Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Кўпчилик боланинг ақл идроки ҳамда фикрлашига бўлган қобилияти шаклланишида мусиқа катта ўрин тутади, дейишади.Чиндан ҳам шундаймикан? Дарҳақиқат, мусиқа боланинг ҳам ақлан, ҳам жисмонан соғлом бўлиб ривожланишида муҳим ўрин тутади. Мусиқа одамга руҳан ижобий таъсир ўтказади. Аҳамият берганмисиз, қувноқ мусиқа садоси остида кайфият ҳам кўтарилади. Одамнинг кайфияти бўлмай, муаммолар қийнаса, оғир мусиқ унга «дардкаш» бўлади. Мусиқа тинглагач, кимгадир дардларингизни тўкиб солгандек енгил тортасиз. Шу тариқа бола ривожланишига ҳам мусиқанинг таъсири беқиёс. Мусиқа болани тинчлантириб овутади. Бежиз қадимдан болаларни алла айтиб ухлатишмаган. Куй орқали бола она меҳрини, унинг ҳис-туйғуларини англай олади.
Алла бола ва она ўртасидаги алоқани янада мустаҳкамлайди. Мусиқа бола онгида ривожланиб, асосан, унинг эстетик тарбияси шаклланишига улкан ҳисса қўшади. Венгриялик педагог Тибор Шараи ўз китобида «Мусиқа фикрлашни уйғотади», деб ёзган. Шундай экан, у боланинг интеллектуал салоҳияти ривожланишида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, мусиқа боланинг куйлаш ва рақс тушиш каби қирраларини очади. Ижобий ҳиссиётлар эса боланинг ички ва жисмоний саломатлигидан далолат беради. Олимлар ва психологларнинг фикрича, бола туғилганидан бошлаб то уч ёшга тўлгунича барча маълумотларни илғаб, ёдида сақлаб қолиш қобилияти кучли бўлар экан. Шундай экан, фарзандингизнинг, иложи борича, керакли қобилиятларини ривожлантиришга ошиқинг. Бу қобилият мевасини шакллантиришни эса мусиқа илмидан бошласангиз бўлади.
Болалари мусиқага қизиқаётган ота-оналар қандай мусиқа асбобини танласам экан, дея ўйланишади. Митти болакайлар учун керакли мусиқани танлаш қийин. Бу танловда, аввало, мусиқанинг ҳотиржам жаранглаши, қувноқ, таъсирчан оҳангда ижро этилишига катта аҳамият беринг. Умуман олганда кўпроқ торли мусиқа асбоблари оҳангида тараладиган куйларни танлаганингиз маъқул. Олимлар классик куйлар одам организмига ижобий таъсир кўрсатишини исботлашган. Ҳар қандай мусиқани эшиттириш мумкин экан деб ўйласангиз, хато қиласиз. Болаларга рок мусиқасини эшиттирманг. Зарарли, ёмон маъноли мусиқалардан ҳам фарзандингизни ҳимоя қилинг. Яхшиси болалар учун мўлжалланган мусиқалар ёки мултфилмларда янграётган куйларни эшиттиринг.
Инсон товуши оқали куйланган ҳар қандай жумлада илиқлик бор. Айниқса, болажонингиз учун сиз томонингиздан хиргойи этилган куйга нима етсин. Баъзида боланинг исмини ҳар хил мақомга солиб куйланг ёки эртак қаҳрамонларининг оҳангига мосланг. Бундай ҳолат боланинг нафақат мусиқага муносабатини, балки унинг кайфиятини ҳам кўтаради. Болакай онаси унинг учун куйлаб берган алла ёки бошқа бирор бир куй орқали, онаси меҳрини, тафтини ҳис этади. У ўша ҳиргойидан маънавий озуқа олишдан ташқари, меҳрга қонади. Демак, мусиқа қандай шаклда бўлмасин – ижро этилишми, тинглашми ёки ҳиргойими, ҳар қалай боланинг қалби ва онгини соғлом сақлар экан. Яна бир ҳақиқат, бола онги учун Яратувчига мурожаат қилинг. У сизга болангизга берилган қобилиятни намоён қилади. Сиз эса У билан бирга ўша қобилиятларни қувватлантирасиз.