3:53

Хоч ҳеч кимга ёқмайди

MP3

Салом азизлар. Ҳеч кимга хоч ёқмайди. Ҳеч ким ўлишни истамайди. Ўзлигидан кечишни ҳам ҳеч ким ёқтирмайди. Бироқ Масиҳни Раббий, деб тан олишнинг бутун моҳияти айнан шундадир. Шогирд Масиҳга бўйсунади. Ўзининг истакларини рад этиб, Масиҳнинг хоҳишларини бажаради. Шогирд ўзбошимчалик қилмайди, ўзини юксалтириб, ўз хоҳишларини бажармайди. Агар Масиҳ Раббийингиз бўлса, У ҳаётингизнинг ҳамма соҳаларини бошқармоқчи бўлади. Ўй–хаёлларингизни, юриш–туришингизни, режаларингизни, дам олиш вақтларингизни, мақсадларингизни тўлиқлигича Унга топширишингиз керак. Биз учун нима яхши эканлигини ўзимиз биламиз, деб ўйлаймиз. Бу энг катта ёлғон! Агар ёш болани ўзини ёлғиз қолдириб кетсангиз, у бир балони бошлаб қолиши мумкин: дорини ичиб қўйши мумкин, зарарли моддани еб қўйиши, катта кўчага югуриб чиқиб кетиши, ўткир пичоқни ўйнаши ёки шунга ўхшаш хатарли нарсаларга қўл уриши мумкин.

Ота–она фарзандини доим назорат остида ушлаши керак. Бу дегани: у фарзандининг ҳаётини доим бошқариб туриши лозим. Шундай ҳолат қонун талабига мувофиқдир. Борди–ю, ота–она фарзандининг ҳаётига бепарво бўлишса, улар жавобгарликка тортиладилар. Агар Худо ҳаётимизни барбод қилмоқчи бўлганда эди, биз билан пачакилашиб ўтирмас эди. Агар бошимизга азоб–уқубат солмоқчи бўлганда эди, аллақачон расвоимизни чиқариб юборган бўларди. Баъзи одамлар: “Нима, Худонинг мендан бошқа иши йўқми?!” деб айтишади. Бу гап тўғри эмас, аммо “Худо менга ёмонлик раво кўради”, — деб айтиш ғирт аҳмоқликдир. Исо Масиҳ менинг ҳаётим билан қизиқмайди, деб айтишингиз умуман ўринсиздир.

Аслида, Масиҳ ҳаётингизнинг Эгаси бўлишни хоҳлайди. У ҳаётингизнинг ҳар бир соҳасида иштирок этмоқчи бўлади. Еремиё пайғамбар орқали Унинг айтган гапларига бир қулоқ солинг: “Ахир, Мен сизлар тўғрингизда тузган режаларимни биламан. Бу режаларим сизларга кулфат эмас, фаровонлик олиб келади, ёруғ келажагу умид беради.” Эгамизнинг каломи шудир.” (Еремиё 29:11). Худонинг Руҳи камдан–кам вазиятларда одамга қаттиқ овоз билан гапиради. Одатда Унинг майин овози одамнинг қалбига, у Муқаддас Китобни ўқиган пайтда гапиради. Худонинг овозига диққат қилган одамгина шогирд ҳисобланади. “Катта бир оломон Исога эргашиб кетаётган эди.” Исонинг шаънига яхши сўз айтиш ғарб мамлакатларида доимий одат бўлиб келган. Сиёсатчи ўз нутқига Муқаддас Китобдан бир–икки оят қўшса борми, сайловда кўплаб қўшимча овоз олиши турган гап. Ҳиндистоннинг буюк сиёсат арбоби Ганди эса ҳақиқатан ҳам Исони ардоқлар эди. Дарҳақиқат, минглаб одамлар Исонинг кетидан эргашарди. Бироқ Унинг таълимотини тинглаш учун келган одамларга эътибор беринглар. “Ҳамма солиқчилар ва гуноҳкорлар Исонинг таълимотини тинглаш учун келар эдилар.” (Луқо 15:1). Ҳа, катта бир оломон Исога эргашарди, фақат солиқчилар ва гуноҳкорларгина Унинг таълимотини тинглар эдилар. Ҳар доим шундай бўлиб келган ва шундай бўлиб қолса керак. Масиҳийлик — нажот эътиқоди. Бу эътиқод қийналиб кетган одамлар учун яратилган. Бундай одамлар ҳаётларида улуғроқ нарсага интиладилар, чунки Ўз кучи билан эришганларга қаноат қилмайдилар. Улар Исонинг гапларини чанқоқлик билан эшитадилар. Унинг таълимотига қулоқ солиб, айтганларини бажарадилар, шунчаки эшитиш билан чекланиб қолмайдилар. Раббим хизматингизни Ўзи баракаласин. Омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top