Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдонлар. Агар биз Худога яқин бўлишга ва Унинг иродасига кўра яшашга қарор қилсак, Худованд бизнинг ҳаётимизда ишлашни бошлайди. Аввал Худованд нима сабабдан у ёки бу ишларни бўлишига рухсат берганини тушуна бошлаймиз. Бугун бир бир биродаримизнинг шу кунларда Худо билан муносабати натижасида олган бир гувоҳлигини сизлар билан бўлишишни истадик. Бу биродар шундай дейди, “Мен кўп йиллар, бошқалардек Америкага ва бошқа кучли давлатларга боришга ҳаракат қилганман. Аммо ҳар сафар Худованд йўлимни ёпган. Бироқ яна ва яна ҳаракат қилавердим. Бир куни бу ҳақида Худонинг фикри томонидан ўйлаб кўриб, демак, буни Худо истамаяпти, акс ҳолда шунча уринишларимдан бирида кетган бўлардим, деб ўйладим. Шундан сўнг ҳеч қаерга кетишга ҳаракат қилмадим. Бу фикрни узоқ вақтга унутдим.
Narrator 2 Кимлардир Америкага кетибди, дейишса, юрагим ўртанмай қўйди. Бироқ бир куни шундай бир нарса бўлдики, мени тўхтатгани учун Худодан миннатдор бўлдим. Бир куни ишдан келиб, овқатланиб бўлгач, одатдагидай, фейсбук саҳифамни очдим. Қарасам, Америкада яшайдиган бир танишим менинг саҳифамга расм юборибди. Унда анчадан бери кўрмаган бир биродаримни кўриб қолдим. Унинг Россияга кетганини эшитгандим, Аммо Америкада эканини билмаган эканман. Шу пайт юрагимнинг тубига кўмиб қўйган ўша исён яна кўтарилди. “Худованд нега менга Америкага боришимни таъқиқладинг, йўлимни ёпдинг, аммо мана у ҳам оиласи билан Америкада яшаётган экан-ку?” Шундан сўнг аввалги истаклар жўш уриб, қалбимни алғов-далғов қилиб ташлади. Худога бўлган ҳафагарчилигим яна қайтди. Яшаб турган аҳволимдан жахлим чиқди.
Narrator 1 Орзуларим ушалмаётганидан, аксинча мен қилган орзуга бошқалар етишаётганига жаҳл қилдим. Кейин эса ўз-ўзимга қарор қилдим. “Нима бўлса бўлди. Ҳозир чиқаман-да, бир литр ароқ олиб ичиб кейин ҳаётимни барбод қиламан. Менинг орзуимга бошқалар эришаётганини кўриб яшагандан яшамаган яхши”. Шу пайт ичимда Муқаддас Руҳ чиқиб кетишимдан олдин ибодат қилишимни айтди. “Хўп, охирги марта ибодат қиламан,” дедим-да, ибодат қила бошладим. Шунда ичимдагини борини Худовандга тўкиб солдим, жахлимни, аламларимни, армонларимни, ожизлигимни ҳамма ҳаммасини Худонинг олдида очдим. Кўз ёшлар тинимсиз оқди. Ибодат қилиб бўлганимдан кейин, Худонинг чексиз севгиси ва тинчлигини ҳис қилдим. Бундай тинчликни аввал ҳеч қачон ҳис қилмаган эдим. Ҳайрон бўлиб, бу вақтинчалик бўлса керак, яна фейсбукимни очиб қарай-чи, дедимда яна ўша расмни кўрдим.
Narrator 2 Бу сафар ўша расм менга ёмон таъсир қилмади. Юрагим тинч ва ҳотиржам эди. Жуда ҳайрон қолдлим, “Ҳозиргина бу расм бенга ёмон таъсир қилаётган эди-ку?” Аммо энди юрагимда Худонинг Руҳи ва Унинг тинчлиги бор эди. Ёмон иш қилишдан олдин, Худога ибодат қилганим менинг юрагимни ҳолатини бутунлай ўзгартириб юборди. Яна бир карра Худованд эшитадиган, тирик ва тинчлик берадиган Худо эканини билдим. Шу ибодатдан сўнг, ҳаётимнинг тизгинини яна Худовандга топширдим.” Эшитдингизми, Худованд ўзгармаган. У аввал пайғамбарларга ва Ўзининг халқига қандай ғамхўр бўлса, бугун ҳам У бизга шундай ғамхўр. У ҳаётимизда ишлаяпти, ибодатларимизни эшитаяпти, бизга керакли руҳий ҳотиржамликни бераяпти. Худога интилган, ҳаётларида Унинг иродасини излаган одамларнинг ҳаётида ажойиб тарзда ишлаяпти.