Ассалому алайкум азизлар. Кичик бизнес деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Маблағни кун сайин кўпайтириб бориш жуда мушкул иш эмас. Аммо ҳеч нарса қилмай, қўл қовуштириб ўтириш барибир осонроқда! Ҳар ойда маълум маблағни тежаб бориш наҳотки шунчалар қийин бўлса? Йўқ, ундай эмас. Аммо бир неча лаҳзалик лаззат учун пул сарфлаш осонроқда… Миллионер одам ҳеч қачон «катта пул топиш мумкин эмас», деб ўйламайди. Камбағал одам эса кичик миқдордаги пулни топиш осонроқ, деб ўйлайди. Ўйлаб кўринг, сўнгги йил давомида кўпроқ пул топиш учун, даромадингизни орттириш учун нима қилдингиз? Сўнгги ой давомида-чи? Мен айнан амалий ҳаракатни назарда тутаяпман, орзулару режаларни эмас. Эслай олмаяпсизми? Мана сизнинг муаммоингиз қаерда! Мана — ичингиздаги сизни тарк этишни истамаётган қашшоқ! Сиз ўзингизни бойликдан айириб турган тўсиқдан ҳатлаб ўтинг. Кимларгадир нисбатан аҳволингиз яхшилиги ҳақидаги хаёлларга чек қўйинг. Энди сизнинг шиорингиз: «Улардан нимам кам?» бўлмоғи керак. Ҳаёт тарзингизни тубдан ўзгартиришга жазм этинг. Ёдингиздами, болалигингизда илк қадамларингизни қўяётганингизда кўп қоқилиб, йиқилгандингиз. Ўшанда бирор ерингиз кўкариши ёки тилинишидан қўрқмагандингиз-ку. Аксар бойлар ҳаммасини нолдан бошлашган. Улар ўз мақсадларига етгунларича узоқ ва қийин йўлни босиб ўтганлар. Аммо улар ўша бошланғич нуқтадан илгарилай олдилар ва энди чўққида турибдилар.
Қўлингизда кутилмаганда катта маблағ пайдо бўлиб қолиши мумкин. Халқда буни «аҳмок пуллар» дейишади. Асосийси, уларни тўғри ишлата билинг. Бошланғич катта капиталга эга бўлганларнинг кўпчилиги бугунга келиб ҳеч ким эмас. Чунки улар қўлларида бор имкониятни, бошларига қўнган омад қушини учириб юборганлар, яъни пул сарфлашни билмаганлар. Спортчи, фотомодел, эстрада қўшиқчиларини олинг. Бу касбларнинг умри узоқ эмас, аммо даромади катта. Лекин катта даромад олиш, бу ҳали бадавлат турмуш кечириш дегани эмас. Дунё тажрибасидан маълумки, бундай юлдузларнинг кўпчилиги умрларини аянчли бир тарзда тугаллайдилар. Чунки улар пул сарфлашни билишган, уни кўпайтиришни эса билишмаган. Аҳамият беринг. Пеле билан бир командада Гарринча исмли футболчи ҳам ўйнарди. Унинг Пеледан ҳеч кам жойи йўқ, баъзи ўринларда ҳатто ундан устун ҳам эди. Аммо Пеле футболни тугатиб, нафақага чиққач, пулларини фойдали бизнесга жалб қилди «Кафе Пеле»нинг рекламасини эслайсизми? ва фароғатда яшаб юрибди. Гарринча эса пулларини ичиб тугатди ва умрининг охирини кўчаларда дайдиб ўтказишга мажбур бўлди. Тенг имкониятга эга бўла туриб, уларнинг бири пул топишни билди, бошқаси эса фақат сарфлашни. Ҳа, одам қашшоқлик психологиясига эга бўлса, ҳеч нима қила олмас экан. Фақат пул сарфлаши мумкин, холос. Пулларни сақлаб қолиш учун уларга муносабатингизни ўзгартиришингиз лозим. Фақат сарфлаш мумкин эмас. Шунингдек, кўпроқ олиш имконияти бўлган жойда камига қаноат қилмаслик керак. Тасаввур қилинг, ер остида пул денгизи бор. Ундан пул булоқлари оқиб чиқмоқда. Ўзингизнинг булоғингизни топинг ва унинг ёнида қудуқ ҳосил қилинг. Энди шу тасаввурни ҳаётга тадбиқ этиб кўринг. Шунда кўп ўтмай сизда пул қудуғи, балки пул омбори ҳам пайдо бўлади. Менга атрофдагилар ёки ҳукумат ёрдам беради, деб ўйлаяпсизми? Бекорга умид қилаяпсиз! Пул топиш -сизнинг муаммоингиз. Сизнинг фаровон яшашингиз ўзингиздан бошқа ҳеч кимга керак эмас. Ҳа, бошида ёлғиз бўласиз. Аммо … кучингизни тўпланг ва оёққа туринг!