3:01

Шогирдликда фақат ҳақиқат ва яна ҳақиқат

MP3

Салом азизлар. Самариялик аёл Исонинг сув олишга ҳеч нарсаси йўқлиги ҳақида гап бошлаганида, Исо унга: — Бориб, эрингни бу ерга чақириб кел, — деди.

— Менинг эрим йўқ, — деди аёл. — Эрим йўқ, деб сен тўғрисини айтдинг, — деди Исо. — Сенинг беш нафар эринг бўлган, ҳозиргиси ҳам эринг эмас. Сен тўғрисини айтдинг! (Юҳанно 4:16–18) Шу гапи билан Исо аёлнинг шахсий дунёсини батамом фош этган эди. Худо инсонни ўзгартира олиши ҳақидаги яхши хабар — Хушхабардир. Бу Хушхабар ҳар қандай инсоннинг дардига малҳам бўла олади.

Шунинг учун биз бировга Хушхабарни тарғиб қилганимизда, авваламбор, суҳбатдошимизнинг дардини билишимиз керак. У бизга ўз юрагини очиб, дардини айтиши учун керакли шарт–шароит яратишимиз даркор. Сиз йўлда кетаётганингизни бир фараз қилинг. Ғоибдан олдингиздан бир нотаниш одам чиқиб қолиб, сизга ёпишганча: “Кўринишинг яхши эмас. Мен билан юр! Сени ўзим операция қилиб, даволайман” — деса, нима қилган бўлардингиз? Мен бўлганимда, ўнг–сўлимга қарамай, қочган бўлардим.

Биз ҳам Хушхабар айтганимизда ўзимизни ўша одамдай тутмайлик. Кўчада дуч келган одамнинг олдига бориб: “Дўстим, нажот олмоқчимисан?” — деб айтишингиз яхши эмас. Ундан кўра ўша одам билан яқинроқ танишишга ҳаракат қилинг. Унга Исо Масиҳ ҳақида айтишингиздан олдин унинг ҳаёти билан қизиқинг. Унинг дарди нима, ўй–хаёли нима билан банд эканлигини билинг. “Сизлар — самарияликлар кимга сажда қилаётганингизни билмайсизлар, бизлар эса кимга сажда қилаётганимизни биламиз. Чунки нажот яҳудийлардан келади.” (Юҳанно 4:22). Яҳудийлар, нажот улар орқали келишига ишонганлари учун, самарияликлар улардан юз ўгирганди. Агар самариялик аёл Исонинг бу гапини аввалроқ эшитганида эди: “Войбўй, кетворган яҳуйдий экан–ку бу! Ўзича ҳамма нарсани биламан деб ўйлайди–я?!” — деган фикрга бориши мумкин эди.

Аммо Масиҳнинг қатъият билан айтган гаплари аёлга кучли таъсир қилган эди. У Масиҳнинг шахсиятига ишчонч ҳосил қилиб, Унинг Нажоткор эканлигини тан олди. Агар биз ўзимиз ишонган ҳақиқат ҳақида мужмал гапирсак, тингловчилар гапларимиздан шубҳаланиб қоладилар. Баъзи пайтларда масиҳийлар Худонинг қилган ишларидан уялиб қоладилар. Кўпинча имонсизлар шундай савол беришади: “Нимага Эски Аҳд даврида Худо бутун халқларни қириб ташлар эди?” Бизга шундай савол беришганда, биз ичимизда: “Нима десам экан? Худони қандай оқласам бўларкан?” — деб ўйлаб қоламиз.

Сизлар Хушхабар айтганингизда, баъзи одамлар тик кўзингизга қараб туриб: “Исо Масиҳга ишонмаган одам дўзаҳга тушадими?” — деб сўраб қолиши мумкин. Сиз бу саволга нима деб жавоб берасиз? Ўзингиз ишонган ҳақиқатни айтасизми ёки гапни буриб кетасизми? Аммо бу дегани — илоҳий ҳақиқатни гапирганимизда одамларни қандай бўлмасин ўз фикримизга ишонтиришимиз керак, дегани эмас. Аксинча, камтар, сабр–тоқатли ва юмшоқ бўлишимиз керак (2 Тимўтий 2). Шу билан бирга одамларга ҳақиқатни айтишга интилишимиз лозим. Раббимиз йўлида қилаётган шогирдлик хизматингизни Худойимиз мархаматласин. Омон бўлинг, азизлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top