Ассалому алайкум. Киши ҳаёти давомида жуда кўп марта қоқилади. Қоқилганларидан сабоқ олиб кейинги сафар қоқилмасликка ҳаракат қилади. Қоқилиш қилган хатоларимиз туфайли келиб чиқади. Хатолар ҳаётимизнинг турли қисмларига тегишли бўлиши мумкин. Бугун ҳаётимизнинг муносабатлар бўлимининг кичкина бир бобига назар ташлаймиз. У «Кечириш» — деб аталади. Кечириш жуда қийин. Айниқса, сизга зиён келтирган, ёмонлик қилган, ортингиздан бўҳтон гаплар тарқатган ва дилингизга озор етказган инсонни кечириш деярли имконсиздек туюлади. Аммо бу ундай эмас. Инсон ўзи истаса, унга душманлик қилган инсонни ҳам кечира олади. Фақат у шунга қарор қилиши керак. Кечирмаган одам фақат ва фақат ўз юрагига зиён етказади.
У юрагида уни хафа қилган одамга нисбатан ғазаб, нафрат ва ҳафагарчиликни олиб юради. Бу ёмон ҳиссиётлар эса уни ўлдириши мумкин. Исо Масиҳ шундай деган эди: «Раҳмдил бўлганлар бахтлидир, чунки улар раҳм-шафқат топур» (Мат 5:7). Аёл зоти ҳиссиётни жуда яхши англагани учун кечиришга қийналади. Бироқ кечирим бермаслик фақат ўзимизга зиён эканини билиб олишингиз керак. У руҳий томондан ҳам Худовандга маъқул келмайди. Ахир биздек гуноҳкорни буюк ва қудратли Худованд кечирганидан кейин, нега оддийгина гуноҳкор яна бир гуноҳкорни кечира олмайди?! Кечириш учун қарор қилиш керак. Қарор қилгандан кейин кечириш унчалик қийин бўлмай қолади. Биз шунга қарор қилиш билан, юрагимиздаги бошқа камчиликларни ҳам кўра бошлаймиз ва бизни ҳафа қилган кишига нисбатан юрагимиз илийди.
Агар кечирим бериш сизга қийинлик қилаётган бўлса, аввало кечира олишингиз учун ибодат қилинг. Агар сиз кечирим беришни ўрганиб олсангиз, фарзандларингизга ҳам яхши ўрнак бўла оласиз. Улар ҳам кечирим беришни сиздан ўрганишади. Ниҳоят, кечириш – бу уларнинг қилмишини оқлаш дегани эмас, балки бизни озод қилишини тушунганимизда, одамларни кечириш анча осон бўлади. Биз уларни кечирганимизда юрагимиздаги адоватдан қутуламиз. Юрагимиз турли хил ёмон ҳиссиётлардан озод бўлади. Сиз билан сизни ҳафа қилган одам ўртасида сиз эмас, фақат Худованд қози бўлсин. Чунки бир пайтлар Худованд ҳам бизни кечирган-ку. Ўша пайтдаги қувончингизни бир эсланг.
Ҳаворий Павлус шундай дейди: «…мен ўзимни муродимга етишганман деб ўйламасам-да, бир нарсанигина ўйлайман, орқамда қолганларни унутиб, олдимдагиларга кўз тикаман. Худо Исо Масиҳ орқали мени олий ақсадга чорлади (Флп 3:13-14).» Шундай экан, ҳаётимизда нимаики бўлиб ўтган бўлса, бари ўтмишда қолди. Ўтмишдаги нарсани унутиб, ҳафа қилганларни кечириб, келажагимизга кўз тикайлик. Ўтмишимиз ҳеч қачон бизни ортга тортмасин. Агар ҳадеб ортга қарайверсангиз, ҳеч қачон олға силжий олмайсиз. Худованд сини кечирганидай, сиз ҳам бошқаларни кечиринг. Бу Худовандга маъқулдир. Агар унга итоатли фарзанд бўлсангиз, албатта Унинг кучи билан кечира оласиз. Худди шу каби инсон қўлидан келмайдиган, бироқ Худонинг ёрдами билан қилиш мумкин бўлган ишлар ҳақида билишни истасангиз бизнинг www.najot.com сайтимиз сизга ёрдам беради.