Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон. Бизнинг суҳбатларимизни тинглаб бораётган бўлсангиз, ўтган сафар графологиянинг инсон характери билан боғлиқ эканини тинглаган бўлишингиз керак. Бироқ графологиянинг ҳам ўзига яраша қонуниятлари бор. Инсоннинг характерини билиш учун психолог мижозининг қўлига қалам-қоғоз тутиб, ундан ниманидир ёздириб олиши ярамайди. Чунки бунда киши миясига ўзгача буйруқ беради ва доимий ёзувини кўрсатолмаслиги мумкин. Ёзув орқали характерни аниқлашда аввалдан, бирор мақсад ёки эҳтиёж учун ёзилган хатлардан фойдаланиш лозим. Аммо шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, инсон характеридаги баъзи жиҳатлар ўзгарувчан. Узоқ ўтмишда битилган хатни ўқиб, ўша инсоннинг хозирги ички оламини тасаввур қилишга тушиб кетманг. Графология даврга бўйсунади.
Narrator 2 1983-йил Германиядаги “Stern” газетаси Гитлернинг кундалигидан бир варақ топиб олиб, графология орқали Гитлер ва тарихга оид янги маъумотларни кашф этган. Демак, хуснихатнинг шаклланишига давр, жамиятдаги умумий ахвол хам бевосита таъсир кўрсатади. Яна бир қонуният – бирор чет тилини энди ўрганаётган инсоннинг ёзувидан унинг характерини очиб бўлмайди. Чунки унда ҳали ўша тилда эркин ёзиш шаклланмаган. Шунингдек, ёш болаларда ҳам графиологияни тажриба қилолмаймиз. Сабаби улар анча вақтгача ўз ҳусниҳатларига эга бўлмайдилар. Мактабда болаларга маълум қоида асосида ёзиш ўргатилади, кейинчалик қоида билан ёзиш шарт эмас бўлиб қолади. Аммо баъзи болакайлар ўша даврларданоқ қоидадан чиқишга, гўё ўз хуснихатини яратишга уринади. Демак, у болада ўзига хос айёрлик бор, катталарнинг гапига қулоқ солмайди-ю, уларнинг гапини пойлашни яхши кўради.
Narrator 1 Психологлар ёзув хақида. Лангбрух, Громанн, Бридье, Иоган каби графолог олимларнинг назарияларига кўра, ёзувда инсоннинг бўйи, қад-қомати,соч ё кўз ранги, овоз охангини хам билиш мумкин. Лафатернинг айтишича, нутқ, ёзув, юриш – бу уччаласида бир уйғунлик бор. Антрополог олим Тард “Менга инсоннинг расмини эмас, ёзувини беринглар” деган экан. “Психографология” асари муаллифи Моргенштерн инсонлар унга қуйидаги ажойиб муаммолар билан мурожаат этишганини қайд этган
• турмуш қуришдан олдин • бирга ишлайдиган одамига ишониши тўғрими деб
• фарзандларининг муносабатини билиш учун • ўзини ўлдириш учун иродаси етадими-йўқми, билиш учун • ўзидаги касаллик ё стресс даражасини аниқлаш учун • турмуш ўртоғи ичишни ташлай оладими деб • уни ташлаб кетган одам яна қайтиб келадими деб
• хат ёзиб турган одам нега хозир ёзишни тўхтатгани сабабини билиш мақсадида
Narrator 2 Бу қисқача мисоллар холос. Аслида муаллиф бундай кулгули мурожаатлардан 73 тасини келтирган. Бошлиғининг комьютерда ишланган ташриф қоғозини олиб келиб, “У қандай инсон?” деганлар ҳам бўлган экан. Хўш, доим ҳам ёзувга қараб инсон характерини билиш мумкинми? Йўқ. Баъзи руҳшунос олимлар буни майнавозчиликдан бошқа нарса эмас, деб ҳисоблайдилар. Юқорида кўплаб ташкилотлар ишчи ва мижозларидан ёзма мурожаатномалар сўраб қолганини айтган эдик. Шунингдек, яна бир қанча нуфузли идоралар, масалан, Британия психологлар жамияти, юридик судлар хужжатлардаги ёзувларга бу мақсадда қарашмас экан. Биргина инглиз психолог олимларининг мавзу борасидаги фикрлари турлича. Инсон мураккаб бўлганидек, унинг руҳиятини айтиб бериш ҳам мушкул. Балки шунинг учун графология ҳукмлари баъзан нотўғри чиқар. Нима бўлганда ҳам ўзликни англаш ҳамма қизиқиши керак бўлган нарса бўлиб қолаверади.