус эса суннат муҳим эмас, деб таълим бераётган эди. Павлус Муқаддас Каломдан жой олган “Галатияликларга” деб номланган бу мактубни Галатияликларга ёлғон таълимотларни рад этиш ниятида ёзган. Галатиялик имонлилар Муқаддас Руҳга таяниб яшашсин, деб Павлус уларни Исо Масиҳга бўлган ҳақиқий имонга қайтинглар, деб ундади. Павлусга Исо Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни тарғиб этиш вазифасини унга инсонлар эмас, балки Худо бергани ҳақида Галатияликларга мактубида аниқ қилиб ёзилган.

Narrator 1 Ҳатто Қуддусдаги ҳаворийлар ҳам Павлуснинг таълимотларини тасдиқлайдилар. Ҳақиқатан ҳам Павлусни Худо ғайрияҳудийларга Хушхабар айтиш учун юборганлигини тан оладилар. Павлус Галатия ўлкасидаги масиҳийларнинг аҳволидан хабар топиб, уларга нотўғри йўлдан кетаётганини огоҳлантиради. “Сизлар Худодан шунчалик тез юз ўгириб, бошқа бир Хушхабарга юз бураётганингиздан жуда ҳайронман. Ахир, Масиҳнинг инояти орқали Худо сизларни Ўз Хушхабарига даъват қилган эди.

Ўша Хушхабардан бошқа ҳеч қандай хушхабар йўқ–ку! Фақат баъзилар сизларни чалғитиб, Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни бузиб кўрсатмоқчи бўладилар.” Дастлабки имонлилар Худованд нажотининг асл ҳақиқатини яхши билганлар. Шунинг учун ҳам бошқа жойдаги имонлиларнинг нотўғри нарсаларни қўшиб-чатиб “хушҳабар” тариқасида етказаётганидан Павлуснинг жаҳли чиқаётган эди.

Narrator 2 Имони заиф имонлилар ҳам бошқаларга яхши кўриниш ва инсонлар мақтови ва эътиборига эришиш учун шу йўлдан кетаётган эдилар. Павлус эса шундай дейди: “Аммо кимда–ким, ҳатто биз ўзимизми ёки осмондан келган бирор фариштами, сизларга биз етказган Хушхабардан бошқа бир “хушхабар” келтирса, лаънати бўлсин! Мен олдин ҳам айтган эдим, ҳозир ҳам айтяпман: кимки сизлар қабул қилган Хушхабарга зид бўлган хабарни тарғиб этса, лаънати бўлсин!” У бу хушҳабарни шахсан Масиҳнинг Ўзидан эшитгани учун, ундан бошқа маълумотлар нотўғри эканини аниқ биларди. Агар ҳаворий Павлуснинг имонга келиши ҳақидаги ҳикояни ўқисангиз, Худованд жуда мўъжизакор ва умид берадиган Худо эканини англайсиз. Ҳаворий Павлуснинг гувоҳлиги менга жуда кўп умид беради. У Галатияликларга ёзган мактубида шу ҳақида эслатади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top