Ассалому алайкум азиз биродарлар, сизлар билан яна ғойибона бўлсада учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Азиз биродарлар, марҳамат тингланг. Кичик уй гуруҳлари ҳақидаги мавзумизни давом эттирамиз.
Азизлар, биз сиз билан кичик уй гурухлари ҳақида кўпдан бери турли мавзулар орқали суҳбатлар уюштирдик. Ўрганишларимиз натижасида илк жамоат аъзолари худди бир тана каби ишлаганларини кўра оламиз. Кимдир муҳтож бўлиб қолса, имонлилар ибодат қилишган, озиқ-овқат юборишган, кийим-кечак билан таъминлашган ёки тасалли беришган.
Агар кимдир Худованднинг йўлини тушунмаган бўлса, имонлиларни унга ўргатишган. Агар кимдир бирон жойда хато қилган бўлса, имонлилар унга Худовандга эргашишида кўмаклашган.
Уларда бирдамлик ва ғамхўрлик бор эди. Бир пайтда имонлилар бошқалар ҳам муҳтожликда қолмасликлари учун ўзларида бор бўлган буюмларни бўлишишган. Ҳаворийлар мактубининг 4 боби 32 ва 35 оятларида шу ҳақида ёзилганини ўқишимиз мумкин.
Агар бирон хавф-хатар бўлса, улар бир-бирларини ҳимоя қилишгани ҳақида Ҳаворийлар мактубининг 9 боби 29 ва 30 оятларида кўрамиз. Илк жамоатларда Масиҳ танасининг хизмати бир-бирига ва муҳтож бўлган биронта одамга ёрдам бериш бўлган.
Азиз биродарлар, Худованд Ўзига тегишли бўлиши учун дунёдан танлаб олган инсонларнинг биргаликда йиғилишини билдириш учун жамоат сўзини ишлатамиз. Чунки жамоат бино эмас, аксинча инсонларнинг бирга йиғилишидир, агар сиз Исога ишонсангиз сиз ҳам жамоатнинг қисми ҳисобланасиз, ҳатто сажда қилиш учун махсус биноингиз бўлмаса ҳам.
Жамоат турли қабилага мансуб инсонлардан ташкил топади. Биз турли тиллар гуруҳига тегишли бўлсак-да, барибир бир танадамиз. Худованд дунё Исо Масиҳни Ўз жамоати орқали кўришини истайди. Бу Унинг Ўғлининг ер юзидаги ишининг давоми бўлади.
Имонлилар барча халқларга ҳаёт ҳақидаги хабарни ва шифони олиб келадилар. Мана шу бугунги кунда Худованднинг жамоатлардан талаб қиладиган мақсадидир. Биламизки, инсонларнинг муҳтожликлари ўзгармайди. Жамоатнинг бу хизмати бошланишида қандай бўлса, бугунги кунда ҳам шундайлигича қолган.
Ҳамма нажот топиши кераклигини биламиз, шунинг учун жамоат гуноҳларни кечирувчи Масиҳ тўғрисида воизлик қилади. Имонлилар ўз ҳаётларида Худованднинг қудратига муҳтождирлар, шунинг учун улар Муқаддас Руҳга тўлишлари керак.
Шунинг билан азиз биродарлар, мавзумизга якун ясаймиз. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com Азизлар, яна мавзуларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.