Салом азизлар. Ер юзидаги қисқагина фаолияти давомида Исо Масиҳ Ўз қалбини жамики инсониятга бағишлаган эди. Бутун инсониятга нажот Хушхабарини улашиш вазифасини У ўн икки шогирдига юклаганди. Осмонга кўтарилиб кетишидан олдин Исо уларга Буюк Амрни беради. “Боринглар, барча халқлардан шогирд орттиринглар.” — дейилган бу амр Матто Хушхабарининг 28 боб, 19-чи оятда ёзилган. Ҳаворий Павлус чодирлар тикиш орқали ўз нонини топар эди. Агар Павлусдан чодир сотиб олиш имкониятига эга бўлганингизда эди ишончим комилки, юқори сифатли буюмни ҳарид қилган бўлардингиз. Павлуснинг ўзи шундай насиҳат қилганди: “Ҳар бир ишни инсонлар учун эмас, Раббимиз учун қилаётгандай чин қалбдан бажаринглар.” (Колосаликларга 3:23). Бироқ Павлус Рим империясида чодир ишлаб чиқарадиган энг катта фабрика очишни ўзига мақсад қилиб қўймаганди. У ўз ҳаётини одамларга бағишлаганди.
Қуйидаги оят менга кўп далда беради: “Ёқуб наслини эса Эгамиз Ўзига улуш қилиб олди, Исроилни Ўз насибаси қилди.” (Қонунлар 32:9). Одамлар меросга эга бўлиш учун, ота–онасининг ёқи қариндошининг ўлимини кутиб юришади. Қодир Худо эса хоҳлаган нарсасини ўзига улуш ёки мерос қилиб олиши мумкин эди. Агар У хоҳлаган нарса мавжуд бўлмаса, У ўша нарсани бир оғиз сўзи билан яратиши мумкин эди. Ахир: “Самолар бунёд бўлган Эгамизнинг каломидан, самодаги жисмлар яралган Унинг нафасидан.” (Забур 32:6). Бироқ Худо Ўзи учун нарса ва буюмларни эмас, одамларни улуш қилиб олди! У Ўз халқини насибаси қилди!
Ҳа, Қодир Худо одамларни Ўзига улуш қилиб олди, уларни Ўзига мерос қилиб танлади. Шуни эсингизда тутган ҳолда Ишаё 43:4ни ўқиб, мулоҳаза қилинг: “Кўз олдимда азизсан, қадрлисан, Мен сени севаман. Шу боис сенинг эвазингга одамни, жонинг эвазига халқларни бераман.” Худо бу сўзларни Исроил халқига айтган, Исроилнинг нажоти эвазига бошқа халқларни тўлов тариқасида беришни ваъда қилган. Аммо бу сўзлар бизга ҳам тааллуқли. Худо биз орқали бошқа одамнинг жонини қутқармоқчи. Худо бизни ўз мақсади йўлида ишлатар экан, бизни ҳам Ўз меросига лойиқ қилади. У бизни ҳам Ўз халқи қаторига қўшади. Исо шундай деганди: “Ортимдан юринглар, Мен сизларга одамларни овлашни ўргатаман.”
Бир хил одамлар ўз ҳаётини бойлик, пул ва дунё топишга бағишлайдилар. Бироқ буларнинг ҳаммаси охиратда ёниб кул бўлади. Буни Худонинг Ўзи айтган. Шундай бўлса–да, Худо бизни бундан ҳам аълороқ бойликка, яъни Ўз насибасига шерик қилмоқчи. У бизга инсон овчилари бўлиш юксак вазифани юклаяпти. Бу энг юксак шарафдир ва буни биз ҳаётимиз учун мақсад қилишимиз мумкин. Келинглар, ўз ҳаётимизни одамларга бағишлайлик! Қандай қилиб ҳаётимизни одамларга бағишлашимиз мумкин? Павлус бу ҳақда шундай ёзган: “Сизларга жуда қаттиқ кўнгил боғлаган эдик. Шунинг учун сизларга Худонинг Хушхабарини айтибгина қолмадик, балки юрагимиздан ҳам жой бердик. Чунки сизлар бизга жуда азиз бўлиб қолгандингиз.” (1Салоникаликларга 2:8). Бу дегани, одамларнинг ҳаётида иштирок этишимиз лозим. Уларнинг қайғуларига ва хурсандчиликларига шерик бўлишимиз керак. Павлус Салоника шаҳрига борганида у ердаги жамоатга воизлик айтиш билан чекланиб қолмаган эди. У ўша одамларга ўз қалбидан жой бериб, уларни қадрлаганди, ўзига яқин тутганди.