Ассалому алайкум меҳри дарё онажонлар. Фарзанд ўстириш, уларни уйли-жойли қилиш, ота-онанинг энг асосий вазифаси ва бурчларидан биридир. Фарзандингизни туғилганидан минг машаққатлар билан, кечалари ухламай, касал бўлса, жонингиз ҳалак бўлиб атрофида айланиб ўргилган фарзандингиз энди турмушга чиқаяпти. Бир қизиқ ва ўзгартириб бўлмайдиган одат бор. Тўйдан олдин қиз тараф баланд келади. Уларнинг ҳар қандай истаклари ва инжиқликлари куёв тарафидан бажарилади. Тўйдан кейин эса куёв томон баланд келади. Бу ҳақиқатни ўзгартириш қийин. Қиз тўйдан кейин куёви ва қайнонасиники бўлади. Улар нима деса қиз бўлмиш ҳаммасини бекаму-кўст, нолимасдан бажариши шарт. Аввалги суҳбатларимиз давомида турмушга чиқаётган қизларга бир нечта қимматбаҳо маслаҳатлар берган эдик.
Шу маслаҳатлар айнан турмуш ўртоғининг уйига боргач асқотади. Онасининг беқиёс меҳрини билган қизлар, турмушнинг илк нохушликларини ҳам «гап» деб онасига кўтариб келавермасликлари керак. Келин бўлмишнинг энди икки онаси бор. У иккисининг ҳам айтганини қилишни, дуосини олишни истайди. Қани энди айтинг-чи, бир одамнинг икки бошлиғи бўлса, у кимнинг айтганини қилади? Албатта, қони қўшилган, ўзига йиллар бўйи синашта бўлган бошлиғининг гапига кўнади-да. Лекин кейинги бошлиқ келажагини ҳал қилади-ку! Уни менсимаса, айтганига кўнмаса, ўзининг билганидан қолмаса, қайси бошлиқ у одамни ишда олиб қоларкан? Келган жойига жўнатади, қўяди. Баъзида «Қизни мен туққанман, ўзим боқиб олавераман», — деб катта кетган, оддий машмашаларни ажрашишгача олиб борган оналар юқоридаги ҳақиқатни яхши англаб етишмайди.
Худди шу хатони такрорлаган оналар қанча. Азиз тингловчи, сизга бу сафда туришни раво кўрмаймиз. Ахир ўзингиз ҳам, кимнингдир ажрашаётганини эшитсангиз, «Чидаса, яшаб кетарди, онаси аралашиб шошма-шошарлик қилибди-да!», — дейсиз-ку! Чиндан ҳам шошиш – қизи бор оналар учун фақат зиён. Шошиб эрга бериш, биргина совуқ гап учун шошиб қуданикига бориш, мол-мулкини шошиб йиғиштириб олиш, хуллас етти ўлчамасдан қирқилган мато кесимида хато бўлганидек, қизнинг ҳаётига босиқлик ва мулоҳаза билан ёндашмасдан қарор чиқариш ҳам бало келтиради. Оталар қизини онасидан кам севмасада, унинг қайтиб келишига астойдил қарши бўлади. Бироқ улар подшоҳ, — хотин – вазир бўлганидан кейин ҳамма масала вазир оналарнинг тушунтириш ва кўрсатмасига биноан ҳал бўлади.
Бир аёл қизини узатибди. Қизи қуда тарафдан ёмон гап топиб келганида «Барибир қайнонанг менга ёқади. Жуда яхши хотин. Айтганини қилсанг кам бўлмайсан», — дея қизини босиб қайтариб юборибди. Қизи ўшанда бошидан жуда кўп қийинчиликларни ўтказган. Бироқ онасининг босиқлиги, ақл билан иш тутиши, ҳиссиётини ичида ушлаб, боласининг кейинги тақдирини ўйлаган она туфайли, қиз тушган оиласида тиниб-тинчиб яшаб кетди. Қизи қийналганида боласининг ҳолини ўйлаб она бечора кечалари қанчалар зор йиғлагандир. Лекин чидади. Унча кўп эмас бор-йўғи уч-тўрт йил. Азизлар мана шундай ҳаёт масалалари борасида кўпроқ билимга эга бўлишни истасангиз бизнинг www.najot.com сайтимиз сизга бу борада астойдил ёрдам беришга тайёр.