Салом азизлар. Сизга бир неча саволим бор: сизни Худодан нима ажратиб турибди? Сиз тавба қилишни ва воз кечишни истамаган кичкинагина гуноҳларингиз борми? Балки ҳаётингиздаги биронта муаммони Худонинг қўлига тўлиқ топширмай, уни ўзингиз ечишга ҳаракат қилаётгандирсиз? Пул масаласида–чи? Чўнтагингизда қанча пул борлиги мени қизиқтирмайди. Сиздан ҳисобингиздаги пулнинг эгаси ким, деб сўрамоқчиман. Сизми ёки Худоми? Ҳамма пулингиз Исо Масиҳга тегишлими ёки йўқми? Катта миқдордаги пулни қурбонлик тариқасида бера оласизми? Инсоний нуқтаи назардан қараганда, мен сиз учун имконсиз бўлган пул миқдорини назарда тутяпман. Мол–дунё масаласига келсак: молу мулкингиз сизнинг ҳаётингизда қандай ўрин эгаллайди? Павлус шундай деган: “Масиҳ хочининг душмани бўлиб яшаётганлар кўп. Уларнинг охири — ҳалокат, уларнинг худоси нафсдир.
Уятсиз қилиқларидан фахрланадилар. Уларнинг ўй–хаёллари фоний дунёдаги нарсаларга берилган.” (Филиппиликларга 3:18–19). Муқаддас Китобдаги бу сўзларга кўра, “ўй–хаёллари фоний дунёдаги нарсаларга берилган” одамлар Масиҳнинг душманларидир. Ҳаётингиздаги энг азиз нарсаларга: оилангиз, соғлиғингиз, орзу–умидларингиз, кўзлаган мақсадларингизга боғланиб қолманг. Агар Худонинг мақсадига эришиш учун ҳар қандай тўлов тўлашга рози бўлсангиз, сизнинг бутун борлиғингиз ва эга бўлган ҳамма нарсаларингиз тўлиқлигича Исо Масиҳга тегишли бўлиши керак. У сиз билан хоҳлаган ишини қилиб, сиздан хоҳлаган нарсангизни тортиб олишига рози бўлишингиз даркор. Худога очиқ қўл билан, қўрқувсиз яқинлашинг. Ахир, У сизни чин дилдан яхши кўриб, сизнинг манфаатингизни кўзлайди. Худога ўз розилигини берган ишончли одам ҳар қандай тўлов тўлашга тайёр туради. Худонинг иродасини бажариш у учун олий мақсадга айланади.
Муқаддас Китобда бу масала кўп ёритилган. Бу ҳақда Павлус шундай деганди: “Биз ўлимга маҳкум эканимизни сездик. Биз ўзимизга эмас, балки ўликларни тирилтирувчи Худога умид боғлашимиз учун шундай бўлди” (2Коринфликларга 1:9). У яна шундай деганди: “Менда, яъни башарий табиатимда яхши нарса йўқлигини аниқ биламан.” (Римликларга 7:18). Дунёга ихлос қўйиш ва ўз кучига ишониш маъно жиҳатдан бир–бирига жуда яқин. Бу ибораларни яна “Худога ҳеч қандай эҳтиёж йўқдай яшаш”, деган сўзлар билан таърифлаш мумкин. Мисол учун, агар одам эрталаб ибодат қилмай ишига йўл олса, мен учун бундай одам ўз кучига ҳаддан ташқари кўп ишониб юборган бўлади. У ўз ҳаракати билан гўёки шундай сўзларни англатгандай: “Мен ушбу кунни Худонинг тўлиқ бошқарувисиз ҳам яшай оламан.” Сиз қай даражада ўз кучингизга ишонишингизни билмоқчи бўлсангиз, айтаётган гапларингизга яхшилаб эътибор беринг. Сиз ўзингиз ҳақингизда кўп гапирасизми? Эришган муваффақиятларингиз билан мақтаниб, ўзингизнинг яхши томонларингизни кўп эътироф этасизми?
Булар жиддий саволлардир. Айниқса, хақиқатни излаш учун бел боғлаган азиз ака-ука ва опа-сингилларимиз учун мухим ўринни эгалловчи саволлардир. Ушбу саволларга жавоб топсангиз, сайтимиз ва телеграмдаги каналимиздан фойдаланиб бизга хабар йўлланг. Хайир азизлар, Раббимиз сизларни Ўз панохида асрасин. Омон бўлинг.