3:23

Шогирдлик ва тер тўкиш

MP3

Салом азизлар. Ер юзидаги қисқагина фаолияти давомида Исо Масиҳ Ўз қалбини жамики инсониятга бағишлаган эди. Бутун инсониятга нажот Хушхабарини улашиш вазифасини У ўн икки шогирдига юклаганди. Осмонга кўтарилиб кетишидан олдин Исо уларга Буюк Амрни беради. “Боринглар, барча халқлардан шогирд орттиринглар.” — дейилган бу амр Матто Хушхабарининг 28 боб, 19-чи оятда ёзилган. Эсингизда бўлса, ҳаворий Павлус шогирди Тимўтийга шундай деган эди: “Кўп шоҳидлар ҳузурида сен мендан нима эшитган бўлсанг, бошқаларга ҳам таълим беришга қобилиятли, ишончли одамларга топширгин.” (2Тимўтийга 2:2).

Бу парчада тўртта авлод тилга олинган: Павлус, Тимўтий, ишончли одамлар ва бошқалар. Кўпайишга эришиш учун биз бошқаларга таълим бера оладиган ишончли одамларни шогирд қилиб ўстиришимиз керак. Кўпайиш учун зарур бўлган шогирд ўстириш жараёни секин кечади ва қимматга тушади. Бу жараён кўп вақт талаб қилади. Агар уни қисқа вақтда амалга оширмоқчи бўлсангиз, бутун жараённи ҳавф остига қўйган бўласиз. Шу сабабга кўра шогирд ўстириш хизмати ҳеч қачон машҳур бўлмаган. Бу хизматнинг самараси ҳаммага ёқади, бироқ унга етишиш учун ҳеч ким тер тўкиб, меҳнат қилгиси келмайди. Мен бир дўстим билан шогирд ўстириш хизмати ҳақида гаплашганимизда, у менга шундай деди: “Мен ҳозир элликта шогирдга устозлик қиляпман.” Шунда биз иккаламиз бошқа–бошқа мавзулар ҳақида гапираётганимизни сездим. Чунки бир пайтнинг ўзида элликта одамга устозлик қилиб бўлмайди — бу имконсиз нарса. Шогирд ўстириш шахсий муносабатга асосланган. Шогирдларни ёппасига ўстириб бўлмайди.

Раббимиз Исо ердаги хизмати давомида инсон қиёфасидаги Худо эди. У барча руҳий инъомларга эга эди. У мукаммал эди, оилага ғамҳўрлик қилиш ва пул топиш жавобгарликларидан ҳоли эди. Шунга қарамай, У Ўзига фақатгина ўн икки шогирдни танлаганди. Ўша ўн икки шогирди орасидан эса, учтасини Ўзига энг яқин тутди. Агар Раббимизнинг Ўзи фақатгина ўн иккита шогирдни ўстирган бўлса, бизга йўл бўлсин. Биз ўзимизга ҳос бўлган ожизлик ва чекланишларимиз билан, икки дунёда ҳам бир пайтнинг ўзида элликта шогирдни ўстира олмаймиз.

Павлус Коринфдаги жамоатга ёзган иккинчи мактубида ўз сафари ҳақида шундай деган эди: “Масиҳнинг Хушхабарини етказиш учун Троас шаҳрига келганимда, Раббим менга бир эшик очиб берган эди. Шунга қарамай, руҳим тинч эмас эди, чунки биродарим Титусни у ерда топмаган эдим. Ниҳоят, у ёқдагилар билан хайрлашиб, Македонияга жўнадим.” (2Коринфликларга 2:12–13)

Павлус Троас шаҳрига борганида Худо унга нафақат Хушхабар айтиш имкониятини, балки Хушхабарга қулоқ соладиган одамларни ҳам берган эди. Бироқ шогирди Титус у ерда бўлмагани учун, Павлус ундан ҳавотир олиб, уни қидириб кетди. Титусни деб, Павлус бутун шаҳарга Хушхабар айтиш имкониятини қўлдан бой берди. Ўша вазиятда Павлус ҳис–туйғусига берилиб, нотўғри иш қилди, деб ўйлашимиз мумкин. Аммо, ким билсин, балки ҳақиқатан ҳам ўша вазиятда Титусни топиш, бутун шаҳарга воизлик қилишдан кўра муҳимроқ бўлгандир. Нимага? Чунки Павлус Титусни ўзига ҳамкор қилиб ўстирганда эди, у ўз хизматини икки ҳисса самарали қила олган бўларди. Кейинчалик, улар биргаликда бир шаҳар аҳолисига эмас, балки иккита шаҳар аҳолисига Хушхабар айтишлари мумкин эди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top