3:31

Исо Масиҳга ишониш

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Биз ота-оналар фарзандларимизга Исо Масиҳга ишониш ва Уни ўзларининг Нажоткори ва Қутқарувчиси деб қабул қилишлари ва Унга имон келтиришларидан олдин, ўзимиз Унга бўлган ишончимизни текшириб олишимизга тўғри келади. Кўпчилигимиз “Исо Масиҳга ишонамиз”, деймиз-у, аммо ҳаётда ҳақиқий изтироблар ва қийинчиликлар келганда нима қилишни билмай саросимага тушиб қоламиз. Хўш, ундай бўлса Исо Масиҳга ишониш қандай бўлиши керак? Каломни варақласангиз унинг ҳамма китоблари ичидан Исо Масиҳга ишониш ҳақидаги оятларни топамиз, аммо аслида бу оятлар нимани англатади? Ҳаммамизга аёнки, Муқаддас Каломда ёзилишича, инсон гуноҳи кечирилиши, қутқарилиши ва соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, жаннатга бориши учун, у Исо Масиҳга имон келтириши, ишониши керак. Юҳанно биринчи бобни очсангиз, у ерда Худованд шундай дейди.

Narrator 2 «Уни қабул қилганларнинг ҳаммасига эса, Унга имон келтирганларга, У Худонинг фарзанди бўлиш ҳуқуқини берди.” Бу чиндан ҳам ажойиб оят. Бу кўп ҳолларда менга ёрдам ва далда берган оят. Энг аввало Исо Масиҳни Худованд Каломда ким деб атаган бўлса, шунга ишониш ва кейин Унга имон келтириш — бизга Худонинг фарзанди бўлиш ҳуқуқини беради. Масиҳнинг хушҳабари барча бунга ишонганлар учун қудратли нажот хушҳабаридир. Масалан, Римликларга 5 боб 1 оятда у шундай дейди, имон туфайли оқланган эканмиз энди бошқа айбдор эмасмиз. Оқланган одам эса энди солиҳ – Худонинг кўз ўнгида қутқарилган. Шунинг учун ҳам имони билан оқланган дегани бу Худо билан тинчликка эгамиз дегани. Эфесликларга 2 боб 8-9 оятларда у шундай дейди: “Ахир, сизлар Худодан иноят топиб, имон орқали нажот топгансиз. Бу Худонинг инъомидир, сизнинг ютуғингиз эмас.

Narrator 1 Яна ҳеч ким: “Мен савоб ишларим туфайли қутулганман”, деб мақтанмасин.” Демак, биз қутқарилиш учун ўзимизча ҳеч нарса қилолмаймиз. Қилган ишларимиз ҳам самарасиз. Агар, “Мен савоб ишларим билан Худонинг жаннатига эришаман”, деб ўйласангиз адашасиз. Каломда ёзилишича, биз бундай қилолмаймиз. Шундай экан нима қилишингиз кераклиги аниқ. Менимча, Исо Масиҳга ишонаман, деб ўйлаб, ўзларини хавфсиз ва қулай ҳис қилиб юрган одамлар адашишади. Сиз ҳам ўшалардан бири бўлсангиз, ҳозироқ тўхтаб ўйлаб кўринг, сизнинг ишончингиз қандай ишонч, бу шунчаки оддий нарсаларнинг борлигига ишонишга ўхшаган ишончми ёки Қудратли Худонинг Ўғли бўлган Исо Масиҳ айнан сизнинг гуноҳингизни олиб хочда қурбон бўлганига ва сизни барча гуноҳларингиздан тозалаганига ишонишми? У сиз орқали ҳаётингизда қудратли ишлар қила олишига ишонасизми?

Narrator 2 У сизнинг ҳаётингизни ҳам бошқара олишига ва мўъжизалар кўрсата олишига ишонасизми? Баъзилар, “Мен Исо Масиҳга ишонаман”, деганларида Исо Масиҳнинг мавжуд бўлгани ҳақидаги фактга ишонаман, Муқаддас Калом чиндан Худонинг Каломи эканлиги ҳақидаги фактга ишонаман, Муқаддас Калом Худо ва Исо Масиҳ ҳақида ўргатади, Унда ёзилган ҳамма нарсага ишонаман. Шундай деганда, улар бу нарсаларнинг ҳаммасига факт сифатида ишонишади. Агар орангизда кимдир мана шундай ишонч билан яшаб юрган бўлса билингки, бу ишонч сизни қутқара олмайди. Сиз ишонишингиз керак бўлган нарса, Исо Масиҳнинг ҳаётингиз Нажоткори, Раббийси, Йўл бошловчиси ва шафоатгўйи эканлиги. Сиз Унга шундай бутун қалбингиз билан ишониб, ҳаётингизни тўлиқ топшира олсангиз ва Худо сизни бошқаришига йўл қўйиб берсангизгина жаннатга бора оласиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top