Ассалому алайкум азиз дўстлар, Хурматли биродарар, илоннинг айёрлигини яна бу ерда ҳам кўришимиз мумкин: у ёлғонни ҳақиқат контекстида тақдим этади. Чунки, ростдан ҳам инсон таъқиқланган мевани еганда, яхши ва ёмонни биладиган бўларди.
Аммо, муаммо шунда эдики, улар бу билимга ҳақиқат ва ҳақиқатнинг манбаи бўлган Худога қарши исён қилиш орқали эришишди. Улар ёвузликни рад этиш орқали яхши ва ёмонни билиш ўрнига яхшиликни рад этиб, ўзлари ёмон бўлиб қолишди.
Бунинг натижасида энди улар Худони Яратувчимиз ва Эгамиз, деб тан олишмасди. Улар Худонинг Каломини ўз-ўзидан маълум ҳақиқат, деб қабул қилиш ўрнига, Каломни мавжудот сўзи даражасига туширишди.
Энди уларнинг фикрича, Худо ҳамда Унинг Каломи нуфузи пасайиб, булардан-да каттароқ нуфуз орқали текширилиши керак эди. Яна бу ерда ҳам илоннинг айёрлигини кўришимиз мумкин: илон Худодан кечиб, унинг томонига ўтишни айтмайди, фақатгина Худонинг ҳақиқатини инсонларнинг ўзлари текшириб, баҳолаб кўришлари кераклигини уқтиради.
Лекин, охир-оқибат барибир илон хоҳлагандек бўлиб чиқди, яъни, илон инсоннинг раббига, эгасига айланди, аммо инсонлар буни ҳатто пайқашмади. Инсонлар Худога қарши исён қилиб, шайтонни ўзлари учун энг олий ҳокимиятга айлантириб қўйишди.
Улар шайтонга атайлаб мана шу ҳокимиятни беришмаган бўлса-да, ўзларини энг олий ҳокимият деб атаганларида, бу нарса мана шу оқибатни келтириб чиқарди. Шу вақтдан бошлаб, инсон ҳар бир нарсанинг ҳақиқат ёки ёлғонлигини ўзи белгилайдиган бўлди.
Қандайдир маънода уларнинг ўзлари худога айландилар. Демак, хотиннинг қилган иши ниҳоятда ажабланарли. У, Худога ишониб бўлмайди, дейди-да, таъқиқланган мевадан олиб ейди, сўнг эса эрига ҳам беради, шунда унинг эри ҳам мевадан ейди. Бу бўйсунмасликнинг оқибатида инсонлар ўз яланғочликларини биладиган бўладилар.
Шунда уларнинг энг биринчи иши яланғочликларини яшириш бўлади. Лекин нима учун? Дунёвий жиҳатдан ўзларини доно санайдиганлар, Худога нисбатан бу бўйсунмасликда қандайдир жинсий унсур бор, деб таъкидлашади. Аслида эса ундай бўлмаган.
Одам Ато ва Момо Ҳаво оила бўлганликлари учун улар зино муносабатида эмас эдилар. Шунга қарамай, уларнинг Худога қарши қилган биринчи гуноҳларидан сўнг уларда айбдорлик ҳисси пайдо бўляпти. Одам Ато ўз айбдорлигини яланғочликка боғлаб, шу сабабдан Худодан қўрққанини айтади. Унда, бу инсон виждонининг биринчи марта ҳаракатга келишимикан? Ҳа, бу инсондаги Худо суратининг ҳамоҳанглиги ва инсон гуноҳи ўртасидаги зиддият сабабли бўлса, ажаб эмас! Азизлар, шу ерда мавзумизга якун ясаймиз. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com хайр саломат бўлинг.