3:30

Камбағалликни даволаш мумкинми? 1 Қисм

MP3

Ассалому алайкум азизлар. Кичик бизнес деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Айтишларича, пулга ҳирс қўйиш, катта пул баъзи ҳолларда барча балоларнинг боши экан. Аммо, пулсизлик бундан ҳам оғирроқ экан.

Агар камбағал одамдан «Нега фаровон яшашни уддалай олмаяпсан?», — деб сўрасангиз, саволингизга  яхшигина жавоб топиб беради. Ҳар бир камбағалнинг ўзини оқлаш учун баҳонаси бор. Кимдир: «Тақдирим  шу экан. Омадим келмаяпти!», — дейди. Яна биров мамлакатдаги аҳволни рўкач қилади. Учинчиси бой бўлиш истаги йўқлигини айтади. Кимдир ота-онасига айбни юклайди, менга яхши таълим-тарбия бера олишмаган, дейди. Кўпчилик мактабда берилаётган таълимнинг нотўғрилигидан нолийди: ахир у ерда пул топишни ўргатишмайди-да!

Пулга муносабат қандай шаклланади? Кўпинча у ота-онангиз ва атрофингиздагиларнинг сизга кўрсатган ибрати орқали тарбияланиб боради.

Уларнинг пул ҳақида қандай ўйлашлари ва уни қандай сарфлашлари болалигингизданоқ сизда пулга муносабатни шакллантириб боради. Ва албатта, ўзингизнинг орзуларингиз ва шахсингизга берган баҳонгиз, ишончингиз ҳам бу борада муҳим аҳамиятга эга. Пул масаласида фарзандларга уч хил тарбия берилади:

«Пул – ёмон нарса. Усиз ҳам яшаса бўлади». «Пул? У нима ўзи?», яъни ота-оналар маълум ёшга етгунча болалар пул нималигини умуман билмаганлари маъқул, деб ҳисоблайдилар, худди жинсий тарбия каби. «Пул – бу жиддий масала. Уни ишлатишни билиш керак». Бу – энг тўғри тарбия. Кўп инсонларнинг онги ёшлигиданоқ қашшоқликка тайёрлаб борилади. Мактабда «пул қаердан пайдо бўлади?» деган саволга жавоб берилмайди. Шунинг учун бола мактабни пул ҳақида унга қадам қўйганидаги каби содда ва кўпинча нотўғри тасаввурлар билан битириб кетади. У бутун умр пул ҳақидаги оддий, аммо жуда муҳим тушунчалардан бехабар яшайвериши мумкин. Оқибатда нима хоҳлаётганини ўзи ҳам билмайдиган ношудга айланади-қолади. Таги тешилган этикда юриб, хароба уйда яшаб, инсон аста-секин қашшоқликка кўникиб қолиши мумкин. Ўзининг қашшоқлигида дунёни айблайвериб, охири ўзи билан ўзи овора майдакаш, аламзадага айланади. Кузатиб туриб, одамларнинг кўпчилиги бутун умр ўзини-ўзи қашшоқлаштириб бораётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Улар ғайришуурий тарзда камбағаллик одатларига амал қилиб борадилар. Арзимас ҳақ тўланадиган иш учун жонларини жабборга бериб ишлайдилар. Аслида эса аксинча бўлиши, ўйнаб-кулиб қилган ишлари учун катта пул олишлари лозим эди. Улар кенг тарқалган, аммо нотўғри бир қоидага амал қиладилар, яъни «бошқалар менинг меҳнатим баҳоси қанчалигини биладилар» деб ўйлайдилар. Улар пул жамғариш нима эканлиги ҳақида умуман тасаввурга эга эмаслар. Топилган маблағни дарҳол жой-жойига сарфлаш – мана уларнинг асосий шиорлари. Пулни бирор ишга жалб қилиш, айлантириб, фойда олиш ҳақидаку, умуман гапирмаса хам бўлади. Пулини топган заҳоти майда-чуйдаларга сарфлаб юборадиганларда молиявий инвестиция учун имкон ҳам бўлмайди-да! Менга атрофдагилар ёки ҳукумат ёрдам беради, деб ўйлаяпсизми? Бекорга умид қилаяпсиз! Пул топиш -сизнинг муаммоингиз. Сизнинг фаровон яшашингиз ўзингиздан бошқа ҳеч кимга керак эмас. Ҳа, бошида ёлғиз бўласиз. Аммо … кучингизни тўпланг ва оёққа туринг! Азизлар, бордию сизда ҳам кичик бизнесга оид қизиқарли маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Кичик бизнесингизни Худойим баракаласин. Хайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top