3:32

Шогирдингиз сизга ўхшайди

MP3

Салом азизлар. Бошқаларга хизмат қилиш одамларни шогирдликка чорлашнинг ягона йўлидир. Ўз хоҳиши билан бировга хизмат қилаётган одамни кўришдан ҳам кўра кўпроқ ҳайратга соладиган нарса борми?! Охирги марта қачон хотинингизга идишларни ювишда ёрдам бергансиз ёки уйдаги бошқа юмушларни бажаргансиз? Болангизга ёрдам бериш учун қачон охирги марта унинг тўшагини йиққансиз? Қачон хонасини йиғиштиришга ёрдам бергансиз? Худонинг Каломини ўқиган одамлар ўзларини хизматчи деб атагиси келади, аммо амалда ҳеч ким хизматкордай хизмат қилишни хоҳламайди, шунингдек, бошқалар ҳам унга нисбатан хизматкордай муносабатда бўлишини истамайди. Бу иллатимиз худбинлигимизга асосланган ва биз ундан холи бўлишимиз керак.

Муқаддас Китобдаги қўзимизни очадиган ҳақиқат шудир. Ҳаммамиз ҳам Павлусга ўхшаб: “Мендан ўрнак олинглар!” деб айта олмаймиз, биз дин қобиғига бурканиб олиб, ўзимизга ва шогирдларимизга шундай деймиз: “Павлус айтган бу сўзларни мен айта олмайман, сизлар мендан эмас, Масиҳдан ўрнак олинглар”. Аслида эса биз хоҳлаймизми, йўқми шогирдларимиз биздан ўрнак олишади. Сиз биродарингизга имонда ўсишга ёрдам берганингизда у табиий тарзда, худди, фарзанд ота–онасига тақлид қилгандай сизга тақлид қилади. У айтган гапларингизга қараб эмас, сизга қараб ўзгаради. У сизга ўхшаган инсон бўлиб етишади. Шогирд устозидай бўлишига ўзим қайта–қайта гувоҳ бўлганман. Чўпон ҳар сафар Хушхабар айтиш хақида воизлик қилиши мумкин, аммо ўзи намуна кўрсатиб, Хушхабар айтмаса, бошқалар ҳам Хушхабар айтишмайди. Ҳар бир одам ўзига ўхшаган инсонни тарбиялаши ҳақидаги мисоллар Муқаддас Китобда жуда кўп келтирилган. Мисол учун, Иброҳим ўзининг жонини асраб қолиш учун Сорани синглим, деб айтган (Ибтидо 20:2). Унинг ўғли Исҳоқ ҳам ҳудди шундай йўл тутган (Ибтидо 26:7). Муқаддас Китобда олий руҳоний Элах фарзандларига ёмон тарбия бергани ҳақида ёзилган (1Шоҳлар 2:12–17). Элахнинг шогирди пайғамбар Шомуил ҳам устози сингари фарзандларига беэътибор бўлиб, яхши тарбия беролмаган (1Шоҳлар 8:1–5).

Шогирдингиз қандай инсон бўлишини хоҳласангиз, ўзингиз ҳам худди шундай инсон бўлишингиз даркор. Шогирдингиз ҳам ўзингизга ўхшаган бўлади, бунга ишончингиз комил бўлсин. Шогирдингиз ижобий фазилатларга эга бўлиши учун, аввал ўзингиз ўша фазилатларга эга бўлишингиз керак. Агар ўзингизда керакли фазилатлар йўқ эканлигини сезсангиз, ўзингиз устингизда ишлашни бошланг. Шогирд орттириш Хушхабар айтишдан бошланади. Агар биз фақат имонлилар орасида шогирдларни ўстирсак, Худонинг Шоҳлиги учун янги одамларни олиб келмаган бўламиз. Биз Хушхабарни самарали тарзда, яъни, имонсиз одамлар орасида ёйишимиз керак. Тимўтий сингари шогирдларимизни имонсизлар орасидан топишимиз лозим. Шогирд орттиришнинг биринчи қадами Хушхабар айтиш бўлса, иккинчи қадами — шогирдни етук инсон қилиб ўстириш. Жанг қилиб, одамни шайтоннинг чангалидан қутқариш бу бир нарса, кейин ўша одамга вақт ажратиб, уни имонда ўстириш ва Исонинг суратига қараб туриб ўзгаришига ёрдам бериш — бу бутунлай бошқа нарса. Раббим хизматингизни Ўзи баракаласин. Омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top