Салом азизлар. Ер юзидаги қисқагина фаолияти давомида Исо Масиҳ Ўз қалбини жамики инсониятга бағишлаган эди. Бутун инсониятга нажот Хушхабарини улашиш вазифасини У ўн икки шогирдига юклаганди. Осмонга кўтарилиб кетишидан олдин Исо уларга Буюк Амрни беради. “Боринглар, барча халқлардан шогирд орттиринглар.” — дейилган бу амр Матто Хушхабарининг 28 боб, 19-чи оятда ёзилган. Табиатда салмон деган балиқ бор. Бу балиқ учун кўпайиш — ўлим билан баробар. Тухум қўйиш пайти келганда салмон сув оқимга қарши сузиб, қумга тухум қўяди, сўнг ўлади. Буғдой дони ҳам ҳосил бериш учун ўлиши керак. Исо шундай деган эди: “Сизларга чинини айтай: агар буғдойнинг дони ерга тушиб ўлмаса, у бир донлигича қолади. Агарда ўлса, кўп ҳосил беради.” (Юҳанно 12:24).
Ҳатто атом бомбаси ҳам портлашни ҳосил қилиш учун, ичидан парчаланиб кетади.
Шогирд орттириш — кўпайиш демакдир. Кўпайиш жараёни шунчаки Хушхабар ёйиш билан чекланиб қолмайди. Шогирд орттириш кўпроқ вақт талаб қилади. Раббимиз Исо буюрган Буюк Топшириқни бажарганимизда шуни ҳисобга олишимиз керак. Келинглар, сизларга бир мисол келтирай: мойланган хушхабарчи ҳар куни мингта одамга Хушхабар айтиши мумкин. Шунда бир йил давомида у 365 000 кишига нажот хабарини етказган бўлади. Энди уни бир кунига мингта одамни эмас, балки бир йилда бир одамни имонга олиб келган биродар билан солиштирайлик. Бир йил давомида ўша биродар фақатгина биттагина одамни, хушхабарчи эса 365 000та одамни имонга олиб келган бўлади. Лекин бу биродар нафақат бир одамни имонга олиб келади, балки уни шогирд қилиб ўстиради, деб фараз қилайлик. У шогирдига ибодат қилишни ва Муқаддас Китобни мустақил ўқишни ўргатади, имонли биродарлар орасига олиб келади, шунингдек, Хушхабар айтишни ўргатади, дейлик. Йилнинг охирига келганда, бу шогирд ҳам ўз навбатида шогирд орттириб, ўстира бошлайди. Иккинчи йилнинг бошига келиб, юқорида айтиб ўтилган биродар ўз хизматини икки баробар кўпайтирган бўлади — у энди бир ўзи эмас, шогирди билан иккита бўлишди. Иккинчи йил давомида улар иккови чиқиб, мингта одамни эмас, ҳар бири бир одамни имонга олиб келади. Иккинчи йилнинг охирига бориб, улар тўртта бўлишади. Кўпайиш жараёни нақадар секин кетаётганига ўзингиз гувоҳсиз. Бироқ эътибор беринг, улар имонга олиб келган шогирдларни руҳий гўдак ҳолида ташлаб қўймай, уларни ўстиришяпти. Агар улар ҳар йили биттадан шогирд орттиришса, йигирма тўртинчи йилга келганда сон жиҳатдан хушхабарчидан ўзиб кетишади. Шундан кейин бу битта биродарнинг хизмати ўнта таниқли хушхабарчининг хизматидан ҳам самаралироқ бўлади.
Бу билан мен хушхабарчининг хизматини камситмоқчи эмасман. Шунчаки, хушхабарчи ҳалок бўлаётган дунёни бир ўзи қутқара олмайди, деб айтмоқчиман.
Кўпайиш жараёнини яна қуйдаги мисол билан тушунтирса ҳам бўлади. Бир одам икки ўғлига шундай деди: “Сизларга эллик икки ҳафта давомида пул бермоқчиман. Хоҳласангиз ҳар ҳафта ўн минг сўмдан бераман ёки биринчи ҳафта юз сўм бериб, ҳар кейинги ҳафта берилган пулнинг миқдорини икки баробар ошириб бераман.” Тўнғич ўғил ҳафтасига ўн минг сўмдан олишга рози бўлди. Кенжа ўғил эса отасига шундай деди: “Отажон, менга юз сўм бера қолинг, натижаси нима бўлишини кўрмоқчиман.” Бу вазиятда кенжа ўғилнинг қарори тўғрилиги ҳаммамизга маълум. У акасига қараганда анча катта пул олади, чунки биринчи йилнинг охирига келиб, бутун умрига етадиган пулга эга бўлади.