3:37

Бизнинг “мен”имиз

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон. Худо ҳаётда бизни азоб-уқубатлар даврига дучор қилганда, У манманлигимизни ва худбинлигимизни, ўз манфаатларимизни кўзлашимизни ва ўзимизга бино қўйишимизни, хуллас бизнинг “мен”имиз ҳамма нарсада бизда қолдираётган доғни ва эркинликка интилишимизни енгишга ҳаракат қилади. Кимлар учундир “мен” ижтимоий статусни – ҳокимиятни, жамиятдаги юқори ўринни, обрў-эътиборни гавдалантиради. Кимлар учундир “мен” ақлий фаолиятни намоён этувчи ёки дўстларни топишга ва атрофдагиларга таъсир кўрсатишга ёрдам берувчи хусусиятлар ҳисобланади. Яна кимлар учундир “мен” доимо ташқи кўриниш ёки соғлиқ – чирой, жисмоний форма, ғайрат билан боғлиқ бўлади. Қолаверса, кимлар учундир “мен” моддий бойлик, яхши яшаш жойи ва обрў-эътибор билан чамбарчасдир. Ўзимиз ҳақимиздаги бизнинг тасаввуримиз — биз қанчалик Худога ишонишимизга ва ўз ҳаётимизни Унга қанчалик бўйсундиришимиз ҳақидаги тасаввурларни очиб беради.

Narrator 2 “Мен қачон ўзимга ёқаман? Мен қачон ўзимдан нафратланаман?” – деган саволларни ўзингизга беринг. Агар сочингизни нотўғри бўяб қўйишса, ишингизда муаммолар туғилса ёки бебаҳо нарсаларингизнинг йўқолиши сизни тўлиқ фалаж қилиб қўйган бўлса… Агар сиз ўз турмуш ўртоғингиздан ёки рафиқангиздан яхши гапларни эшитишингиз кераклигини ҳис қилсангиз, ўзингизнинг баҳоингизни ҳис қилиш учун молиявий эркинликка интилсангиз… Маълум ижтимоий даражага етгунга қадар, қандайдир имтиёз ва енгилликка ёки эришган муваффақиятларингиз бошқалар томонидан тан олингунга қадар сиз ўзингизни “ҳеч ким”, деб ҳисобласангиз… унда сиз Худо билан ўз муносабатларингизни қайта баҳолаб чиқишингиз лозим. Бизнинг ўзимиз ҳақимиздаги тасаввурларимиз тўлиқ ва тамомила Худонинг севгисига ва Унинг тушунчаси бўйича ҳурматга сазовор бўлишга асосланишини У хоҳлайди.

Narrator 1 Худога қараганда бирор нарсага етишишга шиддатли интилишимиз қанчалик кучли бўлса, азоб-уқубат даври шунчалик оғриқли кечади. Баъзида Худонинг Ўзига эмас, балки биздаги ўзимизга бўлган кучли ишончни, ҳис-туйғуни Худо биздан таг-томири билан узиб олмоқчи бўлгандай туюлади. Бу жараён жуда оғриқли кечиши мумкин. Азоб-уқубатлар, қийинчиликлар ва ғам-ташвишлар ниҳоятда аянчли ҳис этилади. Қандайдир соҳаларда Худо бизни аямасдан қийинчиликларга дуч қилганда, табиийки, биз ўша нарсага янада маҳкамроқ ёпишиб олишга интиламиз. Аслида, Худога нимани беришимиз кераклигини биз биламиз. Баъзида Худо бизни қандай синовлардан ўтказиши ҳақида одамлар билан бўлиб ўтган кўплаб суҳбатларда мен доим шундай сўзларни эшитаман: “Менинг ҳатти-ҳаракатларим Худонинг иродасига қарши эканлигини билганман, аммо мен барибир ўз билганимча яшайверардим”.

Narrator 2 Бу ҳис-туйғу интуитив, қайсидир даражада онгсиз бўлиши мумкин, аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам одамлар ўз ҳаётларининг қайсидир қатламига Худони олиб кирмаётганликларини билганлар. Нега биз шундай йўл тутамиз? Чунки ҳаётимизнинг барча жабҳаларини биз ўзимиз назорат қилишни истаймиз. Бу эса манманликнинг очиқдан-очиқ кўринишидир. Худо Ўз севгисига қарамасдан, бизга ёрдам бера олмаслигидан , илтимосларимизни бажармаслигидан, қониқиш ҳиссини бизга бермаслигидан қўрқамиз. Ҳаётимизда нимадир етишмаслигидан, қандайдир яхшиликлардан айрилиб қолишдан, ажойиб туйғуларни ҳеч қачон ҳис қила олмаслигимиздан ҳадиксираймиз. Ўзингиздан чинакамига сўранг: “Худо мени қанчалик севади?” Худованд сиздан Унга тўлиқ ишонч хосил қилишингизни хоҳлайди. Ҳаётингизнинг ҳар бир кунида сиз Унга суянишингизни У истайди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top