Ассалому алайкум. Аксарият оналар ўзларини болаларига бахшида этадилар. Бундайлар асосан тўнғич фарзандини узоқ кутган аёллар ўртасида кўп учрайди. Улар ҳамма нарсани унутиб, фақат туғилажак болалари ҳақида ўйлашади. Айни пайтда ҳомиладорлик таътилида аёл нима билан шуғуланиши керак, деган савол кўпчиликни қийнайди. Она биринчи ўринда албатта болага ғамхўрлик қилиши керак. аммо бола ухлаганда фойдали ва ёқимли ишлар билан шуғулланиши мумкин. Ухлаётган гўдак билан бирга сайр қилиш болага ҳам, онага ҳам бирдек фойдали. Бундан ташқари, очиқ ҳавода пиёда сайр қилиш ёш онанинг ташқи кўринишини яхшилайди. Агар кўчада ҳаво ёмон бўлса, уйда она нима билан шуғулланиши керак?
Мустақил ўқиб билим олиши мумкин. Шунингдек, бирор хорижий тилни ўрганса ҳам бўлади. Бунинг учун ҳар куни 1-2 соат вақт ажратиши кифоя. Бунинг учун хоҳиш бўлса бас. Агар сизнинг ҳомиладорлик таътилингизда оилангиз пулга муҳтож бўлиб, қийналиб қолса, пул топиш йўлини ўйланг. Масалан, тикувчиликка ўқиб, бичиш-тикиш ва тўқишингиз мумкин. Ҳозирги кунда бундай ўқув курслари жуда кўп. Албатта ишни пухта ўрганинг. Чунки рақобат катта. Агар сизда ёзувчилик қобилияти бўлса, бу соҳада ўзингизни синаб кўринг. Ўз устингизда ишлаб, ёзувчилик иқтидорингизни сайқаллаштиринг. Газета журналларга мақолалар ҳамда ҳикоялар ёзинг. Бу сизнинг дунёқарашингизни янада кенгайтиришга ёрдам беради.
Мен битта аёлни биламан, унинг хоббиси торт пишириш, бўлиб шу йўл билан у пул топарди. У тортларни мастикалар илан шундай безардики, ҳақиқатдан ҳам ноёб асар яратарди. Унинг тортлари шу қадар чиройлилигидан уни кесишга одамнинг кўзи қиймасди. Ундан бу даражага қандай эришганини сўрасам, у торт пишириш билан ҳомиладорлик таътилида сал-пал шуғулланганини айтди. Охир-оқибатда ҳозир унинг ширинликлар ишлаб чиқарувчи кичик бизнеси бор. Шундай экан, сиз ҳам ҳомиладорлик таътилида бўш ўтирмай, бирор бир фойдали юмуш билан шуғулланинг. Масалан, расм чизиш, бирорта мусиқа асбобини чалишни ўрганиш, лойдан нарсалар ясаш, рақсга тушиш, спорт билан шуғулланиш, хуллас уйингизда ўзингиз учун қулай шароит яратинг.
Баъзи аёллар нимага қобилияти борлигини ҳали ҳам кашф этишмаган бўлади. Агар сиз ҳам шундайлардан бўлсангиз, ҳомиладорлик таътилингизда, буни ўйлаб кўришга ва кашф этишга вақтингиз етарли бўлади. Нимага кўпроқ уқувингиз келишини ўйлаб кўринг. Характерингизни тафтишдан ўтказинг. Турли газета ва журналларни вароқланг. Аёл киши қилиши мумкин бўлган ишлар билан қизиқиб кўринг. Улардан бирортаси албатта сизга тўғри келиши аниқ. Ўз қизиқишингизни топсангиз, бўш вақтингизни бекор кетказмай, ўша ҳунарни ўрганишни бошланг. Мен ўзим ҳам бир пайтлар ҳомиладорлик таътилимда расм албомларини безатиш сирини ўрганганман. Бу жуда ҳам фойдали бўлди. Шу ҳунаримни ишга солиб, тўйи бўлаётган бир нечта қариндошларим ва сингилларимни хурсанд қилдим. Сиз ҳам қунт қилсангиз шундай қила оласиз.