3:33

Ёқубнинг имонлиларга мурожати

MP3

Салом азизлар. Орангиздаги жанжал ва тўқнашувлар қаердан келиб чиқади? Танангизнинг узвларида ўзаро жанг қилаётган нафсу эҳтиросларингиздан эмасми? Бир нарса орзу қиляпсизлар, аммо орзунгиз амалга ошмагач, одам ўлдиряпсизлар. Ҳасад қиляпсизлар, аммо мақсадингизга эриша олмагач, талашиб тортишяпсизлар. Худодан сўрамаганингиз учун сизларда йўқ. Сўраяпсизлар-у, лекин олмаяпсизлар, чунки ёмон ният билан, нафсингизни қондириш учун сўраяпсизлар. Эй вафосизлар, дунё билан дўстлик Худога душманлик эканлигини билмайсизларми? Ким дунё билан дўст бўлишни истаса, Худога душман бўлади. Наҳотки сизлар: «Худо ичимизга солган руҳни ниҳоятда қизғанади» деган оятни инобатга олмайсизлар? Бироқ Худонинг инояти бунга қараганда янада сахийроқ, чунончи бошқа оятда шундай айтилган: «Худо мағрурларга қарши, Аммо камтарларга иноятлидир».

Шундай қилиб, Худога итоат қилинглар. Иблисга қарши туринглар, шунда у сизлардан қочади. Худога яқинлашинглар, шунда У сизларга яқинлашади. Эй гуноҳкорлар, қўлларингизни гуноҳдан тозаланглар! Эй ҳардамхаёллар, кўнгилларингизни тўғри қилинглар! Қайғуринглар, мотам тутинглар, нола қилинглар! Кулгингиз йиғига, шодлигингиз мотамга айлансин. Раббингиз олдида ўзингизни паст олинглар, У эса сизларни юксалтиради.

Эй биродарларим, Раббимиз Исо қайта келгунига қадар сабр-тоқат қилинглар. Деҳқон ҳам гоҳ кузги, гоҳ баҳорги ёмғирлар ёққунга қадар сабр-тоқат билан кутиб, ер ундирган қимматбаҳо ҳосилни йиғиб-теради. Худди шу сингари, сизлар ҳам сабр-тоқатли бўлинглар, дилингиз қувватга тўлсин. Чунки Раббимизнинг келиши яқинлашиб қолди. Эй биродарларим, айбдор бўлмаслик учун бир-бирингизнинг устингиздан шикоят қилманглар. Мана, ҳукм қилувчи Раббимиз эшик олдида турибди. Эй биродарларим, Худованд номидан гапирган пайғамбарларнинг азоб-уқубатга қандай чидаганликларидан ўрнак олинглар. Сабр қилганлари учун уларни бахтиёр ҳисоблаймиз. Аюбнинг сабр-тоқати ҳақида эшитгансизлар, умрининг охирги кунларида Худованд у учун нималар қилганини биласизлар. Худованд кўп шафқатли ва марҳаматлидир. Эй биродарларим, энг аввало на ер ҳақи, на осмон ҳақи ва на бошқа нарса ҳақи қасам ичманглар. Айбдор бўлмаслигингиз учун, «ҳа» деган жойда «ҳа» денг, «йўқ» деган жойда «йўқ» денг. Агар орангизда бирор киши азоб-уқубат чекаётган бўлса, ибодат қилсин. Агар биров кўтаринки руҳда бўлса, ҳамду санолар ўқисин. Агар сизлардан бирор киши бемор бўлса, имонлилар жамоатининг оқсоқолларини чақирсин. Улар Раббимиз Исо номи билан дуо қилиб, беморнинг бошига ёғ суркасинлар. Имон билан қилинган дуо беморни соғайтиради, Раббимиз Ўзи уни тузатади. Агар бемор гуноҳ қилган бўлса, Раббимиз уни кечиради. Шундай қилиб, шифо топишингиз учун, бир-бирингиз олдида қилган гуноҳларингизга иқрор бўлинглар ва бир-бирингиз учун ибодат қилинглар. Солиҳ одамнинг зўр бериб қилган илтижоси кучли таъсирга эгадир. Мана, Илёс пайғамбар ҳам бизга ўхшаш бир инсон эди. Ёмғир ёғмасин дея, у астойдил илтижо қилди ва ер юзига уч йилу олти ой ёмғир ёғмади. У яна илтижо қилгач, осмондан ёмғир ёғди ва ердан ҳосил униб чиқди. Эй биродарларим, агар сизлардан бирор киши ҳақиқат йўлидан бош тортса, уни яна ҳақиқатга қайтаришга тиришинглар. Билингларки, гуноҳкорни хато йўлдан қайтарган киши ўлимдан бир жонни қутқарган ва кўп гуноҳларни ювган бўлади. (Ёқуб мактубидан). Буларни сизга Ёқуб мактубидан бажонидил ўқиб бердим. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top