3:32

Хушхабар Исонинг келишидан олдин башорат қилинган

MP3

Салом азизлар. Каломнинг донолиги деб номланган дастурга хуш келибсиз. Бугундан бошлаб биз сизлар билан Каломдан муҳм ўрин эгаллаган ҳаворий Павлуснинг Римликларга йўллаган мактуби ҳақида сўз юритамиз. Хаворий Павлуснинг Римликларга ёзган мактуби – гуноҳга ботган инсониятга бўлган Худонинг таъсири ҳақидаги китобдир. У, гуноҳкор қалбга шифо берувчи Раббимиз Исо Масиҳнинг Ҳушхабарини ёяди. Римликларга мактубнинг бошидаёқ, хаворий Павлус, Хушхабарни хазрати Исони дунёга келишидан олдин башорат қилинганлиги ҳақида ишора қилади. Ушбу башорат, албатта, Эски Аҳдда Худо томонидан одамзотга ваъда қилинган эди. Айнан муқаддас ёзувларда Худо бир неча пайғамбарлари орқали Ўзининг буюк нажот режасини маълум қилган эди.

Эсингизда бўлса, Эммаус йўлида хазрати Исо икки шогирд билан гаплашиб кетади. У ердаги ажойиб сухбатта, хазрати Исо, Мусо пайғамбардан бошлаб барча пайғамбарлар У ҳақида ёзиб қолдиришгани ҳақида айтади. Чиндан ҳам, хазрати Исонинг Ўзи Эски Аҳд китобларида қандай мухим ўрин эгаллаганини жуда яхши билар эди. Эски Аҳд китобларини ўрганар эканмиз, биз ҳам у ерда нажоткорнинг келиши ҳақида аниқ кўрсатмалар борлигини кўрсак бўлади. Эски Аҳдни синчиклаб ўқир экансиз, у ерда “Кимдир” келиши кераклиги ҳақидаги туйғуларни сезасиз. Барча Калом пайғамбарлари У ҳақда айтади, барча қурбонликлар буюк нажоткорга ишора қилади, одамларнинг умидлари айнан келиши керак бўлган ва Худо томонидан ваъда қилинган нажоткорга қаратилганини кўриш мумкин.

Сўнг, Янги Аҳд бизга Байтлаҳм шахрининг ёнида подаларга қараётган чўпонларга фаришта зоҳир бўлиб, уларга умид қўшиғини айтади: «Ўша юртда чўпонлар бор эди. Улар тунда сурувларини пойлаб, далада тунар эдилар. Тўсатдан Худованднинг фариштаси уларнинг олдида пайдо бўлди ва илоҳий нур уларнинг кўзларини қамаштирди. Бу даҳшат чўпонларни ваҳимага солди. – Қўрқманглар! – деди уларга фаришта. – Мен сизларга эл-халқни чексиз қувонтиражак Хушхабарни келтирдим. Бугун Довудлар шаҳрида сизлар учун Халоскор туғилди. У Раббимиз – Масиҳдир. Мана, сизларга Унинг белгиси: йўргакланган, охурда ётган чақалоқни топасизлар.

Бирданига фаришта ёнида лак-лак самовий қўшинлар бўй кўрсатди. Улар Худога ҳамду сано айтишарди: «Самодаги Худога ҳурмату иззат, Ердаги бандаларга тинчлигу марҳамат!» Фаришталар улар олдидан осмонга кўтарилган замон, чўпонлар ўзаро сўз қотдилар: – Қани келинглар, Байтлаҳмга бориб, Худованд бизга билдирган бу воқеани кўрайлик! Улар югура боришиб, Марям, Юсуф ва охурда ётган чақалоқни топдилар. Кўришибоқ, чақалоқ ҳақида ўзларига айтилган башоратдан сўзладилар. Ҳамма эшитганлар чўпонларнинг гапига жуда ҳайрон бўлишди. Марям эса бу сўзларнинг барини дилига тугиб олиб, чуқур ўйлаб юрди. Охири чўпонлар: – Биз ҳамма нарсани айни айтилганидек топдик, – деб, эшитиб кўрганлари учун Худога ҳамду сано ўқиб, қайтдилар». (Луқо 2). Худонинг ваъда қилинган Нажоткори дунёга келган эди. Юз йиллар мобайнида пайғамбарлар орқали Худо башорат қилиб келган инсоният Умиди оламга келган эди. Шунинг учун хаворий Павлус, Римликларга йўллаган мактубида айнан хазрати Исони Худо томонидан ваъда қилинган нажот қўзиси эканини бизга айтади. Барча муқаддас битиклар, айнан хазрати Исонинг одамзод учун қиладиган қурбонлиги ҳақида сўзлаган. Биз билан қолинг. Яна эфир орқали учрашгунча, хайир!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top