Ассалому алайкум латофатли опа-сингиллар. Ҳаётимизда тез-тез баъзи ёқимсиз суҳбатларни тинглашга ва ўша одамларга чидашга тўғри келади. Бугунги суҳбатимиз давомида ёқимсиз суҳбатларга мисол келтириб, уларнинг чоралари ҳақида гаплашамиз. Биринчи мисол: Ҳамкасбингиз ҳар куни, фалон нарсани олиб келиб бер, менга ҳам писмадон нарсани олиб кел дея иш буюради. Бу одатий ишлар бўлса ҳам майли, аммо ҳатто дўконга чиқиб кетаётганингизда ҳам майда-чуйда нарсалар ҳарид қилишингизни сўрайди-ю, пул беришни унутади. Сиз эса арзимаган пулни сўрашга уяласиз. Бошқа тарафдан бундай муносабат жонингизга теккан. Нима қилиш керак? Бундай пайтларда инсон «Йўқ» дея олишни ҳ ам билиши керак.
Кейинги гал, ўша андишасиз бирор нарса сўраганида «ҳаракат қиламан», деб жавоб беринг-у, аммо илтимосини бажарманг. Янаги сафар илтимос қилганида «вақтим йўқ» деб жавоб қайтаринг. Қарабсизки, зум ўтмай, йўқ дейишни ҳам ўрганиб оласиз. Бу ҳолатниг ёмон томони, агар буюрилган ишларни қилишдан бош тортсангиз, сизни ҳурматсиз ва бахилга чиқаришади. Яна кимга йўқ деётганингизни ҳам инобатга олинг. Ҳамкасбингиз ёши катта аёл бўлса, жавобингизни ўйлаб беришингизга тўғри келади. Яна бир бошқа ҳолат. Баъзан ўзингиз истамаган ҳолда ғийбатчи инсон билан бир даврада ўтиришингизга ёки суҳбатлашишингизга тўғри келиб қолади. Ундай аёл олдидан қандай қиз ёки аёл ўтса, уларнинг кийинишидан тортиб, бўянишигача ғийбат қилади. Агар ўша ўтиб кетганлар суҳбатингизни эшитиб қолса, жанжал бўлиши аниқ.
Муаммони ҳал қилиш учун, ундай аёлларнинг гапларига жавоб бермаслик керак. Яхшиси, бошқа қизиқроқ мавзудаги суҳбатни бошланг. Секин-аста ўша аёл сиз билан ўзи ёқтирган мавзуда чиқишмаслигини англаб етади. Мутахассисларнинг фикрича, ғийбатчи инсонлар ўзларининг бошқалардан устун эканликларини шу тариқа кўрсатмоқчи бўладилар. Аммо аслида бу ҳасаддан бошқа нарса эмас. Кўпинча, тарбиясиз, эрка болаларнинг оналари билан суҳбатлашишга тўғри келади. Баъзи аёллар болаларининг тарбиясизлигига аҳамият беришмайди. Бошқалар эса, бундай ҳолатга чидаб тура олмайди. Файласуфлардан бири: «Тарбиясиз болалар тарбиясиз ота-оналардан туғиладилар», — деган экан. У ҳақ бўлган.
Мисол учун кўчада болаларингиз билан сайр қилиб юрибсиз, қўшни аёл ҳам болаларига музқаймоқ олиб бериб, сизнинг олдингизга келаяпти. Болалар «Ойи қоғозини қаерга ташлай» деганида, қўшни аёл. «Хов анави бурчакка отиб юбора қол», дейди. Бундан жаҳлингиз чиқсада, билдирмасликка ҳаракат қилинг. Бундай пайтда ўша конфет ёки музқаймоқ қоғозини олинг-да, «тушириб юбордингиз, шекилли», деб қоғозни қўлига тутқазинг. Бу уларнинг болага бераётган тарбияларига ишора бўлади. Ҳамда уялганлари сабабли ҳам вазият жанжалга айланиб кетмайди. Ўйин майдончасини озода сақлаш кераклигига ишора қилган бўласиз. Азиз аёллар оила, гўзаллик, фарзанд тарбиясидаги муаммолар ҳақида билишни истасангиз, бизнинг www.najot.com сайтимиз сизга мутазир.