Салом азизлар. Ер юзидаги қисқагина фаолияти давомида Исо Масиҳ Ўз қалбини жамики инсониятга бағишлаган эди. Бутун инсониятга нажот Хушхабарини улашиш вазифасини У ўн икки шогирдига юклаганди. Осмонга кўтарилиб кетишидан олдин Исо уларга Буюк Амрни беради. “Боринглар, барча халқлардан шогирд орттиринглар.” — дейилган бу амр Матто Хушхабарининг 28 боб, 19-чи оятда ёзилган. Шогирд ортириш, у аввалам бор шогирдларнинг кўпайишини англатади. Кўпайиш жараёнида ҳар бир шахс муҳим. Буни биз Ҳаворийларга 8–бобдан билиб олишимиз мумкин. Ҳаворийлар китобининг 6–бобида танланган хизматкорлардан бири бўлган Филип Самария шаҳрига бориб, Хушхабарни айтди. 8–боб, 6–оятида эса, у ҳақда шундай ёзилган: “Филипни тинглаб турган ва қилган мўъжизаларини кўрган оломон унинг гапларига диққат билан қулоқ солдилар.”
Филипнинг хизмати шу қадар муваффақиятли эдики, ҳатто Қуддусдаги оқсоқоллар келиб, Филипнинг хизматини ўз кўзи билан кўрмоқчи бўлдилар, уни дуо қилмоқчи эдилар. Филип оломонга Хушхабар айтаётган муҳим бир пайтда, Худонинг Руҳи Филипни чақириб, уни Қуддусдан Ғазо шаҳрига олиб борадиган саҳро йўлига жўнатди. Филип у ерда ҳабашинстонлик бир амалдорни учратиб қолди (26–27–оятлар). Агар Филип ўз хизматини бу амалдор орқали кўпайтира олган бўлса, демак Хушхабар ўша амалдор орқали Ҳабашистонга ҳам кириб борган, деб тахмин қилишимиз мумкин. Шогирд ўстириш хизмати — кўзга ташланадиган хизматлардан эмас. Бу хизматда сиз минглаб одамлар олдида туриб гапирмайсиз, шуҳратга эришмайсиз. Бироқ шогирд танлашда адашмаслигингиз керак. Шогирд бўладиган одам мақсадга интилувчан, тарбия кўрган, чин юрақдан Исо Масиҳга бағишланган, Худонинг иродасини амалга ошириш учун ҳар қандай қурбонликка тайёр бўлган инсон бўлиши даркор. Бундай шогирдга вақтингизни бағишланг, қийинчиликларни енгиб ўтишига ёрдам беринг. Тўғри, бу осон иш эмас. Кўпинча одамлар: “Бундай хизмат учун менда керакли инъомларим йўқ”, — деб айтишади. Ёки: “Худо мени бу хизматга чақирмаган”, — дейишади. Матто 28–боб, 19–20–оятлардаги Буюк Топшириқда шундай дейилган: “Бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар.” Демак, устозлар шогирдлари олдига боришлари керак. Қадимда жамоат аъзолари, Буюк Топшириқни ҳамма имонлиларга тааллуқли, деб билишарди. Ундай бўлса, ҳар бир масиҳий устозлик қилиши мумкин. Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир имонли киши шогирд орттириш хизматига чақирилган. Бизнинг инъом ва қобилиятларимиз қандай бўлишидан қатъий назар, ҳаммамиз устозлик қилишга чорланганмиз.
Ҳар биримизда устозлик қилиш учун керакли инъомларимиз бор. Сиз ўқитувчи, ўй бекаси ёки инженер бўлишингиз мумкин, касбингиз нима бўлишидан қатъий назар, сиз устозлик ҳам қилишингиз керак. Агар устозлик қилмаётган бўлсангиз сизга бир маслаҳат берардим: Тимўтий Павлусга шогирд тушгандай ёки Бутрус, Ёқуб ва Юҳанно Исога шогирд бўлгандай, сиз ҳам бировга шогирд тушинг. Устозингиз сизга шогирд орттиришни ўргатсин. Устозингизга ёпишиб олинг. Унга тақлид қилинг, зарур бўлган фазилатларни ўзингизда ривожлантиринг. Устоз бўлиб етишинг. Ҳар бир масиҳий одам икки турдаги саволларга жавоб бера оладиган бўлиши керак, биринчидан: “Устозим ким? Мен кимдан ўрганяпман? Устоз бўлиб шаклланишимга менга ким ёрдам беряпти?” Иккинчидан: “Менинг шогирдим ким? Мен кимни устоз қилиб етиштиряпман?” Хайр, омон бўлинг.