3:36

Сажданинг оқибатлари

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Исо Масиҳга сажда қилиш ҳақида ҳар сафар гапирилар экан, Марямнинг қилган иши тилга олинмаслигининг иложи йўқ. Марям Исо Масиҳга чин дилдан сажда қилганини кўрсатадиган бир ҳикоя бор. У меҳмонда ўтирганида, орқа томондан Исо Масиҳга яқинлашиб, сажда қилгани, тавбадан кўз ёшлари қуйилиб, Исо Масиҳнинг оёқларини ювгани ва Марям узун сочлари билан Масиҳнинг оёқларини артгани ва охирида энг қимматбаҳо, хушбўй мойни Исо Масиҳнинг бошига ва оёқларига суртгани ҳақидаги ҳикояни билмайдиган имонли топилмаса керак. Ҳар бир қилинган ишнинг сабаби ва оқибатлари бўлганидек, Марямнинг ҳам бу ишининг оқибатлари бўлган. Бугун айнан шу оқибатларни сизлар билан бирга кўриб чиқишга қарор қилдик. Марям қимматбаҳо мойни Исо Масиҳ учун ишлатганида, атрофдагиларнинг кўпчилиги уни танқид қилган бўлиши керак.

Narrator 2 Бироқ, Каломда фақат биргина одамнинг танқиди ва Марямни ҳукм қилгани ҳақида ёзилган. Бу Яҳудо Ишқариёт эди. “Исонинг шогирдларидан бири, Унга хиёнат қиладиган Яҳудо Ишқариёт деди: — Бу мойни уч юз кумуш тангага сотиб, камбағалларга бўлиб берса бўлмасмиди?!” Бу мойнинг қимматбаҳо бўлгани ҳақида аниқ фактлар бор. Ундан ташқари бу мойни чиндан ҳам уч юз кумуш тангага сотиш мумкин бўлганлиги ҳам ҳақиқат. Ўйлаб кўринг, ўша пайтларда бир кунлик иш ҳақи бир динорга тенг бўлгач, бир инсон бу мойни сотиб олиши учун салкам бир йиллик пулини йиғиши керак. Бу бизнинг пулимизга тахминан 7,5-8 миллион сўм бўлади. Марям бу сўзларни эшитганми? Бу ҳақида билмаймиз. Аммо бизнинг ҳаётимизда ҳам Исо Масиҳга сажда қиладиган бўлсак, бизни танқид қиладиганлар, ҳукм қиладиганлар ва салбий фикр билдирадиганлар топилади. Шу пайтда нима қилиш керак? Худди Марямдек иш тутиш керак.

Narrator 1 У атрофдагиларга эътибор қилмади, қилиши муҳим бўлган ишни қилди. Сажда қилишнинг оқибатида фақат бир неча киши эмас, балки бутун бир шаҳар ёки қишлоқ аҳолиси сизга қарши чиқиши, танқид ва таҳдид қилиши мумкин. Лазарнинг ҳаётида ҳам шундай бўлди. “Бир талай яҳудийлар Исонинг Байтанияда эканлигини билиб келишди. Улар нафақат Исони, балки Исо ўликдан тирилтирган Лазарни ҳам кўришни истардилар. Бош руҳонийлар Лазарни ҳам ўлдиришни режалаштирган эдилар. Чунки кўп яҳудийлар Лазар туфайли Исо томонига ўтиб, Унга имон келтираётган эдилар.” Улар ғазабга тўлган, кўп одамларнинг Исо Масиҳнинг хабарига имон келтираётганларининг сабабчиси деб Лазарни билганлари учун, уни ўлдириш пайига тушдилар. Масиҳнинг Марта, Марям ва Лазар билан дўстлашуви оқибатида, кўпгина одамлар имонга келди. Исо Масиҳ буни аввалдан билганмиди? Ҳа. У билмаган нарса йўқ эди. Унинг мисолида биз ҳам донолик билан дўст орттиришимиз керак.

Narrator 2 Ҳатто бизнинг дўстлигимиз ҳам Худога хизмат қилсин. Атрофимиздагилар бизнинг чинаккам дўстлигимизни, чиндан Худо учун яшашимизни ва чин дилдан сажда қилишимизни кўриб, ҳаётлари ўзгарсин. Каломда ёзилганидек, улар бизнинг Масиҳни издошлари эканимизни қилаётган ишларимиздан ва атрофдагиларга бўлган муҳаббатимиздан билиб олишсин. Бу Каломдан бир мисол ҳолос. Бизнинг ҳаётимизда ҳам чинаккамига Исо Масиҳга сажда қилишнинг оқибатлари бўлади. Бизни ёмон кўришлари, ишхонамизда танқид қилишлари, ерга уришлар, маҳалламизда таҳдид қилишлари мумкин. Буларнинг ҳаммаси Исо Масиҳ туфайли содир бўлиши мумкинлигини Масиҳ бизга огоҳлантирган эди. Бу нарсалар содир бўлиши мумкин, аммоХудованд сиз томонда эканини унутманг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top