3:30

Янги Ахд

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Худованд биз билан тузган янги Ахдининг маъноси жуда чуқур ва айни пайтда амал қилишга жуда оддийдир. Агар бу ахдга чуқурроқ назар соладиган бўлсак, Худонинг биз учун қанчалик қимматбаҳо тўлов тўлаганини кўриб ҳис қилишингиз мумкин. Каломда ёзилишича, Исо Масиҳнинг хочдаги тўлови бутун инсоният учун, одам Атодан то ҳозирги кунгача ва бундан кейин ҳам қиёматгача бўладиган одамларнинг гуноҳларини тўлаш учун етарли бўлган. Энди тасаввур қилинг, дунё яратилгандан то дунё охиригача бўлган одамзоднинг ҳамма қилган гуноҳи жазосини Исо Масиҳ хочда кўтарган бўлса, бизнинг гуноҳларимиз учун Худонинг ғазаби ўшанда Исо Масиҳга қаратилган бўлса, қанчалик Унга оғир бўлган. Бу жазо қанчалик оғриқли ва чидаб бўлмайдиган даражада бўлган.

Narrator 2 Ўша пайтда одамларнинг Исо Масиҳни Олийруҳонийнинг уйида тепкилашгани, юзига шапалоқлаб ургани ёки темир парчалар ёпиштирилган чармдан қилинган қамчилар билан нечидир дарра уришгани, яна қанчадир километрга оғир устунли хочни кўтариб юришга мажбур қилгани, қўлларига ва оёқларига жуда учли, узун ва йўғон михларни қоққани жуда азобли бўлгани аниқ. Бироқ Исо Масиҳ бунданда оғирроқ азобни, Худонинг бутун инсоният устига ёғдириши керак бўлган ғазабини ва ҳукмини Ўзига олди. Иcо Масиҳ бизни Худо билан яраштириб, абадий ҳаётга эриштирган экан, биз энди қандай яшамоғимиз керак? Албатта, Исо Масиҳ яшаганидай яшашимиз ва Унинг амрларига амал қилишимиз керак. Исо Масиҳни хотирлаб туриш ҳақида 1 Коринфликларга мактуби 11 бобда шундай ёзилган: “Мен сизларга берган йўл–йўриқларни Раббимиз Исодан ўрганганман.

Narrator 1 Раббимиз Исо хоинона тарзда тутиб берилган кечада қўлига нон олганди–да, шукрона дуосини айтиб, синдирган ва шундай деган эди: “Бу нон Менинг танамни билдиради. Танам сизлар учун фидо бўлади. Биргаликда нон синдириб еганингизда Мени хотирланглар.” Овқатланиб бўлганларидан кейин, Исо яна шукрона айтиб, шароб қуйилган косани олди–да, шундай деди: “Бу коса Худонинг янги аҳдини билдиради. Бу аҳд сизлар учун тўкиладиган қоним эвазига кучга киради. Биргаликда косадан шароб ичганингизда Мени хотирланглар.” Ҳар сафар биргаликда шу тарзда нон еб, шароб ичар экансиз, Раббимиз келгунига қадар Унинг ўлимини эълон қилаётган бўласизлар. Шундай қилиб, кимда–ким адабсиз равишда бу нондан еса ёки Раббимизнинг косасидан ичса, Раббимизнинг танаси ва қонига қарши гуноҳ қилган бўлади. Шунинг учун ҳар бир киши ўз–ўзини текшириб кўрсин, шундан сўнггина нондан есин ва шаробдан ичсин.

Narrator 2 Раббимизнинг танасини писанд қилмасдан еб–ичган одам ўзини ўзи маҳкум қилган бўлади.” Бу албатта рамзий бир кеча, аммо буни эслаб туриш биз учун фойдалидир. Исо Масиҳнинг танаси бизга ҳаёт бериш учун қурбон бўлди. Энди эса ичимизда ўзимиз эмас, Исо Масиҳ яшаётганини унутмайлик. Исо Масиҳнинг қимматбаҳо қони туфайли бизнинг гуноҳларимиз кечирилди, биз абадий Худо ғазабидан қутулдик. Энди эса шу қонга муносиб равишда ҳаёт кечиришни, ҳар сафар қийинчиликлар келганида Исо Масиҳга тегишли эканимизни ўз-ўзимизга эслатиб туриш учун рамзий маънода узум шарбатидан ичамиз. Ҳар сафар бундай қилганимизда Исо Масиҳ келгунига қадар Унинг гуноҳларимиз учун ўлганини эълон қилган бўламиз. Биз Худонинг ҳақиқатини бошқаларга эълон қилиш, ҳаётимиз билан Унга улуғворлик келтириш учун танланганмиз. Худога шукр. Азизлар Худонинг ҳақиқати ҳақидаги билимларни биз сизлар билан www.dilkashradio.com сайтимизда бўлишамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top