3:24

Поклаш ишлари

MP3

Narrator 1 “Чунки Қутқарувчимиз Худонинг инояти бутун одамларга яққол ошкор бўлди. Бу иноят эса шуни ўргатадики, биз диёнатсизлик ва дунёвий орзу-эҳтиросларни рад этишимиз керак, бу дунёда Худодан қўрқиб, вазминлик ва тақводорлик билан ҳаёт кечиришимиз лозим. Шу орада буюк Худо ва қутқарувчимиз Исо Масиҳнинг улуғворлик билан осмондан тушиб зохир бўлишига ва муборак умидимиз амалга ошишига кўз тикиб юрибмиз. Масиҳ бизни ҳар қандай гуноҳли ишлардан қутқариш учун, фақат Ўзига тегишли бўлган, хайрли ишларга ғайратли, пок бир уммат яратиш учун Ўзини биз учун фидо қилди.” Тимўтий 2:11-14. Ассалому алайкум қадрдон биродар. Имонимизнинг асосини ва нима мақсадда яратилганимизни ифода этиш учун бунданда аниқроқ тушунтириб берадиган оятни топиш мушкул.

Narrator 2 Бу оятлар бизга ким орқали нажот топишимиз мумкинлигини ва ўз ҳаракатимиз ва ўзимизни ўзгартириш орқали оқлана олмаслигимизни кўрсатиб берадиган кўзгудек. Биз Худо билан мулоқотда бўлаётган эканмиз, бу ҳам бўлса, Худованднинг ташаббуси орқали бўлган. Биз ҳеч қачон ўз кучимиз билан бунга эришолмаган бўлардик. Худо бизни қабул қилган бўлса, демак фақат Ўзининг инояти ва ташаббуси орқали қабул қилган. У биз учун Ўзини берди. Бизни гуноҳ ботқоқлигидан қутқарди. У бизларни Ўзиники қилиб олди. У бизни поклаяпти. Нега Худованднинг Ўзи ташаббусни бу шаклда кўрсатди? Чунки бошқа йўли йўқ эди. Чунки инсон ўзини оқлаш ишлари билан солиҳликка эриша олмайди. Агар шундай бўлганида Худонинг иноятига зарурат қолмаган бўларди ва иноятсиз биз тартибсизликда яшаган бўлардик. Оқланиш бу бизнинг ишларимизга қараб бериладиган нарса эмас. Чунки биз ўз ҳаракатларимиз билан ҳеч қачон оқлана олмаган бўлардик.

Narrator 1 Ҳаракат қила-қила охири ҳолдан тойиб, Худонинг олдига кир, ифлос, ташвишларга тўла кўринишда келган бўлардик. У бизни тозалаши ва поклаши учун Унинг оқлаш ва ўзгартириш қудратидан, иноятидан фойдаланиш учун Унинг олдига келамиз. У бизни ювади, тозалайди ва қандай яшаш учун яратилган бўлсак, шунинг учун яшашда давом этамиз. У бизни ўзиникилар деб эълон қилади. Масиҳ бизни олиб, оқлаб, поклаб ўзгартиради ва бизга куч-қувват бериб, абадий ҳаётда яшаш умидини беради. Бироқ агар биз ҳаётимизни Худога беришни истамасак, юқорида санаб ўтганларимизнинг ҳеч бири содир бўлмайди. Биз буни ёлғиз бажара олмаймиз, чунки биз ҳамма имонлилар гуруҳ бўлиб ишлаймиз. Мана шунинг учун ҳам ҳеч биримиз ўз солиҳлигимиз билан мақтана олмаймиз. Сиз билан биз Худонинг покловчи кучидан баҳраманд бўлганимиз билан мақтанамиз. Худога шукрки, У бир марта оқлаб, “Бўлди”, деб тўхтатиб қўймаган.

Narrator 2 У ҳалигача ҳар куни, ҳар дақиқада кимнингдир ҳаётида поклаш ишларини олиб бормоқда. Каломда ёзилишича, Худованд бизда Ўзи бошлаган ҳайрли ишни Исо Масиҳ келгунига қадар битиради. Охирзамон келганда, биз имонлилар ҳамма биз учун белгиланган ишларни аллақачон тугатиб қўйган бўламиз. Ҳар ҳолда шунга умид қиламиз. Демак, биз оқланган ҳаёт кечиришимиз учун Худонинг Ўзи ташаббус кўрсатиб, биз билан муносабатни яратди. Биз юқоридаги оятда айтилганидек, диёнатсизлик ва ўз кучимиз билан оқланиш ҳақидаги нотўғри фикрларни олиб қўйиб, Худонинг иноятига таянайлик. Агар инсон фақат ўз ҳаракатлари билан оқлана олганда эди, Худонинг иноятига жой қолмаган бўларди. Аммо Худога шукрки, Исо Масиҳ келди, гуноҳларимиз учун тўлов тўлади ва осмонга кўтарилди. Энди биз Худога кўз тикиб, биздан қандай яшаш талаб этилган бўлса, шундай ҳаёт кечириб яшаймиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top