3:43

Шогирд ортириш – Худонинг иши

MP3

Салом азизлар. Ер юзидаги қисқагина фаолияти давомида Исо Масиҳ Ўз қалбини жамики инсониятга бағишлаган эди. Бутун инсониятга нажот Хушхабарини улашиш вазифасини У ўн икки шогирдига юклаганди. Осмонга кўтарилиб кетишидан олдин Исо уларга Буюк Амрни беради. “Боринглар, барча халқлардан шогирд орттиринглар.” — дейилган бу амр Матто Хушхабарининг 28 боб, 19-чи оятда ёзилган. Аждодимиз Ёқуб ўн икки ўғил кўрган эди. Муқаддас Китобда улар ҳақида шундай деб ёзилган: “Исроил насли эса баракали бўлиб, борган сари кўпайиб бораверди. Миср юрти улар билан тўлиб–тошди.” (Чиқиш 1:7). Шу сингари Исо ҳам Ўзига ўн икки шогирд танлади. Бу шогирдлар Исонинг “руҳий фарзандлари” эдилар. Исо ҳаётининг уч йилини уларга бағишлади, сўнг эса уларга кўпайишни ва Хушхабарни бутун жонзотга айтишни буюрди. Исонинг ўн икки шогирди бу амрга итоат қилганлари учун ҳозирги кунда сиз ва мен масиҳий бўлиб юрибмиз.

Руҳий кўпайиш ҳақиқатан ҳам бор нарса! Павлус ўзининг иккинчи сафари давомида Хушхабарни бутун Асия вилоятига ёймоқчи бўлди. Ҳаворийлар китобининг 16–боб, 6–11–оятларида ёзилишича, Муқаддас Руҳ унинг бу режасини барбод қилиб, уни Троас шаҳрига жўнатди. У ерда Павлусга ваҳий келди. Бу ваҳийга кўра, у Македонияга бориши керак эди. Хуллас, Павлус Асияга бормай, ҳозирги кундаги Европага борди. Павлуснинг учинчи сафари давомида нима рўй берганга ҳам эътибор берайлик. Унинг бу сафари ҳақида Ҳаворийлар китобининг 19–бобида ўқишимиз мумкин. Павлус Асия вилоятидаги Эфес шаҳрига қайтиб борди. 8–10–оятларда шундай деб ёзилган: “Павлус синагогага уч ой давомида бориб, жасорат билан халққа гапириб, Худонинг Шоҳлиги тўғрисида ишонч билан далиллар келтирди. Аммо баъзилари ишонишни рад қилдилар ва ҳамманинг олдида Исонинг йўли тўғрисида ёмон гапларни айтдилар. Павлус ёнига имонлиларни олиб, уларнинг ҳузуридан кетди. Ҳар куни у Тиран деган одамнинг маъруза залида мунозара ўтказадиган бўлди. Бу ҳолат икки йил давом этди, Асия аҳолисининг ҳаммаси — яҳудийлар ҳам, юнонлар ҳам Раббийнинг каломини эшитишди.”

Бу парчада руҳий кўпайишнинг гўзал мисолини кўришимиз мумкин. Павлус Тираннинг маъруза залида мунозара ўтказгани учун бутун Асия аҳолиси Исо Масиҳнинг каломини эшитди. Китоб муаллифи Луқо Асия аҳолиси — яҳудийлар ва юнонлардан ташкил топганини бизга изоҳлаб берган.

Янги Аҳднинг мақсади — шогирдларни кўпайтиришдан иборат, Буюк Топшириқни бажаришнинг ягона йўли ҳам шу. Бу мавзуни Муқаддас Китобдан мустақил тарзда ўрганиб чиқишингиз мумкин. Бу жуда фойдали бўлади, деб ўйлайман.

Шогирд орттириш муайян бир уй гуруҳи ёки жамоатнинг хизмати эмас. Бу — Худонинг хизматидир. Худо буни дунёни яратишдан олдиноқ режа қилган. Инсон зоти жисмонан кўпайгани сингари, руҳан ҳам кўпаяди. Аммо руҳий жанг сабаби кўп масиҳийлар устозлик қилишга ўзларини номуносиб, деб билишади ва ўзларини четга олишади. Шунинг учун, Худонинг Ҳизқиё пайғамбарга айтган фиғони ҳануз жарангламоқда: “Деворни қайта қурадиган, деворнинг ўпирилиб тушган жойида туриб, юртни ҳимоя қиладиган бирорта одам бормикан, дея уларнинг орасидан изладим. Аммо юртни қаҳримдан сақлаб қолмоқчи бўлган бундай одамни топа олмадим.” (Ҳизқиё 22:30). Сиз Худонинг бу фиғонини эшитдингизми? Худо қидирган ўша одам сиз бўла оласизми? Одамларни Худонинг йўлига бошлаб, уларга устозлик қиласизми?

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top