3:39

Имонлиларга ибодат

MP3

Салом азизлар. Бир-бирингизни биродарларча севишни давом эттиринглар. Меҳмондўстликни унутманглар; баъзи кишилар меҳмонларимни яхши кутай, деб билмасдан фаришталарни кутганлар. Маҳбусларни, гўё ўзингиз ҳам улар билан бирга ҳибс бўлгандек, эслаб туринглар. Зориққанларни ўзингиз ҳам танангиз борлигини билиб, хотирланглар. Никоҳ ҳамманинг кўзида эътиборда бўлсин, ётоғингиз беғубор бўлсин. Чунки зинокорлару фоҳишларни Худо ҳукм қилади.

Пулпарастликдан холи кун кечиринглар. Қўлингизда бори билан қаноатланинглар. Чунки Худонинг Ўзи: «Сени ҳеч ташлаб кетмайман ва асло тарк этмайман», – деган. Шунинг учун биз жасорат билан айтяпмиз: «Худованд мен томонда, мен қўрқмайман. Инсон менга не қила билар?» Худо каломини сизларга гапирган бошлиқларингизни хотирланглар. Уларнинг ҳаёти натижасига қараб, имонларига эргашиб юринглар. Исо Масиҳ кеча, бугун ва абадий худди Ўшанинг Ўзидир. Сиз турли ёт ва ғалати таълимотларга берилиб, йўлингиздан оғиб кетманглар. Юрак Худонинг инояти билан қувватланиши яхшидир, махсус таомлар билан эмас. Егулик-ичгуликка доир қонун-қоидаларга риоя қилувчилар бундан бирор фойда кўрмаган. Бизнинг бир қурбонгоҳимиз борки, Шаҳодат Чодирида хизмат қилувчи руҳонийлар у ерга кириб ейишга ҳақи йўқ. Илгари гуноҳларнинг кечирилиши учун олий руҳоний муқаддас маконга кириб, ҳайвон қонларини бағишлар эди. Ҳайвонларнинг жасадлари эса манзилнинг ташқарисида ёқилар эди. Шунга ўхшаб, Исо ҳам Ўз қоним билан халқни муқаддас қилай, деб шаҳар дарвозасидан ташқарида азоб чекиб ўлди. Энди бизлар ҳам Унинг хўрлигини ўзимизга олиб, манзилдан ташқарига – Унинг олдига чиқайлик. Чунки бу ерда бизнинг доимий шаҳримиз йўқ, биз бўлғуси шаҳарга кўз тикиб юрибмиз. Шундай қилиб, Исо орқали Худога узлуксиз ҳамду сано қурбонларини бағишлайлик, яъни Унинг номи тилимиздан тушмасин. Хайрихоҳлик ва улфатчиликни унутманглар, чунки бундай қурбонлар Худога мақбулдир. Ўз жамоат бошлиқларингизга итоат қилинглар, уларга камоли эҳтиром билан бўйсунинглар. Чунки улар ҳисобот берадиганлардек ҳамиша жонларингизни қўриқлаб турадилар. Бу ишни эса оҳу нола билан эмас, балки севинч билан бажо келтирсинлар. Агар буни оҳу нола билан қилсалар, сизларга фойда бўлмайди. Бизлар учун ибодат қилинглар. Виждонимиз тоза эканлигига аминмиз, чунки биз ҳамма нарсани ҳалоллик билан бажаришга ҳаракат қиламиз. Айниқса мен учун ибодат қилишингизни кўп ўтиниб сўрайман, Худо мени тезроқ сизларнинг олдингизга қайтарсин. Тинчлик берган Худо қўйларнинг улуғ Чўпони – Раббимиз Исони абадий аҳднинг қони билан тирилтирди. Худо Ўз мурод-мақсадини Исо Масиҳ орқали сизларда бажо келтирсин, Худонинг иродасини ижро этмоғингиз учун Ўзи сизларда ҳар хил фазл-камолотни пайдо қилсин. Исо Масиҳга абадулабад шон-шарафлар бўлсин! Омин. Эй биродарлар, сизлардан илтимос қиламан, қисқагина ёзган бўлсам ҳам, бу насиҳат каломини сабр-тоқат билан қабул қилинглар. Билингларки, биродаримиз Тимўтий озодликка чиқарилди. Агар у тезлик билан ёнимга келса, у билан бирга сизларни кўргани бораман. Жамоат бошлиқларингизнинг ҳаммасига ва барча аҳли мўминга салом айтинглар. Италияликлар сизларга салом йўллаяптилар. Худонинг инояти ҳаммангизга ёр бўлсин. Омин. (Ибронийларга 13). Ушбу ажойиб оятни, Ибронийларга мактубидан сизларга ўқиб бердим. Азизлар, бордию сизда ибодат эҳтиёжи бўлса, dilkashradio.com сайтидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top