Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон. Худога сажда қилиш, ҳаётимизнинг асосий мақсадига айланмас экан, чин дилдан Худога ибодат қилиш, хизмат қилиш ва сажда қилишнинг ҳам нима эканлигини тушунмаймиз. Шох Сулаймон Худога атаб маъбад қуриб бўлгач, ўша ерда одамлар Худога ҳамду сано айтиб, руҳонийлар маъбадда хизмат қилиб Худога сажда қилишди. Халқ, руҳонийлар ва созандалар, Худони улуғлаётган пайтда Худонинг ҳузури ва шуҳрати булут шаклида маъбадни тўлдирди. Худонинг шухрати келган жойда улар тик оёқда тура олмади, йиқилди. Каломнинг жуда кўп жойида Худо билан юзлашган одамлар оёқда тура олмай, йиқилганлари, эгилиб сажда қилганларини кўрамиз. Ҳақиқий сажда биз Худонинг шуҳратини кўрганимизда пайдо бўлади. Мана нима учун одамлар сажда қилганларида тиз чўкиб, юзини ерга босар экан?! Худонинг шухрати ва юзини кўрганда одамзод Унга қарай олмайди.
Narrator 2 Шунинг учун ҳам тиз чўкиб, юзини ерга босади. Бироқ душманимиз шайтон буни ҳоҳламайди. У имонлилар қисқа ибодат қилишлари учун ҳамма нарса қилади. У Худонинг фарзандлари “имонли”, деган ном билан юрса ҳам, узоқроқ ибодат қилиб, сажда қилмасликлари учун ҳамма нарса қилади. Нима учун дейсизми? Чунки сажда қилганда имонли киши Худонинг ҳузурини кўради, шуҳратини ва улуғворлигини кўради. Биз сажда қилганимизда худди Мусо пайғамбар Худо билан кўришиш учун тоққа чиққани каби биз ҳам руҳий тоққа чиққандай бўламиз. Кейин эса ўша жойда биз кучга тўламиз. Худонинг шуҳрати келади. Ҳаёти Худонинг шуҳратига тўлган одамнинг ҳаёти бутунлай бошқача бўлади. Балки кўргандирсиз ёки бу нарса ўзингизнинг ҳам бошингиздан ўтгандир, ибодат қилаётганимизда Худонинг Муқаддас Руҳи келганида имонли йиғлаб, гуноҳлари учун тавба қилишни бошлайди.
Narrator 1Чунки Худонинг руҳи ва шуҳрати келганда нопокликка ўрин бўлмайди. Биз сажда қилганимизда Худонинг шуҳрати билан бирга руҳий баракаси ҳам келади, айнан мана шунинг учун шайтон бизга тўсқинлик қилишга ҳаракат қилади. Ҳаворийлар 16:25-28 оятларда ҳам Худонинг шуҳрати ҳақида ёзилган, “Ярим тунда Павлус билан Сила ибодат қилиб, Худога ҳамду сано айтаётган эдилар. Маҳбуслар эса уларни тинглаб ўтиришарди. Бирдан шундай қаттиқ зилзила юз бердики, қамоқхонанинг пойдевори ларзага келди, шу заҳоти ҳамма эшиклар очилиб, маҳбусларнинг кишанлари ечилиб кетди. Зиндонбон уйғониб, қамоқхона эшиклари очиқ эканини кўрди. У, маҳбуслар озод бўлиб кетибди, деб ўйлаб, қиличини қинидан суғуриб, ўзини ўлдирмоқчи бўлди. Павлус овози борича: “Зинҳор ўзингга шикаст етказа кўрма, ҳаммамиз шу ердамиз!” деб бақирди.”
Narrator 2 Павлус билан Силас қамоқда эдилар. Аммо шунга қарамай, ярим тунда улар Худога ҳамду сано айтиб, Худога сажда қилаётган эдилар. Шу пайт Худонинг ҳузури ва шухрати қамоқхонани тўлдириб, зилзила бошланди, кишанлар тушиб кетди ва эшиклар очилиб кетди. Биз чинаккамига Худога сажда қилганимизда нафақат руҳий дунёда балки жисмоний дунёда ҳам нимадир содир бўлади. Худованд эса Ўзига шундай топинувчиларни излайди. Сажда фақатгина жамоатда эмас, уйда ҳам, кўчада юрганингизда ҳам бўлиши мумкин. Сажда қилиш ёки чин дилдан Худога ибодат қилиш бу маҳсус сўзлар эмас, Худога диққат қилиш, Унга эътиборимизни қаратиб, Унинг юзини қидириш дегани. Аммо афсуски кўпчилигимиз саждада ва ибодатда Худонинг юзини эмас қўлини қидирамиз. “Худо менга уни бергин, буни бергин”, деймиз. Аммо ҳақиқий сажда бу Худонинг Ўзига, Унинг кимлигига диққат қилишдир.