Ассалому алайкум меҳрибон ва оқила опа-сингиллар. Аёлнинг бахти унинг фарзандли бўлганида. Ҳар бир аёл фарзанд кўриш учун яратилган. Умид билан ҳомиладор бўлгач, аёл кун санаб фарзанди дунёга келадиган кунни кутади. Ва ниҳоят фарзанди дунёга келади. У кунни фақат аёл эмас, чақалоқнинг дадаси, бувижону-бобожонлари интиқиб кутишади. Аммо туғруқдан кейинги муаммолар баъзи аёлларга қийинчиликлар туғдиради. Бугунги суҳбатимиз айнан шу ҳақида. Менинг бир қўшним бор. Унинг иккита ўғил фарзанди бор. Бир куни суҳбатимиз давомида унга яна бир фарзанд – қиз фарзанд кўришни маслаҳат бердим. Аммо у умуман фарзанд кўришдан қўрқар экан. Сабаби нима экан дейсизми? Бу – туғруқдан кейинги депрессия.
Туғруқдан кейинги депрессияга тушмаган аёллар унинг қандайлигини тасаввур ҳам қилишолмайди. Бунда аёл йиғлайди, бўлар-бўлмасга асабийлашади. Боласига қараганида ҳавотирланиш, қўрқиш ҳислари пайдо бўлади. Унга қараганида жуда катта масъулиятни ҳис қилади. Бошқа оналарда фарзанднинг борлиги, бошқа – фарзанд тарбиялаш, кийинтириш, касал қилмай парвариш қилиш ҳақидаги ҳавотирларни енгиб юборади. У келажакка умид билан қарайди. Бироқ депрессияга тушган она, шулар ҳақида ўйлаб ҳам йиғлайверади. Агар чақалоқ кечаси билан ухламаса, ундаги асабийлашиш икки баробар ортади. Аёлнинг туғруқдан кейинги депрессияга учрашига ҳомилдорликни қандай кечиргани ҳам сабаб.
Агар аёл ҳомиладорлик пайтида кўп ташвиш чеккан, асабийлашган, ҳотиржамликни ҳис қилмаган бўлса, бунда онанинг туғруқдан кейинги депрессияга учраши эҳтимоли ортади. Онанинг ҳомиладорлик пайтидаги ҳолати фарзанд саломатлиги учун ҳам муҳим. Шунинг учун аёл энг биринчи ўринда фарзандининг саломатлигини ўйлаб, ҳаётда бўладиган арзимас ҳолатларга енгилроқ қараши керак. Баъзида яқинда фарзандли бўлган аёл депрессияга тушганини ҳам билмайди. Чунки кўпчилик аёллар бундай касаллик борлигини ҳаёлларига ҳам келтиришмайди. Шунинг учун ҳам туғруқдан кейинги депрессияда шифокор ҳузурига боришмайди. Бу ҳақида аёлнинг турмуш ўртоғи, қайнона, қайнота ва келиннинг ўз онаси ҳам хабарсиз бўлса, туққан аёлга анча оғир бўлади.
Шундай пайтда энг керакли ёрдамчи турмуш ўртоқлар ҳисобланадилар. Аёл фарзандли бўлгач, йўқотган кучини, соғлиғини тиклаб олиши учун турмуш ўртоғи асосий ёрдамчи бўлиши керак. У аёлини авайлаши, тушуниши, унинг ҳавотирларига ҳамдард бўлиб, тўғри йўналиш бериши керак. Агар аёл қайнона қайнотаси билан бирга турса, қайнона ҳам унга ёрдам бериши лозим. Шунда депрессияни енгиш анча осонлашади. Ўзининг туғруқдан кейинги депрессияга учраганини билган аёл, ўзига бошқа ишлар билан чалғиш, китоблар ўқиш, ҳавотирларига енгил қараш билан ёрдам бериши керак. Иложи бўлса, турмуш ўртоғи билан қисқа муддатли сайрга чиқсин. Бу ҳам кундалик ҳаёт тарзига янгилик олиб киради. Бунинг учун аёлга турмуш ўртоғи ва қайнонаси ёрдам бериши керак. Туғруқдан кейинги муаммолар ҳақида билишни истасангиз, бизнинг www.najot.com сайтимиз сизга керакли маълумотни беради.