Ассалому алайкум азиз дўстлар, сизлар билан яна мавзуларимиз орқали учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Муқаддас Китобдаги яратилиш ҳикоясига асосан инсон Худонинг суратида яратилганини инобатга олмаган фикр нолойиқдир.
Худо суратининг аниқ маъносини таърифлашга иккиланишимиз мумкин, аммо инсон Худо суратида яратилган экан, бундан келиб чиқадики, Худо билан махсус муносабатга эга бўлмай туриб, инсон, ҳақиқий инсон бўла олмайди.
Худони назардан четда қолдирадиган бўлсак, биз инсоннинг нималигини билишга қанча уринмайлик, барчаси беҳудадир. Худо ва инсон ўртасидаги муносабатдагина инсоннинг вазифаси нималиги кўрсатилган.
Бизнинг жинсга эгалигимизни ҳам фақат Худо билан муносабатда англай олишимиз мумкин. Бутун мавжудот устидан ҳукмронлигимизни ҳам Худо билан муносабатдан ташқарида англай олмаймиз.
Инсоннинг билимни излаши, технологияни ривожлантиришга уринишлари, ҳатто бутун инсоният маданиятини тараққий эттиришга ҳаракати, буларнинг барчаси Худо бизга топширган вазифадир.
Инсон Худонинг олдида масъулиятга эга. Масъулият дегани эса кимгадир қиладиган ишимиз учун жавобгар бўлишимиздир. Бу сўзни инсонларнинг масъулият даражасига нисбатан қўллаш орқали, албатта, унинг маъноси кучсизланган.
Шунга қарамай, масъулиятли ҳамда масъулиятсиз одам ҳам Худонинг олдида баб-баравар масъулдир. Биз буни хоҳлаймизми, йўқми, барибир биз Худо олдида масъулмиз.
Инсоннинг жавобгарлиги асоси унинг эркинлигидир. Бу эркинликнинг маъноси яратилиш ҳикоясида таърифлаб берилган. Ибтидо китобининг1-боби 28 оятида аниқ кўрсатилганки, бизда ҳақиқий танлаш эркинлиги мавжуд, биз бир қанча танловлар ичида хоҳлаганимизни танлай оламиз.
Лекин шуни унутмаслигимиз керакки, эркинлигимиз бўлса-да, Худо бизга баракали бўлинглар, ҳукмронлик қилинглар, деб буюрган. Эркинлиги бўлмаган киши эса ҳукмронлик қила олмайди.
Мана шу маънони аниқ кўрсатиш учун Ибтидо китобининг 2-боби 16 ояти таржимасида, рухсат маъносида, сен боғдаги ҳамма дарахтнинг мевасидан “бемалол тановул қилавер”, деб айтилган. Аммо, асл ибронийча матнда “бемалол” сўзи йўқ, бунда гап тузилиши 17-оятдаги билан бир хилдир, яъни, “ейишинг биланоқ, шубҳасиз, ўласан.” – деганини билдиради. Азизлар, мавзумизни давомини келгуси дастуримизда давом эттирамиз. Ҳозирча хайр саломат бўлинг.