Ассалому алайкум азизлар. Кичик бизнес деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Ҳамма нарсадан ҳафсалангиз пир бўлиб, дунё ташвишларидан чарчаб, қўлингизни ювиб, қўлтиғингизга уришга шошилманг. Бу дунёда беғараз ёрдам берадиган одамлар ҳали ҳам мавжуд. Қуйида сизни ажойиб одамлар очган, ўзига хос кафе билан таништирамиз.
Eat номли кафенинг кириш эшигига “Барча-барчани таклиф қиламиз!”, деган ёзув илинган. Кафе ташкилотчилари бу билан даромадидан қатъий назар ҳар қандай одам мазкур кафеда овқатланиш имкониятига эгалигига ишора қилган. Ҳамма гап шундаки, бу ерда тушлик қилган одам овқат учун чўнтаги кўтарганча пул тўлаши мумкин.
Агар овқатланган одам пул тўламай кетса ҳам унга ҳеч ким ҳеч нарса демайди. Пул ҳақида фақатгина менюдаги “учта таомдан иборат тушлик ва десерт 15 доллар”, деган ёзув эслатиб туради.
«Агар мазкур пулни тўлаш имкониятингиз бўлса, жуда яхши. Мабодо пулингиз бўлмаса, хафа бўлманг, ҳаммаси жойида. Сизгина озгина бўлса ҳам овқат учун пул тўлашингиз ёки умуман тўламаслигингиз мумкин. Бу ҳақда ҳеч кимга ҳеч нарсани тушунтиришингизнинг ҳожати йўқ. Фақатгина овқатланиб бўлгандан кейин овқат нархини қоғозга ёзиб кетсангиз, бас”, дейди кафе бошқарувчиси ва бош ошпази Доннел Жонс-Крейвен.
Албатта, Eat cafe ниманинг ҳисобига иш юритиши ҳаммани қизиқтиради. Қандай қилиб, истаганча овқатланиб, пул тўламаслик мумкин, деган савол келиб чиқади. Овқатга истаганча пул тўлаш тезда ўз самарасини кўрсатди. Баъзи бир одамлар овқатланиб бўлгандан кейин бошқалар учун ҳам 100 доллардан ташлаб кетадиган бўлди. Шу билан бирга Eat cafe нинг текинга озиқ-овқат маҳсулотлари ва десерт тарқатадиган ҳамкорлари мавжуд.
“Филадельфиянинг ҳар тўртинчи аҳолиси ўзи хоҳлаганча овқат сотиб олиш имкониятига эга эмас. Агар кўп болали оилаларни ҳисобга оладиган бўлсак, бундай оилаларнинг ҳар учинчисининг имконияти чекланган. Баъзида кафемизга овқатланишга келган одамлар пуллари йўқлигини айтади, мен уларга “Ҳечқиси йўқ, ҳаммаси жойида!”, дейман. Улар бу ерда мазали таомлардан лаззатланишлари ва ўзларини эркин ҳис қилишлари лозим. Бу ер биз учун шунчаки кафе эмас, балки ҳақиқий ижтимоий бизнес марказидир. Бизнинг мақсадимиз пул топиш эмас, балки атрофимиздаги муҳтож одамларга ёрдам беришдир”, деди Доннел Жонс-Крейвен.
Азизлар, бордию сизда ҳам кичик бизнесга оид қизиқарли маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Кичик бизнесингизни Худойим баракаласин. Хайир, омон бўлинг.