Салом азизлар. Каломнинг донолиги деб номланган дастурга хуш келибсиз. Бугундан бошлаб биз сизлар билан Каломдан муҳм ўрин эгаллаган ҳаворий Павлуснинг Римликларга йўллаган мактуби ҳақида сўз юритамиз. Хаворий Павлуснинг Римликларга ёзган мактуби – гуноҳга ботган инсониятга бўлган Худонинг таъсири ҳақидаги китобдир. У, гуноҳкор қалбга шифо берувчи Раббимиз Исо Масиҳнинг Ҳушхабарини ёяди. Худонинг буюк нажот режасининг ягона йўли, бу хазрати Исонинг ўлими ва тирилишидир. Барчамиз, айнан шу одамларнинг жумласига, яъни гуноҳкор табиатга эга инсонлар қаторига кирамиз. Чунки, барчамиз гуноҳ қилиб, Худонинг иноятидан маҳрум бўлганмиз.
Римликларга ёзилган мактубни ўрганар эканмиз, Худо бизнинг юракларимизда нималар бўлаётгани ва бошимиздан нималарни кечираётганимизни билиши ҳақидаги хабардир. Шунинг учун, хеч ким Худонинг олдида ўзининг солиҳлиги билан мақтанмасин. Павлуснинг хабарида, ҳамма гуноҳ қилган деб ёзилган.
“Хўш, шундай қилиб, биз, яҳудийларнинг ўзга халқларга қараганда устунлигимиз борми, ўзи? Асло йўқ! Чунки илгари исбот этганимиздек, хоҳ яҳудий бўлсин, хоҳ юнон бўлсин, ҳамма одамлар ҳам гуноҳнинг ҳокимияти остидадирлар. Забурда ёзилишича: «Солиҳ киши йўқ, Бир киши ҳам йўқдир. Идрокли ҳеч ким йўқ, Худони изловчи ҳеч ким йўқдир. Ҳамма гумроҳ бўлди, барча бузилди.
Яхшилик қилгувчи йўқ, бирор киши ҳам йўқ. Уларнинг бўғзи – очиқ лаҳаддир, Сўзларида – тилёғламалик, Тиллари остида – илон заҳари. Зардага, заққумга тўла оғизлари, Қон тўкмак-чун чаққондир оёқлари. Улар қадам босган жойга фалокат келур. Улар билмас тинчлик йўлини. Худодан қўрқиш йўқ уларнинг кўз ўнгида».
Энди биз биламизки, Илоҳий Қонун неки буюрган бўлса, Қонунга қарам бўлганларга буюрган, токи ҳар бир оғиз юмилсин ва бутун дунё Худо олдида гуноҳкор бўлсин. Зотан Қонун амрларини бажо қилиш билан ҳеч кимса Худо олдида ўзини оқлай олмайди. Аксинча, Илоҳий Қонун инсонга ўз гуноҳкорлигини янада аниқроқ кўрсатади.” (Рим 3).
Хаворий, ушбу оятларда хеч бир солиҳ киши йўқ демоқда. Одам дунёга гуноҳкор табияти билан келар экан. Ушбу гуноҳ, бизнинг суякларимизда, қонимизда экани, ва қанча уринмайлик, ўз савоб ишларимиз Худонинг нажотига эриша олмаслигимизни билдирмоқда. Ёши улғайган бўлсин, янги туғилган болакай бўлсин, иродали эркак бўлсин, барчаси гуноҳкор табиятга эгадир. Хеч биримиз қанча ҳаракат қилмайлик, қанча жон куйдирмайлик, Худонинг амрларига таяниб яшай олмаслигимиз ҳақидадир. Биз бошидан гуноҳкормиз, чунки биз, гуноҳкор Одам Атонинг авлодидан тарқалган инсонлармиз. Биз фақат Худонинг инояти орқали нажот топишимиз мумкин. Фақат шу ҳақиқатни тушуниб етганимиздан сўнг, оқланишимиз мумкин. Оқланиш дегани, бу солиҳликни олиш деганидир. Айнан Худонинг севгиси орқали нажот топиш деганидир. Айнан гуноҳкорлигимизни тан олганимиздан кейин, ҳақиқий ҳаётимиз бошланади. Ўз кучимизга ишониб солиҳликка эришиб бўлмайди, чунки бу нарса қўлимиздан келмайди. Бундай нарса фақат Худонинг қўлидан келади. Ўз солиҳлигимизга ишониб, жаннатдга йўл олишни орзу қилмасак ҳам бўлади. Чунки, фақат гуноҳкорлигимизни ва кучсизлигимизни Худонинг олдида тан олиб иқрор бўлганимиздан кейингина биз нажот топишимиз мумкин. Омон бўлинг азизлар.