3:46

Севгидаги танбеҳ

MP3

Салом азизлар. Муқаддас Китобда меҳр–муҳаббат — энг кенг ёритилган мавзу ҳисобланади. Худо бизга меҳр боғлагани учун, биз ҳам бир–биримизга нисбатан меҳр–оқибатли бўлишимиз керак. Эсингизда бўлса, Масиҳ севгини шогирдликнинг белгиси, деб айтган эди: “Сизларга янги амр беряпман: бир–бирингизни севинглар. Мен сизларни қандай севган бўлсам, сизлар ҳам бир–бирингизни шундай севинглар. Агар орангизда муҳаббат ҳумрон бўлса, ҳамма шундан сизлар Менинг шогирдларим эканингизни билиб олади.” (Юҳанно 13:34–35). Биз Масиҳнинг шогирдлари эканимизни одамлар нимадан билиб олади? Ёд олган оятларимизданми? Ёки жамоатга тез–тез қатнаб турганимизданми? Ёҳуд биз имонга олиб келган одамларнинг сониданми? Йўқ, Масиҳ бизга шундай деган: “Агар орангизда муҳаббат ҳукмрон бўлса, ҳамма шундан сизлар Менинг шогирдларим эканингизни билиб олади.” Демак, орамиздаги меҳр–муҳаббат одамларга бизнинг кимлигимизни намоён қилади. Аммо бу меҳрда койишга ҳам ўрин топилиши керак.

Имонлилар жамоатидаги энг катта камчиликлардан бири — бир–биримизнинг хулқ–атворимизга эътибор бермаслигимиз. Сулаймон пайғамбар бу мавзуни кўтариб, шундай деган: “Ошкора танбеҳ пинҳона меҳрдан яхшироқ. Душманнинг ширин сўзи эмас, дўстнинг калтаклаши садоқатни кўрсатади.” (Ҳикматлар 27:5–6).

Бир куни дўстим менга шундай деди: “Сулаймоннинг ҳикматларида танбеҳ ҳақидаги оятларни ўқидим. Энди Худога ибодат қилиб, ҳар ҳафта камида бир одам менга камчиликларим ҳақида айтсин, деб сўраяпман.” Бу осон нарса эмас, тўғрими?

“Мазах қилувчига танбеҳ берма, бўлмаса сендан нафратланади. Донога танбеҳ бер, шунда сени севади.” (Ҳикматлар 9:8). Нимага одамлар бизга танбеҳ беришдан қўрқишади? Чунки орадаги муносабатнинг бузилишини исташмайди, жанжал чиқишидан қўрқишади. Улар ҳаётимиздаги иллатларни кўрганларида бизга танбеҳ бермаслик учун ўзларини тутиб туришади, улар бизни доно эмас, мазахчи деб ўйлашса керак–да, шунинг учун шундай йўл тутишади.

Качон охирги марта биронтаси олдингизга келиб, сизга камчилигингиз ҳақида айтган? Агар ҳеч ким сизга камчилигингизни айтмаган бўлса, бу камчилигингиз йўқ дегани эмас. Ҳар биримизда ўзимизга яраша камчилигимиз бор. Одамлар сизга ишонч ҳосил қилиб, ҳақиқатан ҳам доно одам эканингизга ишонганларидан кейингина, камчилигингизни айтишга журъат этишади. Худонинг чексиз меҳри одамларни шогирдликка жалб этади. Муқаддас Китобга асосланган ҳақиқий меҳрда танбеҳга доим ўрин бўлади. Сидқидилдан Худони севган шогирд меҳрни ҳам, танбеҳни ҳам тўғри қабул қила олади. Танбеҳ олганда ўз ҳолига ачиниб, хафа бўлган одамни эса Масиҳ хизматга чорлай олмайди. Бошқаларнинг бизга хизмат қилиши ҳаммамизга ёқади, аммо енг шимариб бошқаларга хизмат қилиш ҳаммага ҳам ёқавермайди. Бошқаларга хизмат қилиш одамларни шогирдликка чорлашнинг ягона йўлидир. Ўз хоҳиши билан бировга хизмат қилаётган одамни кўришдан ҳам кўра кўпроқ ҳайратга соладиган нарса борми?! Охирги марта қачон хотинингизга идишларни ювишда ёрдам бергансиз ёки уйдаги бошқа юмушларни бажаргансиз? Болангизга ёрдам бериш учун қачон охирги марта унинг тўшагини йиққансиз? Қачон хонасини йиғиштиришга ёрдам бергансиз? Худонинг Каломини ўқиган одамлар ўзларини хизматчи деб атагиси келади, аммо амалда ҳеч ким хизматкордай хизмат қилишни хоҳламайди. Раббим хизматингизни Ўзи баракаласин. Омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top