Narrator 1Ассалому алайкум. Агар Римликлар китобини ўқисангиз, у ердан ўзингиз учун керакли билимларнигина эмас, ўрнакни ҳам кўрасиз. Масалан, ҳаворий Павлус, Римликларга ўгитлар ва Эгамизнинг панд-насиҳатларини ёзар экан, ўзи ҳам қанчалик бошқа биродарларга нисбатан меҳрибон ва эътиборли эканини кўрамиз. Айтмоқчимизки, жамоатдаги ҳар бир биродар бошқасига нисбатан эътиборли бўлиши керак. Мана бу оят Павлуснинг характерини оз бўлса ҳам очиб беради: “Мен Кенхрея шаҳридаги жамоатда хизмат қилаётган опамиз Фивани сизларга таништирай. Сизлар Худонинг
азизларисиз, шунинг учун Раббимиз Исо ҳақи Фивани меҳмондўстлик билан қабул қилинглар. У нимага муҳтож бўлса, ёрдам беринглар. Зеро, у кўпларга, айниқса менга кўп ёрдам кўрсатган.” У ўзининг ҳаётида учраган ҳар бир биродарни тегишлича тақдирлашни биларди. Фива ким эди?
Narrator 2 У Кенхрея шаҳридаги жамоатнинг етакчиларидан бири, эҳтимол жамоат чўпони бўлган бўлса ҳам ажаб эмас. Павлус Фивани Римдаги жамоатга таништиряпти. У Павлуснинг мана шу мактубини Коринфдан Римга олиб бораётган бўлса керак. Павлус яна Фиванинг ҳар бир муҳтожлигида жамоат ёрдам бериши ҳақида илтимос қиляпти. Прискилла билан Акила Павлуснинг ҳамкорлари бўлиб, имонлилар бу иккисининг уйида йиғилар эдилар. Бу бобдан биз қадимги, илк жамоатда хизмат қилган имонлиларнинг анчагина исмини билиб олишимиз мумкин. Павлус уларнинг кўпчилигига салом йўллайди. Шу бобда тилга олинганлардан бири Юния деган аёл. Эҳтимол у ҳам ҳаворий бўлган бўлса керак. Жамоатдаги ҳамма имонлилар жамоатда нима айтилаётгани ва ўргатилаётганига эътиборли бўлишлари керак. Чунки ўқитилаётган нарса Худонинг Каломига тўғри келадими, йўқми солиштириб, тахлил қилиб кўриш учун.
Narrator 1 Агар жамоатда кимдир Худонинг ҳақиқатига тўғри келмайдиган бирор нима айтадиган бўлса, ундайларни тўғрилаш ва охирги чора сифатида жамоатдан чиқариб юбориш керак. Бундай ёлғон ва нотўғри ўргатадиган ўқитувчилар Худога хизмат қилмайдилар. Бундайлар фақат ўзларининг фойдасига таълим берадилар. Таълим бераётганида ўзларидаги гапга чечанлик ва хушомадни қурол қилиб ишлатадилар. Юмшоқ ва чиройли сўзлар бошқаларни осонгина йўлдан адаштириши мумкин. Имонли экансиз, доно бўлишингиз ва атрофингиздан келаётган яхшилик, Худоданми ёки танадан келаётганини ажрата билишингиз лозим. Ҳар биримиз бошқа бир биродарга ўргатишга ҳақлимиз, чунки Муқаддас Руҳ ҳар биримизга алоҳида алоҳида инъомларни берган. Шунга қарамай, Худонинг ҳақиқатидан оғишиб кетмаслик учун, Унинг донолигини сўранг. Муқаддас Руҳ ўзининг қудрати билан бизга тинчлик ва хурсандчилик келтиради. Маълумотларга кўра ҳаворий Павлус бу мактубини Тертийга ёздирган.
Narrator 2 Тертий унинг сўзларини бирма-бир қоғозга туширган. Павлус билан бирга бўлган баъзи биродарлар ҳам, Римдаги биродарларга салом йўллаганлар. Балки уларнинг кўпчилиги Римдаги биродарларни кўрмагандир, аммо улардаги Муқаддас Руҳ бегона бўлганларни ҳам яқинлаштирган. Павлуснинг мактубидан у анчадан бери Римга бориш истагида бўлганлигини билишимиз мумкин. Аммо боргунига қадар, Худо унга берган очиқликларни Римдаги жамоат билан бўлишишни, уларга ҳам Худонинг Каломини етказишни истаган. Унинг мактубларидан Павлус ҳар бир жамоат учун астойдил, худди она ўз фарзандлари учун ибодат қилгандай, ибодат қилганини билишимиз мумкин. У ҳар бир мактубларида имонлиларни доно ва зийрак бўлишга ва ёлғон таълимотларга оғиб кетмасликка чақиради. Сиз ҳам азизлар яхшиликнинг асл манбаини аниқлаб олинг.