3:38

Сўраб туринг, берилади

MP3

Салом азизлар. Элқана исмли исроиллик кишининг Ханна ҳамда Панинна деган иккита хотини бор эди. Аммо Элқана Ханнани кўпроқ яхши кўрарди. Ханнанинг фарзандлари йўқ эди, Паниннанинг эса болалари кўп эди. Шунинг учун Панинна доим Ханнани мазах қиларди. Ҳар йили Элқана Худога топиниш учун бутун оиласи билан Шилўдаги муқаддас чодирга борарди. Бир сафар ўша ерда бўлишганида, Элқана суюкли хотини Ханна қаттиқ хафа эканини пайқади. У хотинига: «Илтимос, йиғламагин. Ахир мен борман-ку! Сени яхши кўраман»,— деб айтди.

Кейин Ханна холи қолиб ибодат қилгани кетди. Худодан ёрдам сўраб ибодат қилаётганида, йиғидан ўзини тўхтата олмади. У: «Худо, агар менга ўғил ато этсанг, уни Сенга бераман ва у Сенга бутун умр хизмат қилади»,— деб ваъда берди.

Олий руҳоний Элах Ханнанинг ҳиқиллаб йиғлаётганини кўриб, уни маст, деб ўйлади. Ханна: «Йўқ, тақсирим, маст эмасман. Менинг бир дардим бор. Мен шу ҳақда Худойимга ибодат қилаётгандим»,— деб айтди. Элах адашганини тушуниб, унга: «Илойим, Худо ниятингга етказсин»,— деди.

Ханна анча енгил тортиб, ўз йўлига қайтди. Бир йил ўтар-ўтмас, у ўғил кўрди ва чақалоққа  Шомуил деб исм берди. Ханнанинг хурсандчилиги ичига сиғмаганини бир тасаввур қилинг! Ханна Худога берган ваъдасини унутмади. Шомуилни сутдан чиқариши биланоқ, Ханна уни муқаддас чодирда хизмат қилгани олиб борди. У Элахга: «Мана шу болани Худодан сўраб ибодат қилгандим. Уни бутун умр Худога хизмат қилиши учун бермоқчиман»,— деб айтди. Ҳар йили Элқана билан Ханна Шомуилни кўргани бориб, унга янги камзул олиб келишарди. Бундан кейин, Худо Ханнага яна учта ўғил ва иккита қиз ато этди. Чиндан ҳам, ибодат ҳар бир имонли учун Худо билан дардлашиш воситасидир. Чин дилдан сўраганга Худо албатта беради. Айнан ибодат ёрдамида биз нажотга келамиз ва руҳан улғаямиз. Эсингизда бўлса, ҳазрати Исо ҳам, шогирдларига ибодат қилишни ўргатган эди. Ибодат қилишни ўргатиб бўлиб, у қуйидаги сўзларни айтган эди. “Фараз қилайлик, орангизда бир кишининг дўсти бор. Ярим кечада дўсти унинг олдига келиб:

– Дўстим, менга учта нон қарз бериб тур. Менинг бир дўстим йўлдан ўтатуриб, ташриф буюрди, олдига қўядиган ҳеч нарсам йўқ, – дейди. Униси ичкаридан жавоб бериб: – Мени безовта қилма. Эшик қулф, болаларим мен билан бир тўшакда ётишибди, энди ўрнимдан туриб сенга беролмайман, – дейдими?

Сизларга ростини айтсам: ўз дўсти бўлгани учун ҳам туриб унга бермаса-да, лекин унинг шилқимлиги туфайли у туриб, қанча сўраса, шунча беради. Шундай қилиб, Мен сизга айтаман: сўраб туринглар, сизга берилади. Излаб туринглар, топасизлар. Тақиллатиб туринглар, эшик очилади. Чунки ҳар бир сўраган олар, излаган топар, тақиллатганга эшик очилар. Орангиздаги қайси бир ота, ўғли ундан нон сўраса, унга тош беради? Ёки балиқ сўраса, унга балиқ ўрнига илон беради? Ёки тухум сўраса, унга чаён беради? Шундай қилиб, сизлар ёвуз бўла туриб болаларингизга яхши ҳадялар бера билар экансиз, самодаги Ота эса Ундан сўраганларга Муқаддас Руҳни бериши янада шубҳасиздир” (Луқо 11). Азизлар, бордию сизларда ибодат эхтиёжи бўлса dilkashradio.com сайтимиздан фойдаланиб бизга хабар қолдиринг. Биз сизлар учун ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top