Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Каломда кичик нарсаларга садоқатли бўлган одамга катта нарсалар ишониб топширилади деб ёзилганини ўқигансизлар. Қандай қилиб шундай ишончли инсон бўлиш мумкин? Бунга бизнинг суҳбатимиз давомида жавоб оласиз.Матто 25:14-31 оятларда Исо Масиҳ хўжайини омонатга пул қолдириб кетган ҳизматкорлар ҳақида бир масал келтиради. Бирига беш ёмби, иккинчисига эса икки ёмби, учинчисига бир ёмби ишониб топширилади. Беш ёмби олган пулни муомалага киритиб, уни икки баробар кўпайтиради. Икки ёмби олган ҳам шундай қилиб хўжайини келгунча яна икки ёмби орттиради. Аммо бир ёмби олган эса пулни кўмиб қўяди. Биринчи икки хизматкорга хўжайини келгач, “Баракалла! Сен яхши ва ишончли хизматкорсан! — дебди. — Кичик ишда ишончимни оқлаганинг учун, сенга катта ишларни ишониб топшираман.”, дейди.
Narrator 2 Бу масалнинг охирида эса шундай оят келтирилади: “Чунки кимда бор бўлса, унга яна берилади ва у мўл-кўлчиликда яшайди. Кимда йўқ бўлса, ҳатто бори ҳам тортиб олинади.” Бу масалда пул ҳақида гапирилган бўлса-да, буни руҳий томондан ҳаётимизнинг баъзи қисмларига қўллашимиз мумкин. Худованд унга ишониб топширилган кичик ишда садоқатли бўлганларни мукофотлайди. Биз ҳозирги ишимиздан кўнглимиз тўлмай, бошқача, аҳамиятли ва таъсирли ишимиз бўлишини истаймиз. Бироқ Худованд бизни кўриб турибди. У бизга берилган шу ишда садоқатли бўлишимизни ва шу садоқатимиз учун мукофотлашни истайди. Агар мен устоз бўлишни истасаму, Худо менга ёрдамчилик вазифасини берган бўлса, мен ўз вазифамни сидқидилдан бажариб, энг яхши ёрдамчи бўлишим керак. Нега, Худованд менинг бу борада қобилиятим борлигини билади-ку, дейсизми.
Narrator 1 Албатта, У сизни ўзингиздан ҳам яхшироқ билади. Аммо кичик ишни бериб сиз катта ишларни ҳам садоқат билан бажара оласизми-йўқми, шуни текширади. Шундан сўнггина У бизга кўпроқ имкониятлар бера бошлайди. У бизнинг таъсир доирамизни кенгайтира олади, аммо шунга қарамай, биздан кичик ишларда садоқатли бўлишимизни истайди. Худо бизга ишониб топширган ишни ҳар куни итоаткорлик ва садоқат билан бажаришимиз керак. Кўпроқ ва аҳамиятлироқ нарсани исташ бу кўпроқ жавобгарлик дегани. Биз доимо Унга ва Унинг кучига суяниб бизга берилган ҳаётда садоқат билан хизмат қилишда давом этишимиз керак. Яна савол туғилади, буни қандай қилишимиз мумкин? Бунинг учун Забур 50 боб 12 оятда нима ёзилганига диққат қилсак. “Эй Худо, менда тоза юрак яратгин, Ичимда тўғри руҳни янгилагин.” Худо бизда янги ва тоза юракни яратиши учун биздан Унга юрагимизни бериш талаб этилади.
Narrator 2 Худога юрагимизни бермас эканмиз, бошқа ҳар қандай ишларимиз бекор. Ибодат қиласизми, ушр берасизми, қурбонликми, хизматми, то юрагингизни Худога бермас экансиз, булардан ҳеч қандай фойда йўқ. Унга садоқат билан хизмат қилишни ҳам Худонинг Ўзи ўргатади. У бизнинг юрагимизни ўзгартиришни истайди. Эзекиел пайғабмар китобида шундай ёзилган: “Сизларга янги юрак бериб, қалбингизни янги руҳга тўлдираман. Бағрингиздаги тош юракнинг ўрнига юмшоқ, мулойим бир юрак бераман.” У бизни бутунлай ўзгартиришни истайди. Биз Худо истаганидек табиатга эга бўлишимиз учун, Унинг мақсадларини тушунишимиз, итоатли ва садоқатли хизматкор бўлишимиз учун, У бизнинг тош юрагимиз ўрнига юмшоқ юрак бериши керак. Демак, биз кичик ишда садоқатли бўлишни ўрганишимиз учун юрагимизни Худога топширишимиз ва садоқатли бўлишни Ундан ўрганишимиз керак экан.