3:06

Татуаж ҳақида фактлар

MP3

Ассалому алайкум гўзал опа-сингиллар. Тез-тез «Ҳар куни тонгда қош бўявериб чарчадим ва қошимга перманент татуаж қилдирдим», — деган гапларни эшитамиз. Жуда кўп аёллар ва қизларнинг қошларини, киприклари тепасини татуаж қилдирганини кўрамиз, шу билан бирга мана шу татуажнинг зарарлари ҳақида ҳам бот-бот эшитиб турамиз. Шунга қарамай, нега аёллар татуаж қилдиришар экан. Хўш, унинг қандай яхши ва ёмон томонлари бор? Бугун айнан мана шу ҳақида суҳбатлашамиз. Баъзан татуаж қилдирган аёллар ранг ўзлари кутгандай чиқмаганидан нолишади. Қошларининг ранги қора бўлиш ўрнига кўк ёки яшил бўлиб қолади. Татуаж учун ишлатиладиган бўёқнинг хили турлича бўлар экан.

Баъзи аёлларда: татуаж қилиш учун ишлатилган бўёқ қанча кўпга етса, у шунча сифатли бўлади, деган янглиш фикр мавжуд. Сифатли бўёқ узоғи билан 3-5 йилга етади ва секин-аста танадан чиқиб кетади. Арзон татуаж бўёқлари кимёвий бўлиб, уни теридан фақат лазер ёрдамидагина йўқотиш мумкин. Ҳамда вақт ўтиши билан татуаж яшил ёки кулранг тусга киради. Бундай татуажларнинг нархи одатда 25-30 минг сўм бўлади. Табиий бўёқ эса ўсимликлардан олинади, нархи ҳам қиммат. У терида 3-5 йил давомида туриб, аста-секин йўқолиб бораверади. Бундай табиий бўёқда чизилган татуаж ўз рангини ўзгартирмайди. Татуаж қилдирмоқчи бўлсангиз, албатта америкача ёки фарангча бўёқ турини танланг. Бўёқ флаконларини текшириб кўринг. Мутахассисни унинг қилган ишига қараб танланг.

Ҳозирги кўпгина аёллар косметологга қилинган татуажни корректировка, яъни тўғирлатиш учун мурожаат қилишади. Татуаж чизиш нафақат моҳирликни, балки рассомликни ҳам талаб қилади. Мутахассис мижозга татуаж чизганида унинг албатта юз тузилиши, кўзларининг жойлашиши, қош узунлиги, тери ранги барчасини ҳисобга олиши лозим. Баъзан аёллар ўзини мутахассисга юз фоиз топшириб қўйишади. Бу нотўғри, чунки сиз татуаж билан 1-2 ҳафта эмас бир неча йил юрасиз. Шунинг учун ўз фикрингиз ва нимани истаётганингизни, ундан талаб қилишга ҳаққингиз бор. Татуаж қилингандан сўнг тери устида юпқа қатлам ва енгил шиши ҳоси бўлиши табиий ҳол. Бу қатламни қўлингиз билан олиб ташламанг, ўзи 3-4 кунда тушиб кетади. Албатта ҳар бир терининг ўзига ҳослиги бўлганидай, татуажда ҳам бирор-бир камчиликлар кузатилиши мумкин.

Татуаждан сўнг биринчи ҳафтада макияжингиз жуда ҳам ёрқин кўринади. Аммо ҳавотирга ўрин йўқ, бир ҳафтадан кейин бу ҳолат ўтиб кетади, яъни то кўникма ҳосил қилгунингизга қадар юзингиздаги татуаж ёрқин кўринади. Татуаж қилдиришга қарор қилган бўлсангиз, қиёфангиздаги ўзгаришларга ҳам тайёр бўлинг. Баъзи ҳолларда чизиқлар аниқ билинмаслиги, ранг ҳам кутилганидек чиқмаслиги ҳам мумкин. Шу билан бир қаторда терида бўёқ ёки доғлар ҳам ҳосил бўлиши мумкин. Бундай бўлишини истамасангиз, салон ва мутахссис танлашга жиддий аҳамият беринг. Ундан сўнг татуаж сизга ёқмаса, уни йўқотиш учун татуажга тўлаганингиздан икки-уч баравар кўпроқ пул сарфлашингизга тўғри келади. Хуллас мана шунақа гаплар!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top