3:31

Худонинг танлангани

MP3

Narrator 1Ассалому алайкум қадрдон биродар. Бир сафар бир отахон билан ҳамсуҳбат бўлиб унинг гапларидан ҳайратга тушдим. У сўзларини шундай деб бошлади, “Мен Исо Масиҳни қабул қилганимдан кейин, Худованд мени аввалдан танлаганини бирма-бир эски хотираларни эсимга солиб тасдиқлади. Имонга келганимдан кейин, Калом ўқишни бошладим. Шунда ёшлигимда онам сандиқдан матога ўралган бир китобни кўрсатиб, “Бу жуда яхши китоб”, деганларини эсладим. Ўшанда мен 6-7 ёшлар атрофида бўлсам керак. Отам Совет тузуми даврида ҳам таъқиқларга қарамай тинимсиз номоз ўқиган, исломдан қайтмаган инсон эдилар. Отам масжиднинг имоми ва қишлоқ оқсоқоли бўлган ўта ҳурматли одам эдилар. Шунинг баробарида уйимизда Муқаддас китоб ҳам бор эди. Демак, бу китобни онамга дадам олиб келган ва онам бу китобни ўқиган. Бироқ ўша пайтларда бундай китобларни ўқиш ҳам таъқиқланган эди.

Narrator 2 Кейинчалик мен Инжилни ўқишни бошлаганимдан сўнг, болаликдан қолган одатга кўра, отамга бу ҳақида айтдим. Чунки бизнинг уйимизда отадан ҳеч нарса яширилмас эди. Отам буни эшитиб жуда жаҳли чиқди. Мени бу йўлдан қайтариб, масжидга номоз ўқишга чиқишга мажбурлади. Мен масжидга чиқдим-у, аммо номознинг ўрнига ичимда Худога ота-онам учун ибодат қилдим. Уйга келиб онам билан гаплашсам, онам, “Болам отангдан жаҳлинг чиқмасин. У ҳам ўз обрўси учун курашаяпти. Бу китобни ўқиётганингни ҳаммага айтиб юрма, фақат ўзинг учун ўқигин. Бу китобни биламан. У жуда яхши китоб, сени ҳам фарзандларингни ҳам ёмон йўлга бошламайди. Сенга қаршилигим йўқ”, деди. Мен онамнинг далдасидан тўлқинландим. Қандай қилиб ҳеч қаерда ўқимаган, аранг еттинчи синфни битирган онам шундай доно аёл бўлганидан ҳайратга тушдим.

Narrator 1 Шундай қилиб, Худога эргашишда давом этдим ва кейинчалик уйландим. Уйлангач бир куни аёлимдан бир ажойиб ўзимникига ўхшаб кетадиган воқеани эшитдим. Унинг айтишича, улар ёш бўлганида онаси ундан кейинги синглисини туғиш учун туғруқхонага бориб, туққанидан кейин, комага тушиб қолибди. Бир ҳафта ўтса ҳамки комадан чиқмас эмиш. Охири докторлар хотинимнинг бувисини ва отасини чақириб, аёлингиз энди ўзига келмайди. Уйга олиб кетиб кўмишга тайёрланглар”, дебди. Хотинимнинг бувиси эса, докторларга, “Майлими мен қизимнинг боши олдида ўтириб китоб ўқиб чиқсам, дебди. Бу воқеа 70 йиллар атрофида бўлган. Шундай қилиб, бу кампир қизининг боши олдида ўтириб, Худога илтожо қилибди, “Худойим, мен шу китобингни қизимнинг боши олдида ё уни ҳаётга қайтаргунингча ёки жонини олгунингча ўқиб ўтираман.

Narrator 2 Унга азоб бермагин, жонини олсанг ол, бўлмаса уни болаларига ва эрига қайтариб бергин”, деб ибодат қилибди. Кейин эса қўлидаги арабча ёзилган Инжилни ўқишни бошлабди. У охирги китобни ўқиб тугатганида қизи, яъни хотинимнинг онаси кўзини очибди. Онаси эса кейинчалик, аёлим имонга келганидан кейин ўша воқеани айтиб берибди. Унинг айтишича, ўша пайтларда ҳам жуда камдан-кам одамларда Инжил китоби бўлган, аммо улар тузумдан ва одамлардан қўрқиб, бу китобни эҳтиётлаб сандиқда сақлашган. Ҳаёт йўлимга қарасам, ўша пайтдаёқ, ҳазрати Довуд айтганидек, Худованд мени онам қорнида эканимдаёқ танлаган ва Ўзи кўрсатган йўл бўйича йўналтириб олиб келаётган экан. Худога шукурки, У менга ўзим каби имонли ва танланган бир турмуш ўртоқни тайёрлаган. Худо биз билмаган тарзда ажойиб ишлайди.” Бу отахоннинг гаплари ва гувоҳлиги кўплаб имонли биродарларга умид бериши аниқ.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top