3:31

Ибодат қилиш шартми?

MP3

Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз. «Агар Худо ҳамма нарсани, шу жумладан, фикрларимни ва эҳтиёжларимни билса, унда нега ибодат қилишим керак?» — деб сўрашингиз мумкин. Бу ўринли савол. Хазрати Исо ҳам Худо «нималарга муҳтож эканингизни, Ундан сўрашингиздан аввал билади-ку»,— деб айтган (Матто 6:8). Ҳазрати Довуд ҳам буни билганлиги учун шундай сўзларни ёзган: «Бирон сўз тилимга келмасдан олдин, эй Эгам, Сен ҳаммасини биласан» (Забур 138:4). Унда нега Худога ибодатда мурожаат қилишимиз керак?

Келинг, бу саволга жавоб олиш учун, Муқаддас Китобда ибодатлар ҳақида нима дейилганини кўриб чиқайлик. Гарчи Муқаддас Китобда Худога ҳамма нарса аён эканлиги борасида айтилган бўлса-да, У азиз бандалари ҳақида маълумот йиғиш билан банд бўлмаслиги тўғрисида ҳам баён этилган (Забур 138:6; Римликларга 11:33). Худонинг чексиз хотираси жонсиз компьютернинг хотирасидан анча фарқ қилади. Чунки компьютер одамлар ҳақида маълумот йиғади-ю, бироқ уларнинг ҳис-туйғуларини тушунишга ожиз. Худованд эса қалбимиз тубида яширилган ниятларимизни билишга роса қизиқади, сабаби У Унга яқинлашишимизни истайди.

Худоимиз кундалик эҳтиёжларимизни яхши билса ҳам, ҳазрати Исо шогирдларини Унга ибодат қилишга ундаган (Матто 6:6–8). Парвардигоримизга ўй-фикрларимизни қанчалик кўп айтсак, шунчалик кўп Унга яқинлашган бўламиз. Баъзида айнан нима ҳақида ибодат қилишни билмай қоламиз. Шундай вазиятларда Худо ҳатто биз ифодалай олмаган ҳис-туйғуларимиздан кўпроқ нарсани ҳам кўра олади ҳамда вазиятимизни инобатга олган ҳолда ибодатимизга жавоб беришга қодир. Дарҳақиқат, ҳатто унча аҳамиятга эга бўлмаган ишларимизда ҳам Худонинг ёрдамини кўрганимизда, Унга яқинлашганимизни ҳис этамиз. Муқаддас Китобда ёзилган ваъдага кўра, Тангри Таоло содиқ хизматчиларининг ибодатларига жавоб беради. Бундан ташқари, Унинг Каломида У баъзи ибодатларни тингламаслигининг сабаблари ҳам келтирилган. Масалан, қадимги Исроилда зўравонлик кенг тарқалган пайтда, Ишаё исмли бир пайғамбар орқали Худованд халқига шундай сўзларни айтган: «Ҳатто кўп ибодат қилганингизда ҳам, эшитмасман Мен сизларни… Қўлларингиз қонга ботгандир» (Ишаё 1:15).

Худонинг қонунига амал қилмаётган ёки нотўғри ният ила ибодат қилаётганларни У тингламаслиги аниқдир. Бошқа томондан, Муқаддас Китобда: «Унинг иродасига мувофиқ нимаики сўрасак, У бизни эшитади», деб ёзилган. Демак бу сўзлар, Худо Ўз хизматчиларининг ҳар бир илтимосига автоматик равишда жавоб беришини англатадими? Йўқ. Келинг, Худонинг хизматчиларидан бири бўлмиш Павлуснинг мисолини кўриб чиқайлик. У уни «қийнаб турадиган бир дарддан» қутулишни Худодан ёлвориб сўраган (2 Коринфликларга 12:7, 8). Павлус кўзнинг сурункали касаллигига чалинган бўлиши мумкин. Ҳойнаҳой, бундан унинг ҳафсаласи пир бўлгандир. Павлусга шифо бериш ва ҳатто тирилтириш қобилияти берилган эди. Шунга қарамай, у касаллиги билан курашишига тўғри келган. Павлус илтижоларига истаганидек жавоб олмаган бўлса ҳам, Худо унинг ибодатларига қандай жавоб беришидан қатъий назар, буни миннатдорчилик билан қабул қилган. Азизлар, бордию сизларда ибодат эхтиёжи бўлса dilkashradio.com сайтимиздан фойдаланиб бизга хабар қолдиринг. Биз сизлар учун ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top