3:30

Тарбиячи ва Муқаддас Руҳ

MP3

Салом азизлар. Ер юзидаги қисқагина фаолияти давомида Исо Масиҳ Ўз қалбини жамики инсониятга бағишлаган эди. Бутун инсониятга нажот Хушхабарини улашиш вазифасини У ўн икки шогирдига юклаганди. Осмонга кўтарилиб кетишидан олдин Исо уларга Буюк Амрни беради. “Боринглар, барча халқлардан шогирд орттиринглар.” — дейилган бу амр Матто Хушхабарининг 28:19да ёзилган. Таълим–тарбия жараёнида биз одамдаги яширин қобилиятларини юзага чиқариб, ривожлантирамиз. Шунда ўша одам Худога янада самаралироқ тарзда хизмат қила оладиган бўлади. Аммо, эсимизда тутишимиз керакки, тарбиячи ҳеч қачон Муқаддас Руҳнинг ўрнини эгаллай олмайди. Биз одамнинг қалбига қўл суқиб унинг қадриятларини ўзгартира олмаймиз. Тўғри, ҳаётда қадриятлари умуман нотўғри бўлган одамларни кўп учратамиз, уларни ўзгартирмоқчи бўламиз, аммо бу ишни биз Муқаддас Руҳга қўйиб беришимиз керак.

Бу Унинг вазифаси, бизнинг вазифамиз эмас. Тарбиячи шогирдига фақат мақсадга етишига ёрдам бериши мумкин. Агар шогирд ўз ҳаётини тўлиқлигича Худога бағишламаган бўлса, Масиҳнинг шогирди бўлиш учун қурбон бўлишга тайёр бўлмаса, Худонинг нуқтаи назари уни қизиқтирмаса, бундай шогирдга тарбиячи кўп нарса бера олмайди. Шунинг учун китобнинг аксарият қисми масиҳийча ҳаётнинг илк асосларига бағишланган. Борди–ю, шогирд ўзини Исо Масиҳга бағишлаган бўлса, Исонинг хоҳиш–иродасини сидқидилдан бажармоқчи бўлса, тарбия жараёни осон ва қизиқ ўтади. Сўнгги тадқиқотлар натижасига кўра тарбиячи шогирдининг ривожланишига қўшадиган ҳиссаси қуйидаги икки омил билан чегараланиб қолар экан: 1) вақт ажратиш; 2) ўқишга имкон яратиш.

Шогирднинг ўсиши ва ривожланиши билан боғлиқ бўлган қолган ҳамма омиллар шогирднинг ўзига боғлиқ бўлади. Жавобгарлик туйғуси, жон–жаҳд билан ишлаш, ўқишга чанқоқлик, зийраклик, ўзгаришларга очиқ бўлиши ва шу каби бошқа омиллар шогирднинг ўз қўлидадир. Демак, тарбиячи шогирдидаги ўзгаришни тўлиқ бошқара олмайди. Бироқ шогирд ўз устида самарали тарзда ишлай олиши учун тарбиячи уни керакли ўқув қуроллари ва ўрганиш усулларини билан тўлиқ таъминлай олади. Шунда тарбиячи йўлбошчи вазифасини бажариб, шогирдга мақсадига эришишга ёрдам беради. Одамларни Масиҳнинг шогирди қилиб етиштириш учун турли хил қуроллар, метод ва усуллар мавжуд. Бу усулларни шогирдликнинг умумжаҳон қоидаларидан ажрата оладиган бўлиш керак. Келинглар, сизларга қоидалардан бирини мисол қилиб келтирай. Исо шундай деган эди: “Агар Менинг сўзларимга риоя қилсангизлар, ҳақиқий шогирдларим бўласизлар.”

Демак, шогирдлик қоидаларидан бири — доимо Каломга риоя қилиш экан. Муқаддас Китобни ўрганишга ва калит оятларни ёд олишга ёрдам берадиган қўлланмалар кўп, аммо Каломга риоя қилиш одамнинг ўз измида. Имонга янги келган одам Каломни ўрганиш усулларига кўп қизиқиши мумкин, аммо ёдингизда тутинг, Каломга риоя қилиш унданда муҳимроқ. Усул ҳеч қачон мақсаддан устун келмаслиги керак. Имонга янги келган масиҳий билан ишлар экансиз, унга шундай савол бериб кўришингиз мумкин: “Шогирд дегани нима?” У сизга турли хил жавоблар берганидан кейин, унга: “Кел, кейинги ҳафта давомида Юҳанно баён қилган Хушхабарни ўқиб чиқайлик, — деб таклиф қилинг, — Шогирд ким эканлигини ўша Хушхабардан ўрганиб оласиз.” Хайр, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top