2:45

Қизингизга дўст танлаш

MP3

Ассалому алайкум меҳрибон опа-сингиллар. Қиз фарзандингиз борми? Бу жуда ҳам ажойиб. Худди сизга ўхшаган, сиз каби ҳаркат қиладиган, назокатли ва ёрдамчи қизга эга бўлиш жуда ҳам мароқли. Сиз қизингизнинг соғлиғи, ўқишлари ва тарбияли бўлиши билан қизиқиш баробарида, унинг дўстлари ҳақида ҳам яхшироқ маълумотга эга бўлишингиз керак. Қизингизнинг дўстлари қандай оила фарзандлари. Уларнинг ота-оналари кимлар? Улар ўзларини кўчада қандай тутишади? Чунки қизингиз балоғат ёшига етаётган пайтда фикрлари ўзгаришига кўпинча дўстлари сабаб бўлади. Энг аввало қизингизни шундай ўстиринг-ки, унинг ўз фикри бўлсин. Ҳар қандай ёт фикрларга ҳам осонгина эргашиб кетадиган бўлмасин.

Ана шундагина бегона ва зарарли фикрлар унинг онгига кира олмайди. Шундай бўлса ҳам, қизингиз қандай қизлар билан дўст бўлганини билиш сизга зарар қилмайди. Агар бўлмағур қизлар билан дўст тутинган бўлса, бу дўстлик унинг учун зарарли бўлишини жуда эҳтиётлик ва донолик билан тушунтиринг. Агар қизингиз дўст топишга қийналадиган бўлса-чи? Унда она сифатида қандай ёрдам беришингиз мумкин. Қиз 5 синфга ўтгач, унда дўстларга нисбатан фикр ўзгара бошлайди. 6-7 синфларга бориб эса, улғайиш олдидан унинг характери ҳам ўзгаради. Баъзи қизлар одамови бўлиб қолса бошқалари уятчан ва тортинчоқ бўлиб қолишади. Бу уларнинг дўст орттира олмасликларига бир сабаб бўлиши мумкин. Ўта талабчан ва инжиқ қизлар учун ҳам дўст орттириш муаммо.

Шундай ҳолатларда қизалоқнинг онаси ёрдамга келади. У қизи билан бир синфда ўқийдиган ёки у билан бирга юрадиган қизларни кузатиб, унинг яхши томонларини қизига кўрсата билиши керак. «Мана бу ўртоғинг жуда ҳам ёқимтой экан-а?» «Мактабга бормаганинг учун сенга қайғураяпти», — каби илиқ гаплар қизингизни у билан дўст бўлишини осонлаштиради. Ундан ташқари қизингиз билан бир синфда ўқийдиган қизлардан бир нечтасини уйингизга чақиринг. Улар учун қизлар кечаси ташкиллаштиринг. Улар биргаликда турли ўйинлар ўйнашсин, кино кўришсин ва суҳбатлашишсин. Агар ота оналари рухсат берса, сизникида ётиб қолишлари ҳам мумкин. Бу муносабат қизингиз дўст орттиришига ёрдам беради. Агар дўстлари бўлса, дўстликни мустаҳкамлайди.

Хат ёзишиш, телефонда суҳбатлашиш ёки СМС ёзишишларнинг ҳеч бири юзма-юз туриб муносабат қилганга етмайди. Ундан ташқари қизингиз мактабда ёки маҳалладаги тенқурлар билан ўйнаганда ўзини қандай тутишига ҳам қаранг. Унинг юз ифодалари, қўл ҳатти ҳаракатлари қандай? У тезда аччиқланадиган, инжиқ эмасми? Агар шундай бўлса, унинг нотўғри ҳаракатлари ва одатларини тўғрилашни бошланг. Бу одат ёки характер унга фақат зиён келтиришини тушунтиринг. Қизингиздаги нотўғри одатларни йўқотиш вақт талаб этади, бироқ кейинчалик бу унга ҳақиқий дўст топишга ёрдам беради. Бу мавзу ҳақида яна ҳам кўпроқ ва қизиқроқ маълумот олишни истасангиз, бизнинг www.najot.com сайтимизга марҳамат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top