3:29

Оила тинчлиги сизнинг қўлингизда!

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдондлар. “Оила тинчлиги аёлнинг қўлида.” “Оиланинг мусаҳкамлиги аёлнинг матонатига ва донолигига боғлиқ”, каби гапларни жуда кўп эшитганмиз. Аммо яхшилаб ўйлаб қаралса, оиланинг тинчлиги асосан эркак кишининг қўлида. У ахир оила посбони, ҳимоячиси-ку. Аммо шунга қарамай, баъзида эркаклар оила тинчлигини сақлашга ожизлик қилиб қоладилар. Психологлар бунга сабаб қилиб темпераментни кўрсатишади. Уларнинг фикрича, инсонлар тўрт тоифага бўлинади: сангвиник, холерик, флегматик ва меланхолик. Уларнинг ўзаро муносабатлари ҳам ўзига яраша бўлади. Яъни қайсиларидир бир-бири билан осон тил топишади, баъзиларида эса бир-бирини тушуниш бироз қийин кечади. Яна бир сабаби оилада ролларнинг аниқ тақсимланмагани. Яъни эр-хотин ўз вазифаларини билмайди, бурчларини адо этмайди, маъсулиятни иккинчи томонга юклайди.

Narrator 2 Натижада, оилада жанжаллар келиб чиқади. Олдини олиш учун ўз вазифаларингизни дўндириб бажаринг, кейин жанжалга нима сабаб бўлаётганини аниқлаб, уни бартараф этинг. Агар оилада эр-хотиннинг ўзига бўлган ишончи паст бўлса оилада тинчлик бўлмайди. Чунки ўзига нисбатан паст баҳо берувчи киши ўзини жуда ёмон ҳис қилади ва ишончни ёнидаги одамни азоблаш, унга юқоридан назар солиб, танқид қилиш билан оширмоқчи бўлади. Бу ўринда эркак ҳам, аёл ҳам ўз устида ишлаб, шахсий сифатларини шакллантириши керак. Яна бир сабаб бу — оилавий ҳаётнинг маълум бир босқичларида айрим сабабларга кўра инқироз даври кузатилади. Масалан, биринчи йилликда мослашиш даври бўлгани, учинчи йилликда эса фарзанд туғилгач, аёл эътиборининг катта қисми боласига қаратилиши, эр-хотинга ота-оналик вазифалари юклангани сабаб ҳам тушунмовчиликлар юзага келиши мумкин.

Narrator 1 Оилада тинчликни қўриқлаш учун эркак оилавий ҳаётга, уни бошқариш, таъминлаш, фарзанд тарбиялашга маънан ва моддий жиҳатдан тайёр бўлгач, оила қуриш лозим. Мажбурият юкининг остида эмас, масъулиятни ҳис қилиб, турмуш остонасига қадам ташлаган эркак муаммоларни осон ҳал қила олади. Иккинчи асосий нарса бу — аёллардаги ўзига хосликни тан олишдир. Яъни аёлларнинг ҳис-туйғуларга таяниб иш кўришини қабул қилинг. Бироз ваҳимачи, шошқалоқ, таъсирчан, қизиқувчан ва талабчан эканлигини қабул қилинг. Учинчи энг муҳими бу — эркакнинг ҳақиқий оила бошлиғи бўлиши. Эркак ўз аёлини бошқариши, авайлаши, севиши ва энг муҳими ўзининг ўрнини унутмаслиги лозим. Уйда ҳар доим ҳар қандай масалада охирги ва энг оқил сўзни эркак айтиши керак. ОИЛА БОШЛИҒИ деган сўзнинг мағзини чақинг. Бу «хотинни қаттиқ ушлаш керак» деган машхур маслаҳат эмас.

Narrator 2 Гул кўчатини қўлингиз билан маҳкам қисиб ушласангиз, у нобуд бўлади-ку ахир. Бошлиқ бу –– тасарруфидаги корхонани бошқариш, уни ривожлантириш, юксалтириш учун оқилона қарорлар чиқаридиган, уларнинг ижросини таъминлайдиган шахсдир. Сиз ҳам шундай бўлинг. Оилангизнинг бугунидан эртасини, эртасидан индинини чиройли ва яхши қилишга ҳаракат этинг. Тақиқларингиз ўрнини тўлдиринг. Ниманидир чекласангиз, унинг ўрнига нимадир қилиб, кўнглини кўтаринг. «Раҳмат сенга, айтганимга кўнганинг учун», дея қўлига гул тутқазганингизда, унинг сизга бўлган ҳурмати чандон ошади! Бўлмаса, доимий тақиқлардан бир куни сабр косаси тўлади. Хуллас, аёлимнинг фидокорлигини қадрлаяпманми? Бунинг эвазига мен унга қандай жавоб қайтараяпман, дея мулоҳаза қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top