Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Худонинг фарзандлари бу дунёда яшаш ва шайтонга қарши курашишда кучни қаердан олади? Албатта Худодан. Эфесликларга 5 боб 18-20 оятларда бизлар учун кучнинг манбаи келтирилган, “Шароб ичиб маст
бўлманглар, чунки бу бузуқликка олиб боради. Аксинча, Муқаддас Руҳга тўлиб–тошинглар. Бирга йиғилганингизда санолар, руҳий мадҳиялару қўшиқлар куйланглар. Мусиқа асбоблари-ю хонишларингиз билан чин юракдан Раббимизга ҳамдлар айтинг.
Ҳар доим, ҳар бир нарса учун Раббимиз Исо Масиҳ номи билан Отамиз Худога шукр қилинглар.” Кучга тўлишимизнинг асосий калити шу ерда ёзилган. Оят “шароб ичиб маст бўлманглар”, дейди ва нима сабабдан бундай қилмаслигимиз кераклиги ҳам бу оятда келтрилган. “чунки у бузуқликка олиб боради.” Тасаввур қилинг, сиз спиртли ичимликлар ичсангиз, бу сизнинг кучга тўлишингизга ёрдам берадими?
Narrator 2 Агар Муқаддас Руҳга тўлсангиз, одамлар сиз орқали Унинг кучини сезади. Ўзингиз учун ҳам бошқалар учун ҳам Муқаддас Руҳга тўлиб ибодат қилсангиз, одамлар буни кўради. Бундан ўзингиз ҳам кучга тўласиз. Инсон нима билан яшаса, бу унинг ҳатти ҳаракатларидан, гап-сўзларидан, юз-кўзидан шу нарса кўринади. Каломда бизга берилган ўгитлардан яна бири — имонлилар гуноҳ ишлардан нафақат қочишлари, балки бу ҳақида гапирмасликдир. Чунки имонли киши муқаддас. Муқаддаслик – бу тозаланиб бошқалардан ажратилган дегани. Исо Масиҳ бизни поклаб, ювиб бизни Худо учун ажратиб қўйди. Биз Худо учун, Унинг хизмати учун ажратилганмиз. Энди мақсадларимизга қарайлик. Биз нима хоҳлаймиз. Қандай яшашни истаймиз? Бу дунёда қандай яшашни ўзимиз танлаймиз. Кема сувнинг устида юриши муҳим аммо унинг ичига сув кирмаслиги ундан ҳам муҳимроқ.
Narrator 1 Биз ҳам кема каби дунёда сузаяпмиз, бироқ дунёнинг нопокликларига аралашмаслигимиз керак. Бундай бўлмаслиги учун ҳар кунимизни назорат қилиб, Худонинг бошқарувида ва ҳузурида юришга диққат қилишимиз энг тўғри йўл бўлади. Бунинг учун биздан яна Муқаддас Руҳга тўлиш талаб этилади. Муқаддас Руҳга қандай тўламиз? Каломда айтилишича, Муқаддас Руҳга тўлиш учун “Бирга йиғилганингизда санолар, руҳий мадҳиялару қўшиқлар куйланглар. Мусиқа асбоблари-ю хонишларингиз билан чин юракдан Раббимизга ҳамдлар айтинг.” Демак, Муқаддас Руҳга тўлишнинг калити Худони улуғлаш ва чин дилдан Худога ҳамдлар айтиш. Худо билан ҳар кун вақт ўтказиш бизга ўзимиз кутмаган даражада кўп куч беради. Исо Масиҳдан ўрнак олайлик. Луқо 9 боб 28-29 оятларда у ҳақида шундай ёзилган.
Narrator 2 “Исо бу гапларни айтгандан кейин орадан саккиз кун ўтди. У Бутрусни, Юҳанно билан Ёқубни олиб, ибодат қилгани тоққа чиқди. Ибодат пайтида Исонинг юзи ўзгарди, кийимлари ҳам кўзни қамаштирадиган даражада оппоқ бўлиб қолди.” Қаранг, Исо Масиҳ ибодат қилаётганда нима содир бўлди? Юз қиёфаси ўзгарди ва кийимлари ҳам мўъжизавий тарзда оппоқ бўлди. Имонли ўзгариши ва Худонинг кучига эга бўлиши учун Худонинг олдига яқинлашиши ва ибодат қилиб руҳий тоққа чиқиши керак. Ёки Мусо пайғамбарни олайлик, у қирқ кун тоғда Худо билан бирга бўлди. “Худо Мусо билан гаплашгани учун тоғдан тушаётганда юзларидан нур сочилаётган эди. Мусонинг ўзи буни билмасди. Ҳорун ҳам жамики Исроил халқи ҳам Мусони кўриб, унинг
юзидан нур ёғилиб тургани учун бирортаси унга яқин келишга қўрқарди.” Сиз ҳам куч олиш ва Муқаддас Руҳга тўлиш учун Худога яқинлашинг, Унга сажда қилинг.